French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода ҳам тўрт нафар бемор коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайди
18:25 / 2020-04-12

Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.


Юртимиз бўйлаб коронавирус инфекциясига чалинган беморларни самарали даволаш борасида минглаб тиббиёт ходимлари матонат билан меҳнат қилишмоқда. Натижада, пойтахтимиздаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан ташқари, Хоразм ва Наманган вилоятлари юқумли касалликлар шифохонасида ҳам коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг бутунлай соғайишига эришилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг хабар беришича, эндиликда уларнинг сафига Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонаси ҳам қўшилди. Ушбу тиббиёт муассасасининг фидойи ва жонкуяр шифокорлари саъй-ҳаракати ўзининг дастлабки самарасини бериб, 4 нафар бемор бутунлай соғайишди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Тузалганларнинг икки нафари (бири Андижондан, яна бири эса Тошкент вилоятидан) Туркиядан Бухорога келган бўлиб, жорий йил 26 март куни коронавирус инфекцияси аниқланган эди. Яна фарғоналик икки нафар фуқаро эса чартер рейс орқали Россиядан Бухорога келишгач, уларда ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланганди. 
Айни пайтда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида коронавирус инфекциясига чалинган беморларга тиббиёт ходимлари томонидан халқаро стандартлар асосида муолажалар олиб борилмоқда. Бунда, пойтахтимиздаги малакали шифокорлар, шунингдек, юртимизнинг пульмонолог, кардиолог, терапевт, эндокринолог каби етук мутахассислари билан телемулоқот ўрнатилиб, зарур тавсияларни олишаётгани ҳам қўл келмоқда.