Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БУЛЛИНГ ёхуд мактабдаги зўравонлик (+видео)
10:23 / 2023-11-04

Болалигимизни эсларканмиз, ҳар биримиз дўстлар ёки синфдошлар орасида ҳазиломуз бўлсада камситишлар "қурбони" ёки бевосита иштирокчисига айланганимизни хотирлаймиз. Аммо биз учун беозоргина бўлиб туюлган камситишлар, тўғридан-тўғри инсон тақдирига таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

Дунё бўйлаб 13–15 ёшдаги ўқувчиларнинг тахминан 50 фоизи мактабда ва унинг атрофида тенгдошларининг зўравонлигига дучор бўлганликларини айтишади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Россия давлатининг ўзида 11 ёшдаги 44% бола ва 15 ёшдаги 27% бола камситилиш объектига айланади. 42% ўқувчилар ўзлари буллинг билан шуғулланганини тан олса, улардан 20% и буни мунтазам бажарганини айтади. Бошланғич мактабда катта синф болалари кичик синф тарбияланувчиларини ҳақорат қилади, камситади. Баъзида турли нарсаларини олиб қўяди. 11-15 ёшли болалар орасида ғийбат, ҳазиломуз камситишлар, яккалаш кўп учрайди. Бу каби ҳужумларга учраган болалар ёлғизлик, иложсизлик, дард ҳиссини туяди. Лекин биз буллинг нима эканлигини биламизми? 

Ортиқча вазн, миллат, ташқи кўриниш, камчиликлар ва баъзи нуқсонлар – бу таъқиб ва таҳқирлашлар учун баҳонадир. Статистик маълумотларга кўра, ҳамма ҳам таҳқирлашларга чидай олмайди ва ўз жонига қасд қилиш ҳоллари кузатилади. Мутахассислар фикрига кўра, бошланғич нуқта ҳар доим оила ҳисобланади. Мактабда буллинг қурбонларининг асосий қисми уйда ота-оналар томонидан қаттиқ танқид қилинади. Ота-оналари таълим-тарбия масалаларида умумий фикрга келмаган ва бевосита қарама-қарши усуллардан фойдаланган болалар ҳам азият чекадилар. Мутахассислар яна бир, генетик қонуният топдилар. Кўпинча мактаб йилларида синфдошларига дўқ-пўписа қилган оталарнинг фарзандлари ҳам тенгдошларига нисбатан тажовузкорлик кўрсатади. 

Ким қурбонга айланади? 

Ҳар қандай ўқувчи, ўзини “ғалати тутадиган” ёки ноодатий кийинадиган, қаршилик кўрсатолмайдиган, кучли ҳаяжонланадиган болалар. Кўпинча буллинг қурбони синфдаги бошқа тенгдошларидан ажралиб турадиган бола бўлади. Гоҳида устозлар ҳам беихтиёр буллинг сабабчиси бўлиб қолади. Яъни маълум бир ўқувчисини ҳамманинг олдида камситиб, улар буллингчиларга шароит яратиб беради. 

Болангиз буллерми ёки буллер эмас? 

Худбинлик, ҳар жабҳада энг сарасини олиш ва бунинг учун хижолат тортмаслик каби хислатлар зўравонлик хусусиятини келтириб чиқариши мумкин. Баъзида буллер болаларнинг ота-онаси ҳам жуда худбин одамлар бўлиб чиқади. Олимларнинг айтишича, буллернинг 50% и оиласида камситилиш қурбони бўлиб яшайди. 

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/wGpKgehMakc" title="БУЛЛИНГ ёхуд мактабдаги зўравонлик" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Шу ўринда мактабдаги соғлом муҳитни сақлаш ўз-ўзидан мактаб психологи гарданига ҳам юклатилганлигини таъкидлаб ўтишимиз зарур.

Маълумки, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилувчи қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Таклиф этилаётган ҳужжатга кўра, лойиҳани қабул қилиниши болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига муросасиз муносабатда бўлиш ва зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилиши назарда тутилмоқда. 

Бизни кузатишда давом этинг, ушбу қонун лойиҳасига яна алоҳида қайтиб, лойиҳа масъуллар иштирокида батафсил ёритишни ният қилганмиз. Болалар зўравонлигига давлат миқёсида қонуний эътибор қаратилаётганининг ўзи жуда катта аҳамиятга эга. Зеро фарзандларимиз тақдири бу бизнинг эртамиз, келажагимиздир.

М.Турдалиева, И.Исматов ЎзА