Бухорода сервис маркази очилади
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилган.
Мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси ташаббуси билан Бухоро вилояти Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси вакиллари ҳамда Малайзиянинг “Serba Dinamik International Limited” (SDIL) компанияси раҳбарияти иштирокида инвестициявий лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш масалалари муҳокамасига бағишланган видеоконференция режимидаги учрашув ташкил этилди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилган.
Тадбирда, хусусан Бухорода илғор экологик тоза жиҳозлар ва технологиялар, жумладан, 3D-принтерлар ва бошқарувнинг замонавий услубларини жорий этиш йўли билан корхоналар саноат ускуналарига таъмир хизматлари кўрсатишга ихтисослашган Марказий Осиё сервис марказини тузиш лойиҳасини амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Ушбу режани ҳаётга татбиқ этиш учун Малайзиядан 15 миллион доллар ҳажмдаги тўғридан-тўғри сармоя жалб этилиши кўзда тутилмоқда.
Онлайн-суҳбат давомида Малайзия томони эпидемиологик вазият барқарорлашиши билан мазкур лойиҳани амалга ошириш ва белгиланган ишларни бажаришга имкон даражасида тезроқ киришишдан манфаатдор эканини билдирди.
Мулоқот якунида лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ келгуси имкониятларни кўриб чиқиш мақсадида бошланғич муддатлар ва томонлар мажбуриятлари кўрсатилган меморандумни имзолаш, шунингдек Бухоро вилояти ҳокимияти зиммасига мазкур объект жойлашадиган, транспорт ва коммунал инфратизим билан қулай боғланган манзилни белгилашга оид таклиф йўллаш вазифасини юклатишга келишиб олинди.