Халқ депутатлари Андижон вилояти Булоқбоши туман кенгашининг сессияси бўлиб ўтди.
Сектор раҳбарлари, туман кенгаши депутатлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган сессияда туман ҳокими Ўткирбек Маъмуров «2021 йилда Булоқбоши туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда 2022 йилга мўлжалланган устувор вазифалар юзасидан» аҳолига мурожаат қилди.
Мурожаатда жорий йилнинг ўтган даврида туманда амалга оширилган ишлар хусусида атрофлича маълумотлар берилди. Жумладан, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш комплекс дастури доирасида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида умумий қиймати 262,6 миллиард сўм бўлган 54 та лойиҳа амалга оширилганлиги, шу билан бирга, 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестиция тўғридан-тўғри ўзлаштирилиши ҳисобига 1 минг 830 та янги иш ўрни яратилганлиги қайд этилди.
Амалга оширилган лойиҳалар соҳалар бўйича таҳлил қилинганда, саноат соҳасида энг кўп, яъни умумий қиймати 140,5 миллиард сўмлик 26 та лойиҳа амалга оширилиб, 1 минг 444 та янги иш ўрни яратилди. Масалан, тумандаги Нурзамин маҳалласида «Хўжаобод Файз-М» МЧЖ томонидан тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона ишга туширилиб, 500 нафар ишсиз аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлди.
Январь-декабрь ойларида жами 10 та лойиҳа доирасида 7,1 миллион АҚШ доллари қийматидаги хорижий инвестиция ва кредитлар жалб этилди. Бу борада олиб борилган ишлар натижасида масалан, Қумариқ маҳалласида "Andijon WCC Cement" хорижий корхонаси томонидан умумий қиймати 2 триллион 725 миллиард сўмлик лойиҳа доирасида цемент ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида шу йилнинг ўтган даврида 4,4 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилди.
Жорий йилда юқорида қайд этилган лойиҳалар амалга оширилиши натижасида йилига 132,6 миллиард сўм миқдоридаги маҳсулот ишлаб чиқариш имконига эга янги қувватлар ишга туширилди. Бундан ташқари, 2022 йил учун 1 миллион АҚШ долларлик маҳсулот экспорти ва 16,1 миллиард сўмлик бюджетга соф тушумлар захираси яратилди. Шунингдек, қиймати 500 минг долларлик импорт ўрнини босувчи, 7 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Йил якуни бўйича туманнинг иқтисодий ўсишида юқори кўрсаткичлар қайд этилиши кутилмоқда. Жумладан, саноат маҳсулотлари 105 фоизга, қишлоқ хўжалиги 104,2 фоизга, қурилиш ишлари 110 фоизга, хизматлар 125 фоизга ўсиши кутилмоқда. Натижада туманда аҳоли жон бошига ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари 2 миллион 520 минг сўмни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлар 11 миллион 933 минг сўмни, амалга оширилган қурилиш ишлари 858 минг сўмни, жами хизматлар ҳажми 4 миллион 432 минг сўмни ташкил этади.
Туманнинг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш мақсадида 8 та иқтисодий жиҳатдан бақувват бўлган корхона экспортга жалб қилинди. Ушбу корхоналар томонидан 10 дан ортиқ турдаги саноат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини Россия, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Афғонистон каби давлатларга экспорт қилиш бўйича шартномалар тузилди. Жорий йилнинг ўтган даври давомида ана шу корхоналар томонидан 7 миллион 400 минг долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди.
Тумандаги банклар томонидан тадбиркорликни ривожлантириш учун 65 миллиард сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилди. Биргина «Ҳар бир оила тадбиркор» дастури доирасида 1 минг 374 оилага 38 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли кредитлар ажратилди. Ана шу оилаларда тадбиркорликни йўлга қўйилиши ҳисобига 1 минг 486 нафар фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлди. Бундан ташқари, ҳунармандчиликни ривожлантириш мақсадида 81 нафар ҳунармандга 2 миллиард 288 миллион сўм миқдорида кредит тақдим этилди. Натижада 84 та уста ҳунарманд ҳамда 369 нафар шогирд учун иш ўрни барпо этилди.
[gallery-5125]
Туманда олиб борилган юқоридаги каби ишлар натижасида жорий йилда аҳолининг реал умумий даромади 10 фоизга ошди.
Сессияда туманда 2022 йилда амалга ошириладиган ишлар хусусида ҳам атрофлича сўз юритилди. Хусусан, келгуси йил давомида туманда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида умумий қиймати 2 триллион 795 миллиард сўм миқдоридаги 20 та лойиҳа амалга оширилиши ва 2 минг 367 та янги иш ўрни яратилиши белгиланганлиги қайд этилди.
Сессияда кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА