Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Булдуруқ ҳодисаси қишлоқ хўжалигига қандай таъсир кўрсатади?
12:04 / 2026-01-14

Шу кунларда мамлакатимизнинг шимолий ҳудудлари ва водий вилоятларида булдуруқ ҳодисаси кузатилмоқда. Айни пайтдаги об-ҳаво ҳолатидан келиб чиқиб мутахассислар бу жараён яна бир неча кун давом этиши ҳақида огоҳлантирмоқда.

Хўш, булдуруқ ҳодисаси қишлоқ хўжалигига қандай таъсир кўрсатади?

– Қиш мавсумида айрим ҳудудларда тез-тез кузатиладиган булдуруқ табиатнинг ўзига хос ҳодисаларидан бири ҳисобланади, – дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази матбуот хизмати раҳбари Чарос Омонова.– У қор ҳам эмас, қиров ҳам эмас. Туманли, сокин ва совуқ кунларда ҳаводаги сув буғларининг тўғридан-тўғри кристалланиши натижасида дарахт шохлари, ўсимликлар, ер усти ва турли иншоотлар устига ёпишиб қоладиган муз қатлами қишлоқ хўжалиги учун ҳам фойдали, ҳам эҳтиёт чораларини талаб этадиган ҳолат ҳисобланади.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, булдуруқ ҳосил бўлган пайтда ҳаво ҳарорати кескин пасайиб, кўплаб зараркунандалар ва касаллик қўзғатувчилари учун ноқулай муҳит юзага келади. Натижада боғ ва далада қишлаб қолган ҳашаротлар, личинкалар ва микроорганизмлар табиий йўл билан йўқолади ёки сони кескин камаяди. Бу эса баҳор фаслида экинларда касалликлар тарқалиши хавфини пасайтиради.

Шунингдек, булдуруқ ўсимликлар устида муайян даражада намлик захирасини шакллантиради. У секин эрийди ва тупроқнинг юқори қатламини намлантиради, бу эса кузги ва қишки экинлар учун фойдали омил ҳисобланади. Айниқса, лалми ерларда булдуруқ қишки намлик захираси ҳисобланиб, келгуси ҳосилдорликка ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Боғдорчиликда эса булдуруқ дарахтларнинг табиий қишки уйқусини мустаҳкамлаб, вегетация жараёнининг барвақт бошланиб кетишини чеклайди.

Бироқ булдуруқнинг салбий жиҳатлари ҳам мавжуд. Узоқ давом этган кучли булдуруқ айрим нозик экинлар, айниқса, ёш кўчатлар ва иссиқхоналар атрофида салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Ўта паст ҳарорат билан бирга келган булдуруқ ўсимлик тўқималарида совуқ уриш ҳолатларини кучайтиради. Бу эса баҳорда ўсишнинг секинлашишига сабаб бўлади.

Чорвачиликда эса булдуруқ икки томонлама таъсирга эга. Бир томондан, кучли совуқ ҳаво паразитлар ва касаллик қўзғатувчиларини камайтиради. Иккинчи томондан эса яйлов ва озуқа қолдиқларининг булдуруқ билан қопланиши чорва молларининг озиқланишини қийинлаштириши мумкин. Айниқса, қўй-ечки ва йирик шохли қорамоллар учун очиқ майдонларда совуқ уриш хавфи ортади.

Шу боис, мутахассислар фермер ва чорвадорларга булдуруқ кузатиладиган кунларда чорва молларини иссиқ ва пана жойларда сақлаш, қўшимча озуқа захирасини таъминлаш, боғ ва дала экинларини эса ҳолатдан келиб чиққан ҳолда муҳофаза қилиш чораларини кўришни тавсия этади.

Хулоса қилиб айтганда, булдуруқ – табиатнинг қишлоқ хўжалигига берган ўзига хос синови ва айни пайтда табиий ёрдами. Унинг ижобий жиҳатларидан оқилона фойдаланиш, салбий таъсирларини эса ўз вақтидаги чора-тадбирлар орқали камайтириш ҳар бир фермер ва деҳқон учун муҳим аҳамият касб этади.

Гулноза Бобоева,

ЎзА