Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги арафасида Андижон вилоятининг туман ва шаҳарларида “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” шиори остида байрам, маданий, маърифий ҳамда хайрия тадбирлари ўтказилмоқда.
Булоқбоши тумани ҳокимлиги ва ташаббускор ҳомийлар кўмагида тумандаги эҳтиёжманд, ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг 12 нафар фарзандига ўтказилган суннат тўйи ҳам ана шундай тадбирлардан бири бўлди.
Байрам туҳфаси сифатида ўтказилган тўй тантанаси очилишида сўз олганлар томонидан мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
– Юртимизда миллий қадриятларимизни улуғлаш, муҳтожларга меҳр-саховат кўрсатиш, эҳтиёжмандларга кўмак беришдек эзгу ва хайрли ишлар ўтказилиши анъанага айланган, – дейди Булоқбоши тумани ҳокими Ўткирбек Маъмуров. – Ишонч билан айта оламанки, нафақат туманимизда, балки кундан кунга юксалиб бораётган Ўзбекистонимизда бу каби ишлар кўлами янада кенгаяди.
[gallery-8601]
Тўй тантанасида тўй болаларнинг ота-оналари, қариндош-уруғлари, маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Болажонларнинг суннат тўйлари тўкин дастурхон, ўзига хос, миллий анъаналаримиз асосида ўтказилганлиги тўй болалар, уларнинг ота-оналари қалбига қувонч ҳадя этди, табрик ва қутловлардан барча беҳад мамнун бўлди.
Тўй болаларнинг ҳар бирига велосипед, турли ўйинчоқлар, ширинликлар ҳамда сарполар совға қилинди.
– Имкониятимиз йўқлигидан фарзандим Фаррухбекка тўй қилолмаётган эдик, – дейди Булоқбоши тумани Раиш маҳалласи Қўшчинор кўчасида яшовчи Нилуфар Турғунбоева. – Маҳалла раиси, туманимиз ҳокими, хомийларга, мана шундай хайрли ишларнинг ташаббускори бўлган Президентимизга раҳмат. Фарзандим қатори яна ўн бир нафар боланинг тўйи бекаму кўст ўтказилди. Бунга беадад шукрлар қиламан, эътибор ва ғамхўрликдан беҳад мамнунман.
Суннат тўйида туман маданият бўлими санъаткорларининг чиқишлари барчага хуш ва байрамона кайфият улашди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА