Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода Туркия тиббиёт фанлари университетининг тиббиёт факультети ва олий мактаби очилди
23:30 / 2019-10-16

Абу Али Ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти қошида Туркия Республикаси Тиббиёт фанлари университетининг тиббиёт факультети ва малакали тиббий хизматлар олий мактаби очилди.


Абу Али Ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти қошида Туркия Республикаси Тиббиёт фанлари университетининг тиббиёт факультети ва малакали тиббий хизматлар олий мактаби очилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ва бошқалар иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, соҳанинг ҳуқуқий асослари ва тиббий муассасалар моддий -техника базаси мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Албатта, даволаш сифат ва самарадорлигини оширишда юқори малакали шифокор кадрлар тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам таълим сифатига катта эътибор қаратилмоқда. Бунда жаҳондаги нуфузли тиббиёт олий ўқув юртлари билан алоқалар кенг йўлга қўйилаётир.

Маълумки, Ўзбекистон ва Туркия Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййиб Эрдўғоннинг сайъ-ҳаракатлари натижасида икки мамлакат ўртасида стратегик шерикликка асосланган ҳар томонлама ҳамкорлик муносабатлари ривожланиб бормоқда. Улар доирасида соғлиқни сақлаш масалалари ҳам кенг ўрин эгаллайди. Қардош мамлакат юртимиз тиббиёт тизимини ривожлантиришга, жумладан, юқори малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган лойиҳаларни амалга оширмоқда. Жаҳонга машҳур Туркия тиббиёт фанлари университетининг буюк ҳаким Абу Али Ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти қошида тиббиёт факультети ва малакали тиббий хизматлар олий мактаби очилгани ҳам мазкур йўналишдаги ҳамкорлик самарасидир. Мазкур таълим муассасалари шахсан Туркия Президентининг жорий йил апрель ва июнь ойида имзолаган ҳужжатлари асосида ташкил этилди.

Туркия тиббиёт фанлари университетининг БухДТИ қошидаги тиббиёт факультетида ўқиш олти йиллик бўлиб, бу ерда даволаш мутахассислиги бўйича бакалаврлар тайёрланади. Уч йиллик малакали тиббий хизматлар олий мактабида эса соғлиқни сақлаш муассасаларига шифокорлар ёрдамчилари бўладиган биринчи шошилинч ёрдам, физиотерапея ва анестезиология йўналишлари бўйича мутахассислар етказиб берилади.

–Биз тиббиёт илмининг султони юрти билан ҳамкорлик қилаётганимиздан бахтиёрмиз, – дейди Туркия Тиббиёт фанлари университети ректориЖевдат Эрдол. — Бир асрдан зиёд тарихга эга дунёга машҳур олий ўқув юртимиз Ўзбекистонда малакали кадрлар тайёрлаш соҳасида олиб борилаётган ишларга ўз ҳиссасини қўшади. Ўқув дастурлари университетимиз томонидан тиббиёт соҳасида энг сўнгги ютуқлар инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандарти талаблари назарда тутилган ҳолда ишлаб чиқилган. Бу ерда асосан, олий ўқув юртимиз ва Бухоро давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари дарс машғулотларини олиб боради. Талабалар амалиётларни Туркияда ҳам ўташларига кенг имониятлар яратилади. Бухоро давлат тиббиёт институтининг барпо этилаётган янги мажмуасида клиника қурилиши ҳам бўлғуси шифокорларнинг билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Таъкидлаш керак, хориж тиббиёт факультетида дастлабки ўқув йилида 80 нафар йигит -қиз бакалавриат йўналишига, шунингдек, малакали тиббий хизматлар олий мактабига эса 66 нафар ёшлар ўқишга қабул қилинди. Тадбирда улар фан асосларини чуқур эгаллаб, малакали мутахассис бўлиб етишиш ва инсонлар саломатлиги учун виждонан хизмат қилишга ўзбек ва турк тилларида тантанали қасамёд қилди.

–Хорижий факультетга ўқишга кириш учун бир неча юзлаб ёшлар ҳужжат топширган эди, – дейди талабалардан бири Хуршида Рўзимуродова. – Бир ўринга 8 абитуриент даъвогарлик қилди. Кучли рақобат шароитида тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, талаба бўлганимдан бахтиёрман.

Жорий ўқув йили Бухоро давлат тиббиёт институти учун ўзига хос бўлди. Туркия Тиббиёт фанлари университетининг тиббиёт факультети ва малакали тиббий хизматлар олий мактаби билан бирга институтда халқаро факультет ҳам очилди. У жаҳоннинг турли мамлакатларида Абу Али Ибн Сино номи билан аталгувчи ҳамда нуфузи йил сайин ошиб бораётганолий билимгоҳда ўқиш истагидаги ёшлар сони кўпайиб бораётгани инобатга олиниб ташкил этилди. Бу ерда янги ўқув йилида Туркманистон, Россия, Озарбайжон, Эрон, Афғонистон, Покистон, Қозоғистон мамлакатларидан юзлаб талабалар қабул қилинди. Улар сафига яқинда 100 нафар ҳиндистонлик ёшлар ҳам қўшилади. Шу тариқа, чет эллик талабалар сони 600 дан ошади.

–Институтимизда замонавий мутахассис кадрлар тайёрлаш доирасида хорижий мамлакатлардаги олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга устувор аҳамият қаратилмоқда, – деди Бухоро давлат тиббиёт институти ректори профессор Амрулла Иноятов – Жорий ўқув йилида Россия, Доғистон, Жанубий-Қозоғистон, Санкт-Петербург, Оренбург, Курск, Ҳиндистон, Кубан давлат тиббиёт университетлари билан амалий ҳамкорлик бошланди. Шунингдек, битирувчиларимиз Россиядаги қатор тиббиёт марказларида клиник ординатурага ўқишга бориши йўлга қўйилди.

Таълим соҳасида ҳамкорлик халқаро стандартларга жавоб берадиган, соҳага энг замонавий ташхис ва даволаш технологиялари ҳамда усулларни қўллай оладиган шифокор мутахассислар тайёрлаш имкониятларини кенгайтиради.

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.

3.jpg