Юртимизда жаҳон аҳамиятига молик сайёҳлик объектлари кўп. Шу боис Ўзбекистонда туризм иқтисодиётнинг драйвери сифатида ривожлантириляпти.
2023 йил январь-май ойларида мамлакатга икки миллион олти юз нафар сайёҳ ташриф буюрган ва 833,5 миллион АҚШ доллари миқдорида туристик хизматлар экспорти амалга оширилган. Бу кўрсаткич 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробарга ошган.
Жорий йилнинг 5 ойида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури доирасида 8 миллион нафар маҳаллий сайёҳнинг ташрифи амалга оширилди.
Хорижий сайёҳлар оқимини ошириш ва мамлакат туризми салоҳияти билан таништириш учун жорий йилнинг 11-17 май кунлари Германия туристик ассоциацияси (Deutscher Reiseverband, DRV) 80 нафардан иборат делегацияси ташрифи ҳудудлар бўйлаб ташкил қилинди. 16 майда Тошкент шаҳрида Туризм форуми (Destination forum), В2В учрашувлар ўтказилди.
Туризм тарғиботини хорижда ташкил қилиш йўналишида Буюк Британиянинг BBC, АҚШнинг CNN, Европанинг “Euronews” телекомпаниялари, АҚШнинг йирик Netflix ва “Amadeus” онлайн-стриминг платформалари, Хитойнинг “Trip.com” онлайн-саёҳат платформаси, Бирлашган Араб Амирликларининг “Holiday factory” сайёҳлик компанияси, “Visa Fasilitation Services Global” компанияси маъмурияти билан туризм салоҳиятини тарғиб қилиш юзасидан келишувга эришилди.
Жорий йилда мамлакатга 10 миллион нафар хорижий сайёҳ жалб қилиниб, 20 миллион нафар маҳаллий аҳолининг саёҳатлари ташкил этилади. Натижада 2 миллиард доллар миқдорида туризм хизматлари экспорти амалга оширилади.
Хабар берганимиздек, “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида Ўзбекистон Республикаси маданият ва туризм вазирлиги ва Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ҳамкорлигида “Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси” мавзусида халқаро анжуман ташкил этилди.
Тадбир самараси ва таассуротлари хусусида Бутунжаҳон туризм форуми институти президенти Булут БАХЧИ(Туркия) ўз фикрларини билдирди:
– Қадимий Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган Ўзбекистонни дунё аҳли эртакнамо, сирли мамлакат сифатида билади. Бу ерда нафақат савдо-сотиқ қилинган, балки турли маданиятлар, урф-одатлар, анъаналар қўшилиб, бир-бирини бойитган. Буларнинг барчаси ҳозирги Ўзбекистонда турли қадриятлар ва фалсафаларнинг ноёб синтези шаклланишига олиб келган. Бугун мамлакатда турли миллатлар, динлар ва конфессиялар вакиллари тинч-тотув турмуш кечирмоқда ва дунёга тобора кенг очилмоқда. Мамлакат фуқароларига виза олиш тизими осонлаштирилди. Кўплаб мамлакатлар аҳолиси учун Ўзбекистонда бўлишда визасиз тизим жорий қилинди. Сайёҳлик инфратузилмаси изчил такомиллаштириляпти. Бу эса юртингизга, хусусан, қадимий Самарқанд, Бухоро, Хива каби мўъжизавий шаҳарларингизга сайёҳлик маршрутларининг янада кўпайишига туртки бўлмоқда. Мамлакатингизнинг тарихий ёдгорликлари, музейларингизда сақлаб келинаётган бебаҳо экспонатлар, осори-атиқалар Ўзбекистон жаҳон цивилизацияси ўчоқларидан бири бўлганлигини намоён этади. Мамлакатингиз раҳбариятининг аждодлар бой меросини, жумладан, ноёб амалий санъат намуналарини, қадимий қўлёзмалар ва асарларни ўрганиш, тадқиқ этиш, авайлаб-асраш ҳамда тарғиб қилишга қаратаётган улкан эътибори таҳсинга сазовор. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолият юритаётгани сўзимиз исботидир. Биз бу борада ҳам Ўзбекистондан ибрат олсак арзийди.
Дарҳақиқат, бугун бутун жаҳон аҳли бу ноёб ва бетакрор обидаларни келиб кўриш, зиёрат қилиш шарафига муяссар бўлаётгани таҳсинга лойиқдир.
Бу йил якунига қадар зиёрат туризми йўналишида Туркия, Индонезия, Малайзия, Покистон, Бангладеш, Япония, Исроил, Ҳиндистон ҳамда МДҲ давлатларидан 1,2 миллион нафар зиёратчилар жалб қилинади.
170 та меҳмонхона, 72 та хостел, 48 та бошқа тоифадаги жойлаштириш воситалари, жами 290 та жойлаштириш воситалари ташкил этилади, соҳада 50 минг та иш ўрни яратилади, 492 та янги оилавий меҳмон уйлари ташкил этилади.
Тадбирда шулар ҳақида маълумотлар берилди ва хорижлик мутахассислар қатор долзарб мавзуларда ўз маърузаларини тақдим қилишди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА