English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоро вилоятида газ таъминоти қишки мавсумга тайёрми?
14:45 / 2020-10-28

Табиий газ соҳасида олиб борилаётган ишлар, замон билан ҳамнафас яшаган ҳолда фуқаролар учун яратилаётган қулайликлар тизимнинг аниқ, қулай ва самарали фаолиятини белгилаб беришга хизмат қилмоқда.


Табиий газ соҳасида олиб борилаётган ишлар, замон билан ҳамнафас яшаган ҳолда фуқаролар учун яратилаётган қулайликлар тизимнинг аниқ, қулай ва самарали фаолиятини белгилаб беришга хизмат қилмоқда.

Қабул қилинаётган қатор фармон, қарорлар моҳиятида ҳам аҳолининг фаровон турмуш тарзини яхшилаш, турли муаммоларнинг олдини олишга қаратилган. Бухоро вилоятида бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиали директори Ўктам Абдиев билан суҳбатлашдик.

– Бухоро вилоятида газ таъминотини янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган амалий ишларга тўхталсангиз?

– Соҳада кўп ўзгаришлар кузатилди. Нафақат табиий газни етказиб бериш, балки суюлтирилган газ баллонлари билан вақтида таъминлаш, сервис хизмати кўрсатиш, тарғибот тадбирларини самарали ташкил этиш ишларига барча масъуллар эътибори кучайтирилди. Асосий мақсад халқ ичига кириб бориш, уларга вақтида газни етказиб бериш, шу билан бирга келиб тушаётган мурожаатларга эътиборни кучайтирган ҳолда амалий ечимининг ҳал этилишига астойдил ёндашишдан иборат.

– Совуқ кунлар яқинлашмоқда. Бу борада тайёргарлик ишлари қай даражада олиб борилди?

– «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиали ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари томонидан мавсумга яхшигина тайёргарлик кўрилди. Хусусан, газ тақсимлаш пунктларида капитал таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилди. Шунингдек, 7 минг 262 дона газ маромлаш қурилмаларидаги газ босими созлагичлари тафтиш қилинди. Жойлардаги 197 километр газ қувурларининг бўялиши режада белгилаб берилган бўлса, режага нисбатан ортиғи билан, яъни 215,4 километри тўлиқ бўялди. Бу кўрсаткичлар ортида албатта ходимларнинг масъулиятли меҳнати ётади.

Таъкидлаш зарур, вилоятда табиий газ танқислиги сабабли баъзи ҳудудлар табиий газ тармоғидан ажратилиб, тўлиқ суюлтирилган газ таъминотига мослаштирилган.

Давлат дастурлари ва ҳукумат қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида табиий газ таъминоти танқислиги кузатилган ҳудудларда жойлашган аҳоли хонадонларини эса кафолатланган ёқилғи ресурслари билан таъминлаш белгиланган. Ушбу ҳудудларда жойлашган аҳоли хонадонлари қайта табиий газ тармоғига улаб берилиши тўғрисида бир неча бор мурожаат қилишган. Мазкур ҳудудларни табиий газ билан таъминлаш имконияти йўқлиги ҳамда келгусида аҳоли ўртасида газ таъминоти бўйича эътирозлар келиб чиқиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш тартиби» талабларига асосан туман ҳокимлиги томонидан тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ белгиланган тартибда суюлтирилган газ етказиб берилиши тўғрисида бир неча бор тушунтириш ишлари олиб борилди.

Бугун ходимлар билан бирга мавсумга тайёргарлик ишларини кучайтирганмиз. Бу борада тарғибот тадбирлари ташкил этяпмиз. Мавсумни беталофот ўтказиш учун фуқаро ҳам ўзига ва атрофдагиларига нисбатан эътиборли бўлиши керак. Чунки ис газидан заҳарланишнинг олдини олишда барчамиз бирдек масъулмиз. Шунингдек, табиий газ истеъмолчиларига алоҳида эслатиб ўтмоқчимиз, газ қувурлари ва ундаги иншоотларга қасддан шикаст етказмаслик, ўзбошимчалик билан ҳар қандай ташқи таъсир кўрсатмасликни ҳамда газ таъминоти билан боғлиқ вазиятларда албатта «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиали ходимларига мурожаат қилишларини сўраб қоламиз.

– Улгуржи истеъмолчиларни, хусусан, иссиқхона ташкил этганларни табиий газ билан таъминлаш масаласи қай тартибда олиб борилмоқда? Шунингдек, қарздорлик ҳолатлари вақтида бартараф этиляптими?

– Улгуржи истеъмолчилар фаолиятини сезиларли даражада ўзгартириш учун шубҳасиз, табиий газнинг ўрни катта. Аммо минг афсус, айниқса, иссиқхона ташкил этиб, яхшигина фойда олган бўлсада, қарздор бўлиб қолаётганлар жуда кўп. Бизнинг ҳам, уларнинг ҳам мақсадимиз битта – аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш. Шундай экан, қарздорлик тўлови етарли даражада амалга ошса, табиий газ таъминоти ҳам янада яхшиланади.

– Аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида газ жиҳозларининг техник ҳолати ходимлар томонидан қай тартибда эътиборга олинган, шунингдек, сервис хизматлари тўғрисида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

– Ходимлар томонидан фуқароларга сифатли сервис хизматлари кўрсатилади. Бунга асосан газ жиҳозларини техник тафтишдан ўтказиш, маиший газ баллонларини истеъмолчиларга ўрнатиб бериш ва янги қурилган хонадонлар, ижтимоий соҳа объектларини лойиҳалашдан бошлаб то газ тармоқларини қуриш, фойдаланишгача бўлган сервис хизматлари кўрсатилади. Уй ичи газ жиҳозларининг техник тафтишдан ўтказилиши бу аҳолининг хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Газ жиҳозлари йилида бир маротаба техник тафтишдан ўтказилади. Фуқаролар томонидан баъзан газ жиҳозларини техник кўрикдан ўтказиш мажбурийми, деган савол келиб тушмоқда. Албатта, бу Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларида алоҳида белгилаб қўйилган. Ҳар бир фуқаро йилида бир маротаба газ жиҳозларини техник тафтишдан ўтказишга мажбур.

– Маълумки, юртимизда деярли барча соҳада инновацион янгиланишлар кузатилмоқда. Замон билан тенгма-тенг қадам қўймоқдамиз. Шубҳасиз, бу янгиланиш газ тизимида ҳам бўй кўрсатди. Табиий газ истеъмолчилари учун янги тизим яратилди. Президентимизнинг жорий йилнинг 24 сентябрида «Табиий газ назорати ва автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу борада вилоятда қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

– Вилоятда табиий газ истеъмолчилари сони 262 мингдан ортиқни ташкил этади. Уларга замонавий ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Бугунги кунга қадар 30 мингга яқин ҳисоблагичлар ўрнатилди. Ўрнатилиш жараёнида соҳа ходимлари унинг имкониятлари, қулайликлари ҳақида ҳам тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Албатта, АСКУГ тизимини жорий этиш вақт ва замон талаби эди. Бу билан жуда кўп муаммолар ўз ечимини топадиган бўлди. Хусусан, кўрсаткичларнинг номувофиқлиги, оворагарчиликлар, дебитор қарздорлик кабиларнинг олди олинади. АСКУГ тизимини мамлакатимизда жорий этиш билан боғлиқ ишлар «Ҳудудгазтаъминот» АЖ зиммасига юклатилган.

– Аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш, бу борада вилоятдаги бугунги вазият ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз. Муаммолар, ютуқлар, янгиланишлар...

– Бугун вилоятда мавжуд жами 169 мингдан ортиқ суюлтирилган газ баллонлари истеъмолчиларига 1 та «Бахтли Шерзод» МЧЖга қарашли газ тўлдириш станцияси ва 5 та газ тўлдириш пункларидан суюлтирилган газ баллонлари тўлдирилиб, етказилмоқда. Ҳар бир газ баллонларининг тарқатилиши олдидан бугунги мураккаб вазиятда тўлиқ карантин қоидаларига риоя этилаётганлиги фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашда хизмат қилади, албатта. Биргина «Қоракўл» газ тўлдириш пунктида 1 минг 23 газ баллонлари кунига тўлдирилиб, аҳолига етказилмоқда. Маиший газ баллонлари 40 кунга бормай ўз манзилига етказилади. Тўғри, баъзан бу билан боғлиқ мурожаатлар ҳам келиб тушади. Аммо мутахассислар вазиятни жойига бориб ўрганишади, қонун доирасидан келиб чиққан ҳолда ҳал этилишига кўмаклашишади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 августдаги қарори билан тасдиқланган Низомда “Истеъмолчи газ таъминоти ташкилотидан газ баллонларида сотиб олинган суюлтирилган углеводород газини фақат газ таъминоти ташкилотининг ходими томонидан тегишли йўриқномадан ўтказилганидан кейин мустақил алмаштириши мумкинлиги қайд этилган. Бунинг учун истеъмолчи яшаш жойига кўра газ таъминоти ташкилотига ёзма ариза билан мурожаат қилиши зарур. Бунда газ баллонини ўрнатиш жойи лойиҳага ёки эскизларга мувофиқ бўлиши лозимлиги белгиланган. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ тизимида газ хўжалигида аҳолининг маиший газ баллонидан хавфсиз фойдаланишини таъминлаш хизмати ташкил этилди ва уларнинг асосий вазифалари белгиланди.

Шунингдек, маиший газ баллони истеъмолчиларига яна бир қулайлик яратилди. Яъни табиий газ тўловини тўлашнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилган бўлса, суюлтирилган газ ҳисоб-китобини тўлашда ҳам ИД карталар орқали амалга оширилиши йўлга қўйилмоқда. Бундан мақсад суюлтирилган газни етказиб бериш ва истеъмол қилишни ҳисобга олиш, суюлтирилган газ учун тўловни соддалаштириш, абонент томонидан нақд пул қабул қилинишини истисно қилишдир. Шунинг учун соҳа тизимида бу борада самарали ишлар йўлга қўйилмоқда.

photo_2020-10-28_14-45-14.jpg

photo_2020-10-28_14-45-12.jpg

photo_2020-10-28_14-45-16.jpg

ЎзА мухбири Зариф КОМИЛОВ суҳбатлашди