Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бундан буён қурувчи ташкилотга ҳар қандай қурилишда дарахт экиш мажбурияти юкланади
12:11 / 2022-10-21

Бугунги қурилишларда одамларнинг хоҳиш-истаги, талаб ва таклифи бирламчи масала.

Айниқса яшил ҳудудларни кўпайтириш, қурилишларни режали ташкил этиш зарурлигини иқлим ўзгаришлар ҳам бот-бот ёдга солмоқда. Шу ўринда шаҳарсозлик норма ва қоидаларида турар-жой зоналарининг кўкаламзорлаштирилган майдони 25 фоиздан кам бўлмаслиги қатъий белгилаб қўйилган. Бу албатта ижтимоий соҳа объектларини ҳисобга олмаган ҳолатдаги кўрсаткич.  

– Ушбу меъёрлар ишлаб чиқариш ҳудудларида ҳам қайд қилинган. Бунда кўкаламзорлаштирилган ҳудудлар бино ва иншоотлар участка майдонининг 50 фоиздан ортиқ бўлмаган ерини эгаллаши керак, — дейди Қурилиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов. — Йўллар ва йўлакларда эса бу кўрсаткич 15 фоиздан 25 фоизгачани ташкил қилиши лозим. Саноат зоналарида ҳам энг кам кўкаламзорлаштирилган майдонлар ушбу ҳудудда пайдо бўлувчи чиқиндилар турини ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Аммо давлат қурилиш назорати бўйича ўрганиш ва таҳлиллар давомида бу нормаларга амал қилмаслик ҳолатлари учрамоқда. Эндиликда биноларга ижтимоий талаблар белгилаш, хусусан, шаҳар ичида кўп қаватли иншоот қурилгудек бўлса, унинг турига қараб, мактаб, боғча, маиший хизмат, автотураргоҳ ўрни, кўкаламзорлаштириш майдони каби меъёрлар қўйилиши қатъий белгилаб қўйилмоқда.  

Шаҳар атрофида 130 км.лик яшил камар лойиҳаси амалга оширилади. Яшил йўл ёқаларида парк, кафе, ресторан, маданий объектлар бўлиши кўзда тутилади. Шаҳар ичидаги сув бўйлари ва йўл ёқалари яшил ҳудудга айлантирилади. Тошкентдаги яшил коридорларда олий таълим муассасаларини, ижтимоий маданий объектлар, спорт иншоотларини жойлаштириш кўзда тутилган.  

Янги қурилишларда ижтимоий фойдаланиш учун ҳудудлар ажратилади ва бунда яшилликка катта эътибор қаратилади. Бундан буён ҳар қандай қурилишда қурувчи ташкилотга дарахт экиш мажбурияти юкланади. Бунинг учун алоҳида жадвал ҳам ишлаб чиқилган.  

Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, яшил ҳудудлар бор жойда ҳаво ҳарорати нисбатан мўътадил бўлади. Чанг босилади, шовқин нисбатан тўсилади. Шунга кўра яшилликнинг жойлашуви, кенглиги ҳам турларга ажратилади. Шаҳар ичидаги яшил коридорлар фақат дарахтзор эмас, балки аҳоли фойдаланадиган ҳудуд ҳамдир.  

Шаҳар атрофидаги яшил камар эса қишлоқ хўжалиги ерларидан ҳам иборат бўлади. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 7 минг гектар яшил майдон қолган. Шу боис Бош режа лойиҳасида бунга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, яшил ҳудудларни 25 минг гектарга етказиш мақсад қилинган.  

Шаҳноза Маматуропова,  

ЎзА