Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухородаги Вардонзе қўрғони ҳақида эшитганмисиз?
19:23 / 2020-06-30

Ўзбекистон маданий-маънавий мероси бойлиги, қадимий ва бетакрорлиги билан жаҳоннинг етакчи давлатлари қаторига киради.


Ўзбекистон маданий-маънавий мероси бойлиги, қадимий ва бетакрорлиги билан жаҳоннинг етакчи давлатлари қаторига киради. Айниқса, дунёни мафтун этган Бухоро шаҳри сайёҳлар учун ўзига хос мўъжиза ҳисобланса ажабмас.

Бу кўҳна ва навқирон шаҳар Ўзбекистоннинг жанубий-ғарбида, Зарафшон дарёси қуйи оқимида, Тошкентдан 616 километр масофада жойлашган.

Бухоро Шарқнинг машҳур қадимий шаҳарларидан бири. Археологик маълумотларга кўра, Бухорога милоддан аввалги 1 минг йиллик ўрталарида асос солинган. Ўрта аср араб манбаларида Бухоро Нумижкат, Навмичкат, Бумичкат (Янги қўрғон), Ал-Мадина ас-суфрийя (Мис шаҳар), Мадинат ат-тужжор (Савдогарлар шаҳри), Фохира (Фахрли шаҳар) каби номлар билан тилга олинган.

Бухоро атамаси санскритча «вихора» сўзининг турк-мўғулча шакли – «бухор» («ибодатхона») дан келиб чиққан, деб тахмин қилинган. Кейинги тадқиқотларда бу атама суғдийча «буғ» ёки «баг» («тангри») ҳамда «оро» («жамол») сўзларидан иборат бўлиб, «тангри жамоли», деган маънони англатади, деган фикр илгари сурилмоқда. Дарҳақиқат, Зарафшон дарёсининг қуйи оқимида жойлашган Бухоро ва унинг атрофидаги ерлар қадимда ниҳоятда хуш-манзара – ҳайвонот ва ўсимлик дунёси бетакрор, кўл ва оқар сувларга бой бўлиб, тарихчи Наршахийнинг «Бухоро тарихи» асаридаги маълумотлар буни тасдиклайди.

Бухоро Хитойдан Римгача олиб борувчи Буюк Ипак йўлининг энг муҳим чорраҳаларидан бирида жойлашган. VIII асрда бу ерда араб истилосидан сўнг аста-секин Бухоро энг муҳим диний марказга айланган ва “Бухорои Шариф”, деб атала бошланган. 1997 йил шаҳар ўзининг 2500 йиллик юбилейини нишонлади.

Бухорода 100 дан ортиқ йирик тарихий-меъморий ёдгорликлар мавжуд. Улар орасида Бухоро арки, Сомонийлар мақбараси, Чашмаи Айюб мақбараси, Матки Аттори масжиди, Намозгоҳ масжиди, Пойи калон ансамбли, Қалъа-девор қолдиқлари, Минораи калон, Масжиди калон, Мир Араб мадрасаси, Тим ва тоқилар, Лабиҳовуз ансамбли, Улуғбек мадрасаси, Чор минор, Болоҳовуз масжиди, Ситораи Моҳи Хоса ансамбли ва бошқа обидалар сайёҳларни мафтун этади.

Ушбу заминда яна бир қалъа борки, ушбу маскан бошқа тарихий обидалардан-да қадимийроқдир. Бу Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги Вардонзе қўрғонидир. Муҳаммад Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида қайд этилишича, Вардона (Вардонзе) катта бир қишлоқ бўлиб, муҳандизга, катта ва мустаҳкам ҳисорга эга. У қадим замонлардан подшоҳларнинг турар-жойлари бўлган. Вардона Бухоро шаҳридан қадимийроқ. У ерда ҳафтада бир кун бозор бўлиб, савдогарлар кўп келар эдилар. Наршахий бу жойдаги матонинг сифатига алоҳида урғу бериб, “У ердан чиқадиган нарса ҳам яхши хил “занданийчи” бўлган”, дея ёзиб қолдирган.

Кўринадики, Вардонзе қўрғонининг тарихи олимлар томонидан ўтмиши 2500 йилдан зиёд, дея эътироф этилган. Бухоро шаҳриникидан ҳам қадимий. Бинобарин, қўрғон қолдиқларининг шу давргача етиб келишининг ўзи тақдирнинг бир иноятидир.

Ёв босиб келганда қўрғон аҳолиси юртни мардонавор ҳимоя қилган. Ташқи душманларга бўйин эгмаган. Туркистоннинг чегарасида жойлашгани боис у муҳим қалъа саналган. Бу ерда ҳунармандчилик ривожланган, танга зарб этилган. Савдо карвонлари Вардонзени мўлжал олиб келган. Бозори гавжум бўлган. Афсуски, табиат инжиқликлари, хусусан, қум кўчкилари, қурғоқчилик туфайли гуллаб-яшнаб турган гўша асрлар оша аста-секин таназзулга юз тутган. Қўрғон тепасида Ҳазрат Бурқи Сармаст зиёратгоҳи мавжуд. Зиёратгоҳда қабр ва туғ бор. Бу ер Бурқи Сармастнинг қадамжоси сифатида асрлар оша эъзозланади.

Вардонзе – ноёб қўрғон. У Бухородаги бошқа шундай маданий мерос объектларидан ўзига хослиги билан ажралиб туради. Қўрғон атрофида қадимда душмандан ҳимояланиш мақсадида сув ҳавзаси барпо этилган. Қалъага кириш учун яширин ер ости йўллари бўлган. Улар ҳозир ҳам сақланиб қолган. Шу йўл ёки ғорга кириб тепага қарасангиз, аждодларимиз бундан уч минг йил муқаддам бетон қоришмалар тайёрлаш сир-асрорларини билишганига амин бўласиз. Ёдгорликдан топилаётган осори атиқалар ҳам аждодларимиз ақл-заковатидан дарак беради.

Маълумотларга кўра, Қалъа ҳудуди 1979 йилда қўриқхонага айлантирилди. Ён-атроф саксовулзору юлғунзор бўлган. Тустовуқ, қуён, тулки ва қушларнинг кўплаб тури учраган.

“Вардонзе қўрғони” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан давлат муҳофазасига олинган.

Ёдгорликни илмий ўрганиш мақсадида бир неча йилдан буён белгиланган тартибда ЎзФА Миллий археология маркази ҳамда Италиянинг Рим университети ҳамкорлигида халқаро қўшма археологик экспедиция олиб борилмоқда. Мутахассисларининг таъкидлашича, бирламчи консервация қилиняпти. Шунингдек, объектни ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш мақсадида Халқаро Марказий Осиё тадқиқотлар институти (МИЦАИ) билан ҳамкорликда илғор ва юқори технологик ускуналардан фойдаланган ҳолда номзодлик ҳужжатлари тайёрланмоқда.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз мустақилликка эришгач миллий қадриятларни тиклаш ва ривожлантириш, маданий мерос, айниқса тарихий-меъморий обидаларни асраш, уларни келгуси авлодга етказиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантиришда бизнинг минг йиллик тарихимиздан сўзловчи тарихий ёдгорликларимизнинг ўрни беқиёсдир. Бугунги кунда туризмга бўлган эътиборнинг кучайтирилиши натижасида Бухоро вилоятига ташриф буюраётган хорижий сайёҳларнинг сони кундан-кунга ошиб бормоқда. Демак, нафақат дунё аҳли, балки ўзимизнинг ёш авлод ҳам буёк тарихимиз ҳақида билишга ҳақлидир.

Марҳабо ИСМОИЛОВА,
Сергели туманидаги
68-умумий ўрта таълим мактаби
тарих фани ўқитувчиси.