Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухородаги 829 та моддий маданий мерос объектлари давлат муҳофазасига олинган
12:56 / 2020-10-28

Бу ҳақида халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида Маданият вазири ўринбосари – Маданий мерос департаменти бошлиғи Камола Оқилова маълум қилди.


Бу ҳақида халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида Маданият вазири ўринбосари – Маданий мерос департаменти бошлиғи Камола Оқилова маълум қилди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан вилоятда жами 829 та моддий маданий мерос объектлари давлат муҳофазасига олинган. Шундан 287 та археология ёдгорликлари, 31 та мадраса, 105 та масжид, 14 та мақбара, 133 та архитектура ансамбллари (таркиби билан), 15 та карвонсаройлар, 4 та тим ва тоқлар, 18 та диққатга сазовор жойлар, 122 та қадимий уй-жойлар, 83 та архитектура ёдгорликлари, 17 та монументал ёдгорликлар ҳисобланади.

Президентимизнинг 2018 йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 12-бандида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган кўчмас мулк объектларни аниқлаш ва уларни давлат муҳофазасига олиш мақсадида маданий мерос объектларининг Давлат кадастрини юритиш борасида вилоятда ансамбллар таркиби билан ҳисоблаганда 713 та (ансабллар таркибини очиб ҳисоблаганда 829 та) маданий мерос объектларининг кадастр ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилди. Барчаси маданий мерос объектларининг давлат кадастрлари ягона тизимига жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги 265-сонли “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти фаолиятини ташкил этиш ҳамда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2019 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида Маданий мерос департаментининг илмий-эксперт кенгашининг йиғилишларида вилоят бўйича жами 64 та объектлар бўйича лойиҳа таклифлари кўриб чиқилган. Илмий эксперт кенгаши аъзолари томонидан 44 та лойиҳалар камчиликларни қайта тузатиш учун қайтарилган. 23 та лойиҳаларга ижобий жавоб хатлари берилган.

2020 йил 1 октябрь ҳолатида кенгашнинг йиғилишиларида вилоят бўйича жами 36 та объектлар бўйича лойиҳа таклифлари кўриб чиқилган. Илмий эксперт кенгаши аъзолари томонидан 18 та лойиҳалар камчиликларни қайта тузатиш учун қайтарилган. 3 та лойиҳаларга ижобий жавоб хатлари берилган. Камчиликлари туфайли қайтарилган 18 та лойиҳаларнинг ташаббускорларига мавжуд камчиликлар юзасидан тушунтиришлар берилган. Ҳозирда лойиҳаларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Беқиёс қимматга эга бўлган маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари умумжаҳон маданий мероси рўйхатига янги объектларни киритиш бўйича Президентимизнинг Зарафшон-Қайроқум (Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон) йўналишида жойлашган обидаларни ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш масаласида чора-тадбирлар кўриш топшириғига асосан Маданият вазирлиги, ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия, Маданий мерос департаменти ва унинг ҳудудий бошқармаси ҳамда Халқаро Марказий Осиё тадқиқотлар институти (МИЦАИ) билан биргаликда вилоятда жойлашган Чор Бакр ва Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари, Вобкент минораси, Чашмаи Аюб ва Сомонийлар мақбараси, қадимги Пойкент, Варахша, Вардонзе ва Қўрғони Ромитан археология мероси объектларини ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритиш бўйича номзодлик ҳужжатлари маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирокида, илғор ва юқори технологик ускуналардан фойдаланган ҳолда тайёрланди ва Маданият вазирлигига юборилди.

Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари бўйича жами 76 та ҳолат аниқланган. Жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан талабнома ва уларга нисбатан таъсир чоралари кўрилиши тўғрисида огоҳлантириш хатлар юборилган.

Вилоят маданий мерос бошқармаси томонидан моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни кўзлаб судларга қилинган даъволар сони 5 та яъни Гавкушон, Турки Жанди, Иброҳим Охунд, Хўжа Пешкў, Кокули Калонни ташкил этади. 2019 йилда “Бухоро тарихий маркази” ҳудудида ўзбошимчалик билан қурилиш олиб бораётган фуқаролар аниқланди. 5 та ҳолат бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилди. Вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига МЖТКнинг 64-моддасини қўллаган ҳолда ҳужжатлар расмийлаштириб юборилди.

Ҳукуматнинг тегишли қарорларига мувофиқ, вилоятда жойлашган 68 та маданий мерос объектлари ҳунарманд ва тадбиркорлик субъектларига 3 томонлама тузилган ижара шартномалари асосида фойдаланишга берилган.

2001 йил 30 августдаги “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинган бўлиб, мазкур қонуннинг 27-моддасига асосан 13 та маданий мерос объектлари Давлат музей қўриқхоналарига, 45 та объект диний ташкилотларга текин фойдаланиш шартномалари асосида топширилган.

Ҳозирга қадар вилоятдаги 14 та моддий маданий мерос объектлари ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ва зарур ҳолатда сақлаш бўйича инвестиция мажбуриятларини юклаган ҳолда жисмоний ва юридик шахсларга ижарага берилган. Яна 25 та объектни инвестиция киритиш шарти билан ижарага бериш бўйича инвестицион таклифлар ишлаб чиқилган. Мазкур таклифлар тегишли ташкилотлар билан биргаликда салоҳиятли тадбиркорлар орасида тарғиб қилинмоқда.