Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги Қумариқ маҳалласи ҳудудида “Ёшлар кичик саноат ҳудуди” ташкил этилмоқда.
Мазкур ҳудудда туман ҳокими Ў.Мамуров, сектор ва масъул ташкилотлар раҳбарлари иштирокида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги, аниқ режалари бўлган ёшлар билан учрашди.
Ташкил этилаётган Ёшлар кичик саноат ҳудудининг умумий ер майдони 4 гектарни ташкил этади, 6 та саноат йўналиши (енгил саноат, озиқ овқат, электр жиҳозлар, хўжалик, мебель, ёғоч ҳамда қурилиш махсулотлари ишлаб чиқариш) бўйича 59 та лотга бўлинган. Ҳудудда самарали фаолият юритиш учун зарур инфратузилма шакллантирилмоқда.
Учрашув давомида 17 нафар ёш тадбиркорнинг таклифий лойиҳалари кўриб чиқилди. Туман ҳокимлиги инвестиция бўлими мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилиб, асосли деб топилган лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан таклифлар билдирилди. Шу куннинг ўзида 10 нафар ёш тадбиркорга белгиланган тартибда ер майдони ажратиб берилди.
[gallery-1617]
– Трикотаж-тўқув маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича тақдим этган лойиҳам маъқулланди, – дейди ёш тадбиркор, “АндТех” масъулияти чекланган жамият раҳбари Сардорбек Абдурасулов. – Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 2 миллиард 313 миллион сўм бўлиб, йилига 250 минг дона маҳсулот ишлаб чиқарилади. Корхонамизнинг мустақиллик байрами арафасида ишга туширишни режалаштирганмиз. Корхона ишга тушиши билан 55 та янги иш ўрни яратилади.
Умуман, Булоқбоши туманидаги ёшлар кичик саноат ҳудуди юзлаб янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА