Шу йилнинг 19 сентябрида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида” ги қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки баробаригача оширилди.
– Шу пайтгача пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун ўртача иш ҳақи пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг ўн баробаридан ортиқ бўлмаган миқдорда ҳисобга олиниб пенсия тайинлаб келинган эди, – дейди Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Булунғур тумани бўлими бошлиғи Ж.Абрақулов. – Яъни пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори 324 минг сўм ҳисобидан унинг 10 баробари 3 миллион 240 минг сўмни ташкил қилган ва пенсия шу ҳисобдан тайинланган бўлса, эндиликда ушбу чегара 3 миллион 888 минг сўмни ташкил қилади. Булунғур туман Пенсия жамғармаси ҳисобида бугунги кунда 20517 нафар пенсия, нафақа олувчилар мавжуд. 2023 йил 1 январдан 611 нафар фуқаронинг пенсия миқдори қайта ҳисоб-китоб қилинди ва уларга оширилган пенсиялари январь ойида тўлаб берилади. Вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларида ҳам қонунчиликдаги ўзгартиришга кўра, пенсиялар қайта ҳисоб-китоб қилиниб, 2023 йил январдан янги миқдорда тўлаш бўйича қайдномалар тайёрланмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА