Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бундан буён экологик аудитор малака сертификатини олиш учун имтиҳон топширади
18:25 / 2023-10-16

Вазирлар Маҳкамасининг “Экологик аудит соҳасини тартибга солувчи айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ эндиликда экологик аудиторлар ва экологик аудиторлик ташкилотларининг реестрлари юритилади.

Экологик аудиторлик хизмати соҳасини малакали мутахассислар билан таъминлаш мақсадида қабул қилинган мазкур қарор ва Ўзбекистон Республикасининг “Экологик аудит тўғрисида”ги қонунига мувофиқ экологик аудиторнинг малака сертификатини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланган.

Унга кўра, бундан буён Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги экологик аудиторнинг малака сертификатини бериш учун малака имтиҳонини ташкил этишга, сертификатни бериш, экологик аудиторлар ва экологик аудиторлик ташкилотларининг реестрларини юритишга масъул ваколатли орган ҳисобланади. 
Малака сертификатини бериш бўйича хизматлар маъмурий регламентга кўра, давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали кўрсатилади.

Бунинг учун талабгор экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасига оид (биолог, геолог, гидролог муҳандис, ер геодезия ва картографияси муҳандиси, шунингдек, сув, атмосфера, ер ва ер ости бойликлари муҳофазаси мутахассисликлари) олий маълумотли; соҳада ёки турдош соҳаларда кетма-кет камида 3 йиллик иш тажрибасига эга бўлиши керак.

Ваколатли орган мурожаат келиб тушган кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида талабгорга малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Малака имтиҳони тест кўринишида компьютер воситаси орқали олинади. Малака имтиҳонининг тест саволлари имтиҳон комиссияси томонидан тасдиқланади. Малака имтиҳонининг тест саволларига киритилган соҳалар бўйича мавзулар Экология вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

Тест саволлари ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, сув ва ер ресурслари муҳофазаси соҳасидаги ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасига тегишли техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар бўйича жами 50 та назарий саволлардан иборат бўлади.

Ҳар битта тўғри жавоб учун бир балл берилади. Малака имтиҳони натижаларини ижобий деб эътироф этиш учун асос бўладиган тўпланган баллар йиғиндиси 40 баллдан кам бўлмаслиги керак.

Малака имтиҳони камида 3 нафар талабгордан иборат гуруҳнинг шаклланишига кўра, бироқ ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади.

Имтиҳон тест кўринишида олинади (жами 50 та назарий савол). Имтиҳондан муваффақиятли ўтган шахсга экологик аудитор малака сертификати берилиб, сертификат 5 йил муддатга амал қилади.

Талабгорнинг мурожаатини кўриб чиқиш бўйича давлат хизмати кўрсатилганлиги учун БҲМнинг бир баравари (330 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади.

Регламентга кўра, экологик аудиторлар ҳар икки йилда бир марта малака ошириш курсларидан ўтишлари шарт.

Малака сертификати ҳисобга олиш серияси ва рақамига эга бўлади ҳамда беш йил муддатга амал қилади.

Мурод Нурматов,

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош мутахассиси

ЎзА