Булунғурда эҳтиёждан ўн баробар кўп картошка етиштирилади
Ҳудуд иқлимининг бироз салқинлиги, тупроғининг унумдорлиги ва суғориладиган майдонлари кўплиги боғдорчилик, сабзавот экинлари етиштириш учун жуда қулай. Айниқса, бу ерда картошкадан мўл ҳосил олиш имкониятлари жуда катта.
Самарқанд вилоятининг Булунғур тумани мева-сабзавотчиликка ихтисослашган. Ҳудуд иқлимининг бироз салқинлиги, тупроғининг унумдорлиги ва суғориладиган майдонлари кўплиги боғдорчилик, сабзавот экинлари етиштириш учун жуда қулай. Айниқса, бу ерда картошкадан мўл ҳосил олиш имкониятлари жуда катта.
Туман қишлоқ хўжалик бўлими маълумотларига кўра, бу йил Булунғурда 51 минг 556 тонна картошка етиштирилди. Туман аҳолисининг ушбу маҳсулотга бўлган талаби эса қарийб 5 минг тоннани ташкил этади. Ўз-ўзидан аёнки, маҳсулотнинг асосий қисми республикамизнинг турли ҳудудларига етказиб берилади. Айни чоғда ҳам Қашқадарё, Хоразм, Бухоро, Жиззах ва бошқа вилоятлардан буюртмачиларга бу йилги ҳосил жўнатилмоқда.
Ана шундай имкониятлар туфайли давлатимиз раҳбарининг жорий йил 6 майдаги “Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида туманда “Зарафшон Грен агро” картошкачилик кластери ташкил этилди. Корхонага 61 фермер хўжалиги бириктирилиб, бу йил 460 гектар майдонда картошка парваришланди.
Бундан ташқари, туманда мавжуд 15 та агрофирма ҳудудидаги 2201 гектар майдонда такрорий экин сифатида картошка экилди ва 39 минг 458 тонна ҳосил олиш кўзда тутилган.
– Ҳудудимизда 183 гектар майдонда картошка етиштирдик, – дейди “Абдусалом Махсумов” агрофирмаси раҳбари Акмал Алибоев. – 3300 тоннага яқин ҳосил кутилмоқда. Белгиланган режа бўйича қиш-баҳор мавсуми учун 210 тонна захира яратишимиз керак. Айни пайтгача 40 тонна захира жамғардик. Яқинда Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Табиат саховати” қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркасида агрофирмамиз ҳисобидан 10 тонна картошка чиқариб, арзон нархда сотдик. Туманимиз картошкачиликка ихтисослаштирилаётганлиги боис, кейинги йилдан экин майдонларимиз 200 гектарга етказилади. Соҳадаги уруғчилик билан боғлиқ муаммолар ҳам барҳам берилиб, маҳсулот етиштириш таннархи пасайса, бозорларимизда ҳам нарх-наво барқарорлашади.
Ҳудуддаги фермерлар соҳадаги уруғчилик билан боғлиқ муаммолар бартараф этилса, картошка етиштиришда туманнинг кўрсаткичлари янада яхшиланишини таъкидлашди.
– Ота-боболаримиз шу ерда картошка етиштириб мўл ҳосил олиб келишган, демак тупроғимиз картошкачилик мослашган, – дейди “Абдураҳмон доктор” фермер хўжалиги раҳбари Абдурасул Ёқубов. – Хўжалигимиз ҳисобида 30 гектар ер майдони мавжуд. Ғалла ва сабзавотчилик ихтисослашган хўжалигимизда 4 гектар майдонда картошка етиштириб, 150 тонна ҳосил олдик. Айни пайтда 2,5 гектар майдонда Нидерландиядан келтирилган “Аризона” навини етиштираяпмиз. Бу келгуси йил баҳорги мавсум учун уруғлик картошка бўлади. Уруғ масаласи соҳадаги муаммолардан бири. Шу боис, серҳосил уруғдан келгуси йил учун уруғлик ҳозирлаяпмиз. 2021 йил 6 гектар майдонда баҳорги картошка етиштиришни режалаштирганмиз.
Соҳа вакилларининг айтишича, ҳудуд аҳолиси икки йил сифатсиз уруғ қадаб, ҳосилсиз қолган экан. Шу боис, ҳудудда уруғчилик билан шуғулланувчи ташкилот ташкил этиш таклифини билдиришмоқда. Жорий мавсумда “Шамсиддин Жалилов даласи” фермер хўжалиги раҳбари Шуҳрат Жалилов Нидерландиядан ҳамкорлар топиб 340 тонна уруғлик картошка олиб келиб, ҳудуддаги фермер хўжаликларига етказиб берган.
– Хориждан уруғ олиб келишни ўзига хос талаблари бор экан, - дейди Шуҳарт Жалилов. – Афсуски, уруғлик олиб келиш бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришда ҳеч бир ташкилот бу борада мени огоҳлантирмади. Шу боис, баъзи муаммолар пайдо бўлди. Айни пайтда ушбу муаммоларни ечиш бўйича тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз.
Нима бўлганда ҳам олиб келинган барча навларимиз сифат талабларига жавоб бермоқда. Яқин кунларда ҳосил йиғиштирилиб тегишли хулосалар берилади. Тажрибамдан келиб чиқиб, уруғни хориждан олиб келиш эмас, балки хорижлик мутахассислар билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, ўзимизда уруғчиликни йўлга қўйиш афзаллигига амин бўлдим. Бу йил олиб келинган картошка уруғларининг таннархи 11 минг сўмга тушди, шундан йўл харажати 8 минг сўмни ташкил қилди. Агар ўзимизда уруғ етиштиришни йўлга қўйсак уруғлик картошканинг килограмми 6-7 минг сўмдан тушар экан. Шубоис, хориждаги ҳамкорларим билан хўжалигимизда уруғчиликни йўлга қўймоқчиман. Насиб этса, келгусида хўжалигимиз негизида уруғчилик кластерини ташкил этиб, лаборатория ва бошқа зарур биноларни қуриб, картошканинг серҳосил элита навларини ҳам ўзимизда етиштирамиз.
Булунғурда картошкачиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ғалладан қисқарадиган майдонлар ҳисобига 2021 йилда картошка етиштириладиган майдонлар бир мунча кенгаяди. Туман бўйича келгуси йилда 1850 гектар майдонда картошка етиштирилиши режалаштирилган.