English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода коронавирусга чалинган бемор мураккаб жарроҳлик амалиётидан сўнг ҳаётга қайтди
16:00 / 2020-10-05

33 ёшли Жамшид Рўзиев Бухоро шаҳрининг Пиридастгир кўчаси, 76-уйда истиқомат қилади.


33 ёшли Жамшид Рўзиев Бухоро шаҳрининг Пиридастгир кўчаси, 76-уйда истиқомат қилади. 

Вилоят электр тармоқлари ҳудудий корхонаси кадрлар бўлимида ишлайди. Касб тақозосига кўра, ҳар тоифа одам билан мулоқотда бўлиб, айнан қаерда ва кимдан кароновирус касаллигини юқтириб олган. Афсуски, бу касаллик Жамшидни оила аъзоларига ҳам юққан. 

Лекин касаллик Жамшидда оила аъзоларига нисбатан жуда ҳам оғир кечди. Шифокорлар уни ҳаётга қайтарди. Бунинг учун Жамшид шифокорларга миннатдорчилик билдиради. Дарҳақиқат, Жамшид Рўзиев бир ойдан ошибдики, вилоят фтизиатрия ва пульмонология марказида ётиб даволанмоқда.

Танасининг қақшаб оғриши, қаттиқ қуруқ йўтал, муттасил 39-40 даража иситма ва кўкрак қафасининг чап томонидаги кучли оғриқ йигитни бутунлай ҳолдан тойдирди. 
Икки томонлама пневмония ташхиси билан касалхонага ётқизилди. Беморнинг рентген ва бошқа таҳлиллари ҳам салбий чиққани сабабли интенсив муолажалар бошланди. Нафас етишмовчилиги боис йигирма кундан ортиқ алоҳида кислород узатувчи ускунага улаб қўйилди. 

— Учинчи даражали нафас етишмовчилиги, гемопневмоторекс, яъни ўпка яллиғланишининг нисбатан оғир шакли билан қабул қилинган мазкур беморга интенсив даво муолажаларидан сўнг торокоцентез усулида, бошқача айтсак, ўпкасининг йирингли қон тўпланган чап бўлмаси бўшлиғига трубка қўйилди, – дейди диспансер даволовчи врачи Шуҳрат Бозоров. — Қон ва ҳавони чиқариш мақсадида қўйилган дренаж найча туфайли унинг қон босими бир ҳафтада меъёрига туширилди. 

Лекин бу ҳали касалликдан бутунлай халос бўлди дегани эмас эди. Балки аксинча, бемор йигитни жарроҳлик амалиётига тайёрлаш мақсадида яна бир карра компьютер томографиясидан ўтказилди. Колибрун, яъни ўпканинг чап томони қисилиши, плевраполос қавати қалинлашгани, тўқималар йирингли қонга тўлгани яққол кўринди.

Шундан сўнг зудлик билан консилиум чақирилди. Малакали мутахассисларнинг ўзаро маслаҳатлашувидан сўнг кун сайин аҳволи оғирлашиб бораётган бемор ўпкасида жарроҳлик амалиётини ўтказишга қарор қилинди. Бир неча кунлик даво муолажаларидан кейин унинг организми сотурация кўрсаткичи 80 фоизга, қон босими 110 га 70 даражага, юрак уриши — пульси эса дақиқасига 110 тага етказилгач, жарроҳлик амалиётига рухсат берилди. 

Операция муваффақиятли кечди. Ўпканинг чап бўлмаси очилиб, бутунлай яроқсиз ҳолга келган қисмидан уч литрдан зиёд йирингли қуюқ қон, ўткир ҳидли ажратма олиб ташланди. Ҳозирда беморнинг аҳволи қониқарли даражада. Ўпканинг тиғ теккан ўрни кичик чандиқ бўлиб қолишини айтмаса, йигитнинг бошқалар қатори соғ-саломат ҳаёт кечиришига кафолат бор.

Мураккаб ва оғир жарроҳликни бошидан кечирганига қарамасдан, Жамшид Рўзиевнинг умумий палатада бизни табассум билан қарши олгани ҳайратда қолдирди.
Асосийси, бир ҳафта бурун ҳаётдан бутунлай умидини узиб, тушкунликка тушган йигитнинг ҳаётга ва яшашга бўлган завқини, кўзларидаги қувончни кўриб, ҳайратланмай бўладими?

–Уч кундан кейин уйимга рухсат берилади, –дейди Жамшид самимий кулиб. — Тез тиббий ёрдам машинасида, оғир ва деярли ҳушсиз аҳволда бу ерга келгандим. Мана, бугун мени оилам, яқинларим бағрига соғ-омон қатаришаётгани учун кўнгли ҳам кийимидай оппоқ, қўли енгил нажот фаришталаримизга мингдан минг раҳмат дейман.

Мураккаб операция четдан мутахассис иштирокисиз, ўзига ишонган бухоролик тиббиёт ходимлари томонидан муваффақиятли амалга оширилди. Қолаверса, бу ҳол яна бир карра барчамизни хавфли вирусга қарши якдил ва ҳамжиҳат курашишга, ҳушёр ва эҳтиёткорликка чорлаши лозим.

photo_2020-10-05_15-54-40.jpg