Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Булунғурда кузги мавсумда 414 минг туп кўчат экилади
17:06 / 2024-11-23

Бугун “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мамлакатимиз бўйлаб кенг миқёсда кўчат экиш тадбирлари бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳар Бектемир туманида, Тошкент ҳалқа йўли бўйида янги барпо этилаётган боғда кўчат экди.

Мазкур тадбирнинг Самарқанд вилоятидаги маркази Булунғур тумани бўлиб, Олмазор маҳалласида барпо қилинаётган “Янги Ўзбекистон” массивидаги 2 гектар майдонга 1700 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.  

Кўчат экиш тадбирида вилоят ҳамда туман, шаҳарлар секторлар раҳбарлари, ҳокимликлар масъуллари, бошқарма ва идоралар, корхона ва ташкилотлар бошлиқлари, нуронийлар ва ёшлар иштирок этди.

– “Яшил макон” умуммилий лойиҳаси мамлакатимизда кейинги йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиат мусаффолигини асраш борасидаги ислоҳотлар натижаси, – дейди Булунғур тумани ҳокими Самандар Астонов. – Шунинг учун бугунги кўчат экиш, янги боғ яратиш тадбири “Янги Ўзбекистон” массивида ташкил этилди. Беш-олти йил олдин бу ерлар очиқ майдон, ҳеч қандай инфратузилма мавжуд бўлмаган жой эди. Самарқанд-Тошкент катта йўли ёқасидаги Ғўбдин массиви деб номланадиган ҳудудда эндиликда қарийб 24 гектар майдонда кўркам шаҳарча пайдо бўлди. Массивда 1204 хонадондан иборат 56 та кўп қаватли уй, иккита мактаб, учта давлат мактабгача таълим ташкилоти, маҳалла биноси, оилавий поликлиника, маданият уйи, кутубхона, масжид, спорт майдончалари, савдо марказлари ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилмоқда. Айни пайтда уйларнинг аксариятида қурилиш ишлари якунига етиб, аҳоли кўчиб кирган. Янги массивга янги боғлар ярашади. Шу пайтгача 2,5 гектар майдонда “яшил боғлар” ташкил этилган эди, бугун боғлар яна ҳам кенгайди.

Маълумотларга кўра, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йил баҳорида туманда ҳудуд иқлимига мос 963 минг тупдан ортиқ манзарали ва мевали дарахт ва бута кўчатлари экилган. Жумладан, 3 гектар майдонда “Ҳокимлик боғи” ва яшил боғлар ташкил этилди, 3,6 километрдан зиёд суғориш тармоқлари тортилди, 4 та суғориш қудуғи қазилди.  

Кузги мавсумда 414 минг дона дарахт кўчати экиш режалаштирилиб, ҳозир туманнинг барча ҳудудларида бу юмуш қизғин бормоқда.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари