Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоролик қассоб гўшт нархини оширмасликка даъват этди
16:49 / 2020-03-19

Бухоро шаҳридаги марказий деҳқон бозорида барча озиқ-овқат маҳсулотлари етарли даражада захира қилинган.


Давлат раҳбари жорий йилнинг 18 март куни маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишининг бошида коронавирус муаммосига тўхталди. Йиғилишда озиқ-овқат ва бошқа кундалик истеъмол маҳсулотларининг нархи ошиб кетмаслиги учун барча чоралар кўрилаётганлиги ҳамда бу борадаги ишларни кучайтириш борасида масъул раҳбарларга топшириқлар берилди.

Мамлакатимизда етарли даражада захира мавжуд, хавотир ёки ваҳимага тушишга ҳеч қандай асос йўқлиги таъкидланди. Шу билан бирга, кўпга келган бу балога қарши ҳаммамиз биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз лозимлиги уқтирилди.

Юртимизда коронавирус қайд этилганидан сўнг одамлар бозор ва озиқ-овқат дўконларига бориб, навбатларда туриб, ваҳима билан озиқ-овқат ва бирламчи истеъмол маҳсулотларини харид қилмоқда.

Баъзи жойларда айнан ана шундай тадбиркорлар аҳоли талаби ошганидан фойдаланиб, озиқ-овқат ва бирламчи истеъмол маҳсулотлари нархларини ошириб сотишга уринмоқда.

Бухоро шаҳридаги марказий деҳқон бозорида барча озиқ-овқат маҳсулотлари етарли даражада захира қилинган. Бозор маъмурияти нархларнинг сунъий равишда ошириб юборилишини олдини олиш бўйича тегишли чораларни кўрмоқда. Шу боис нархлар умуман ўзгаргани йўқ. Бозорда савдо эса ҳеч қандай ваҳимасиз, одатдаги кўринишда давом этмоқда.

–Кеча давлат раҳбарининг мамлакатимизда коронавирус муаммосига бағишланган мурожаатини оммавий ахборот воситалари орқали кўрдим, – дейди қассоб Содиқ Муродов. – Айниқса, юртимизда мазкур вируснинг олдини олиш бўйича қилинаётган ишларни эшитиб, ваҳима ва саросимадан озгина бўлса ҳам енгил тортдим. Анча йиллардан буён марказий деҳқон бозорида гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан савдо қилиб келаяпман. Тўғриси, аҳолимиз саросимага тушиб, бозорлардаги маҳсулотларни харид қилишда шошма-шошарликка йўл қўйди. Натижада, айрим “савдогарлар“ ўзларининг маҳсулотларини қимматга сотишга ҳам ҳаракат қилди. Лекин бугун бозоримизда мол гўшти 47 минг сўмдан сотилмоқда. Шу ўринда барча қассобларни нархларни оширмасдан савдо қилишга даъват этаман.

– Бозоримизда тухумнинг нархи 600 сўм, – дейди парранда маҳсулотлари сотувчиси Шуҳрат Нарзиев. – Тўғри нархлар анча юқориланган эди. Президентимизнинг кечаги мурожаатларини эшитиб, ваҳимага ўрин йўқлигига амин бўлдим. Шу билан бирга барча сотувчиларни виждон амри билан савдо қилишга, нархларни оширмасликка чақираман.

– Вируснинг тарқалишини эшитган шаҳарликлар саросимага тушиб, нон ва нон маҳсулотларига бўлган талаб ҳам ортганига гувоҳ бўлдим, – дейди новвой Ҳалима Бўстонова. – Бу орада айрим “олибсотар”ларимиз биздан арзонга нонни олиб қимматга сотишга уринди. Бу эса халқни янада ваҳимага солди. Шу ўринда барчамиз маҳсулотларни ўз нархида сотишга ҳамда маҳсулот нархини оширмаслигимиз керак.

Шу ўринда, бозор-ўчар, савдо расталарида очиқчасига чўнтак қаппайтиришга киришиб, кетган айрим “тадбиркорлар”, “олибсотар” тижоратчиларимизга виждон амри билан иш олиб боришлари, халқнинг норозичилигига сабаб бўладиган нарх-навони кўтарилишига йўл қўймасликка чақирамиз. Шундагина оғир синовларни ва яхши-ёмон кунларни биргаликда енгамиз.