Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Бундай дориломон кунларнинг қадрига етиш керак”
21:56 / 2024-05-08

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Шўрчи туманида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Раҳмонберди бобо Мирзараҳимов ва Қумқўрғон туманида яшайдиган Ҳайит бобо Мусаевлар хонадонида бўлди.

Вилоят прокурори, Миллий гвардия вилоят бошқармаси, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиқлари, нуронийлар, ёшлар иштирок этган учрашувда вилоят раҳбари отахонларга Президентимизнинг байрам табригини ўқиб берди. 20 миллион сўмдан пул мукофоти ва қимматбаҳо совғаларни топширди.

Шўрчи туманининг Оқтумшуқ маҳалласида яшайдиган Раҳмонберди бобо Мирзараҳимов бу йил 98 баҳорни қарши олди. Иккинчи жаҳон урушига отланганида 18 ёшда эди. Ўқчи полкда хизмат қилган отахон Беларусь, Латвия, Литва каби давлатлар тупроғини ғанимдан ҳимоя қилишда иштирок этди. Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабани Берлин остонасида қарши олди.

–Тақдир билагим энди кучга тўлаётганда мени кўп синовларга дуч қилди, – дейди Раҳмонберди бобо. – Ҳали оқ-қоранинг фарқига тўлиқ етмасамда, урушга олиб кетишди. Жанг майдонларида кўплаб яқинларимдан, дўстларимдан айрилдим. Ўша мудҳиш йилларда мен каби миллионлаб ёш йигитлар фронт азобини чекди. Ҳозир ҳам урушни эсласам, даҳшатли жанг майдонлари кўз олдимда гавдаланади. Бугун тинч, тўкин замонда яшаяпмиз. Бундай ҳаёт инсонни яшртирар экан. Президентимизнинг табриклари бизга куч-қувват бермоқда. Бундай дориломон кунларнинг қадрига етиш керак.

Урушдан сўнг кўп йиллар механизатор бўлиб ишлаган отахон эндиликда осуда, фаровон турмуш кечирмоқда. Икки фарзанднинг отаси. 8 невара ва 14 чеваранинг суюкли бобоси. Кўксини орден-медаллар шодаси безаб турибди.

Қумқўрғон туманидаги Мунчоқтепа маҳалласида умргузоранлик қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ҳайит бобо Мусаев ҳам Ватан осойишталиги учун кечган жангларда жасорат кўрсатди. Урушдан кейин ҳам самарали меҳнат қилиб, юрт тараққиётига ўз ҳиссасини қўшди. Айни пайтда 101 ёшни қаршилаган отахон айниқса, кейинги йилларда кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар учун давлатимизга чуқур миннатдорлик билдириб, юртимизга тинчлик, оилаларга файзу-барака тилади. Мамлакатимизда юз бераётган беқиёс ўзгариш ва янгиланишларнинг бардавом бўлишини сўраб, дуога қўл очди. 

Сурхондарё вилоят давлат хавфсизлик хизмати бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиқлари, тумандаги секторлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари Бойсун туманидаги Темирдарвоза маҳалласида яшайдиган 103 ёшдаги Шохимардон бобо Ҳамроев хонадонида бўлди. Пирубадавлат отахонга Президентимизнинг байрам табриги етказилиб, 20 миллион сўм пул мукофоти, қимматбаҳо совғалар топширилди.

Шоҳимардон бобо Ҳамроев ҳаётининг энг кучга тўлган йилларини Иккинчи жаҳон урушининг оловли жангоҳларида ўтказди. Латвия, Литва, Эстония каби давлатларни душмандан озод қилишда қатнашди. Урушдан сўнг таълим муассасасида ўқиди. 40 йил ёш авлодга сабоқ берди. "Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси" нишони билан тақдирланди. 11 фарзандли бўлди. Ҳозир 48 невара, 70 чевара ва 7 эвара даврасида осойишта, тўкин ҳаёт кечирмоқда. 

Маълумотларга кўра, Иккинчи жаҳон урушида 53 минг 365 нафар сурхондарёлик иштирок этган. Уларнинг 11 мингдан ортиғи жанг майдонларида мардларча ҳалок бўлган. Айни пайтда вилоятда уч нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси яшамоқда. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири