Бухорода озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муаммолар бўлмайди
Бухоро вилояти ҳокимлиги мажлислар залида Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.
Бухоро вилояти ҳокимлиги мажлислар залида Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, секторлар раҳбарлари, тегишли бошқарма, корхона ва ташкилотлар, сиёсий партиялар, маҳаллий кенгаш депутатлари ҳамда ОАВ, журналист ва блогерлар қатнашди.
Сессия кун тартибига кўра, вилоятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозордаги нарх-наво барқарорлигини сақлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Шаҳриёровнинг ахбороти тингланди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жорий йилнинг 16 октябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида республикамизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш бўйича белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш борасида вилоятда кечиктириб бўлмас тадбирларни амалга оширишга киришилди.
Вилоятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, жумладан, гўшт, картошка, гуруч, ун, шакар, тухум ва ўсимлик ёғига бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондириш, бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича 2021 йилнинг май ойига қадар 27,9 минг тонна гўшт маҳсулотлари, 14 минг тонна парранда гўшти, 7 минг тонна балиқ, 51,2 минг тонна картошка, 9,3 минг тонна гуруч, 75,6 минг тонна ун, 10,5 минг тонна шакар, 201,3 миллион дона тухум, 9,3 минг тонна ўсимлик ёғи, 7 минг тонна пиёз ва 18,9 минг тонна сабзи маҳсулотлари талаби аниқланди.
Вилоят эҳтиёжи учун 2021 йил май ойигача бўлган даврда талаб этиладиган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш режаси ишлаб чиқилди. Захирани яратиш ва мақсадли ишлатилишини мувофиқлаштириш бўйича вилоят ишчи гуруҳини тузилди. 2021 йилнинг май ойига қадар аҳоли эҳтиёжи учун талаб қилинган гўшт, тухум, ун, ёғ, шакар, гуруч, картошка, сабзи ва пиёз маҳсулотларининг тасдиқланган ҳажмлари бўйича назорат тизими жорий этилди.
Масъул этиб бириктирилган ташкилотлар раҳбарлари томонидан тегишли озиқ-овқат маҳсулотларининг керакли заҳирасини яратиш мақсадида улгуржи етказиб берувчи фирма ва компаниялар манзилли рўйхати шакллантирилди. Хорижий ва маҳаллий етиштирувчи компаниялар билан шартномалар тузилди. Маҳсулотларни вилоятга олиб келиниши, омборхона ва музлатгичли камераларга жойлаштирилиши ва заруратга кўра бозорлар ва савдо мажмуаларига мақбуллаштирилган нархларда савдога чиқарилиши бўйича ишлар ташкиллаштирилди.
Ҳар бир туман (шаҳар) бўйича 2021 йил май ойига қадар аҳоли эҳтиёжи учун талаб қилинадиган гўшт, тухум, ун, ёғ, шакар, гуруч, картошка, сабзи ва пиёз маҳсулотлари захирасини яратиш ва ойма-ой бозорга чиқариш ишларини молиялаштириш учун “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш” жамғармаси тузилди.
Сессияда ана шу масалалар чуқур таҳлил этилиб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди. Сессияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

