Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода томорқалар дронлар орқали мониторинг қилинмоқда
17:39 / 2020-04-19

Зеро, бугун ҳар бир томорқа эгаси ҳар қарич ер хазина эканлигини, ҳеч бўлмаганида, ўзи ва оиласи эҳтиёжларини имкон қадар қондириши тақозо этилаётганини теран тушуниб етиши даркор.

Эл бошига иш тушганда 

Давлат раҳбари томонидан коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришда аниқ вазифалар белгилаб берилган эди. Шунинг баробарида томорқаларда икки-уч марта ҳосил олиниб, бир оила 8-10 сотихли экин майдонидан ўртача 50-60 миллион сўм, баъзилар ҳатто 80 миллион сўм даромад олаётганлиги эътироф этилганди. Вилоятларда ишни шундай ташкил этиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа бўлиши кераклиги таъкидланди. 

Белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан Бухоро вилояти Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси, “Ўздаверлойиҳа” институти вилоят филиали, туманлар ҳокимликлари, ҳудудлардаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари билан ҳамкорликда томорқа ерларни дронлар воситасида мониторинг қилиш механизми ишлаб чиқилди. 

Вилоят “Ермулккадастр” ДК матбуот хизматининг билдиришича, 3 та дрон ёрдамида Шофиркон туманининг “Мирзоқул”, “Пахтаобод”, “Тезгузар”, “Читгарон”, “Мазлахон Чандир”, “Жўшура”, “Арабхона”, “Нурафшон”, Алишер Навоий, “Гулистон”, “Талисангобод”, “Маҳаллақози”, “Кўришкент”, “Жўйрабод”, “Доригар” каби жами 15 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 10 мингга яқин хонадоннинг томорқа ерлари ўрганилди. 

Туманда фаолият юритаётган жами 50 та МФЙ да истиқомат қилаётган 32 минг 290 та оила тасарруфида 4 минг 217 гектар томорқа мавжуд. Шундан 482 гектар томорқа ер майдонига тўқсонбости экинлари экилган, қолган 3 минг 735 гектар томорқа ерида баҳорги сабзавот, полиз, картошка ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш кўзда тутилган. 

photo_2020-04-19_17-26-37.jpg

Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши томонидан тақдим қилинган маълумотга кўра ҳудуддаги 3 минг 572 гектар, яъни, ялпи майдоннинг 96 фоизида қишлоқ хўжалиги экинлари экилган.

Ўрганиш жараёнида айрим хонадонлар томонидан баҳорги сабзавот, полиз, картошка ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини тўлиқ экмаслик, томорқа ерини қаровсиз, ўз ҳолига ташлаб қўйиш ёки чорва учун озуқабоп беда ва маккажўхори экинларини экиш каби ҳолатларга ҳам дуч келинди. 

Натижада “Нурафшон” МФЙ таркибига кирган 4 та қишлоқда истиқомат қилаётган 675 та хонадоннинг 112 гектар томорқа ерига баҳорги сабзавот, полиз, картошка ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари экилиши белгиланган бўлсада, ўрганиш жараёнида Юқори Юқсун қишлоғида яшовчи фуқаролар Рўзимурод Исоқов, Элмурод Бердиев, Муҳриддин Шаропов, Вали Ярашев, Тоҳир Саидов, Бақо Шарипов, Сабоҳат Бердиева сингари томорқа эгаларининг ҳар бирига тегишли 10 сотихдан кам бўлмаган экин ерларига асосан чорва учун ўт-беда, қолганига маккажўхори экилгани маълум бўлди. Худди шундай Алишер Навоий, “Гулистон”, “Талсангобод” МФЙ ларида ҳам эрта баҳорги сабзавот экинлари, картошка, пиёз, помидор, бодринг ва бошқа маҳсулотлар ўрнига беда ва макка жўхори экинлари экилган. 

“Жўйрабод” МФЙда яшовчи Давлат Адизов ҳамда Илҳом Сатторовлар, “Маҳаллақози” МФЙ да яшовчи Элмурод Хидиров, “Кўришкент” МФЙ Шавқобод қишлоғилик фуқаролар Рўзимурод Файзиев ҳамда Баҳодир Амоновлар, “Пахтаобод” МФЙ Полвонобод қишлоғида истиқомат қилаётган Эрали Шарипов, Аваз Нарзиев ва Нурали Амоновларнинг ҳар бирига тегишли 10 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерлари ҳеч қандай ишлов берилмасдан, ўз ҳолига ташлаб қўйилган, қаровсиз ётибди. 

Амалдаги қонунчилигимизга мувофиқ, эндиликда тасарруфида бўлган томорқа ерини ташландиқ аҳволга солиб, ундан ойлаб-йиллаб фойдаланмасдан келаётган экин ери эгаларига нисбатан тегишли таъсир чоралари қўлланилади. Натижада, ер солиғи белгиланганидан уч баробарга оширилади. Маъмурий чора томорқа еридан мақсадли фойдаланмагунича давом эттирилади. 

Зеро, бугун ҳар бир томорқа эгаси ҳар қарич ер хазина эканлигини, ҳеч бўлмаганида, ўзи ва оиласи эҳтиёжларини имкон қадар қондириши тақозо этилаётганини теран тушуниб етиши даркор.