Бухорода 9 ой давомида 1 минг 983 та жиноят фош этилди
Бу ҳақида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Алиев халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида маълум қилди.
Бу ҳақида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Алиев халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида маълум қилди.
Бухоро вилоятида жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида ички ишлар органлари ходимлари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида қатор ижобий ишлар амалга оширилди.
Вилоят ҳудудида содир этилган 2 минг 13 та жиноятларнинг 1 минг 983 таси ёки 98,29 фоизи фош этилди. Суд ва тергов органларидан яширинган 64 нафар шахс ушланди. 7 нафар бедарак йўқолганлар топилиб, оиласига қайтарилди. 37 нафар шахслар томонидан содир этилган 33 та коррупция ва иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар аниқланди. Улар оқибатида етказилган 181 миллион сўм миқдордаги зарар ундирилиши таъминланди.
29,9 кило наркотик воситалари, шунингдек, турли ёт ғояларни тарғиб этишда фойдаланилган 6 та адабиётлар, 40 та варақалар ва 19 та уяли телефон аппаратлари олинди. Тарғибот-ташвиқот натижасида 15 дона қурол ва шунча ўқ-дориларни фуқаролар ўз хоҳиши билан топширишди. 31 нафар фуқаролар эса 32 дона қурол ва 14 дона ўқ-дориларни ноқонуний сақлаганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилди. 5 нафар ҳужрада қатнашган, 23 нафар чегара қоидаларини бузган, 6 нафар одам савдоси жиноятини содир этган шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши таъминланди.
Вилоят миқёсида 96 мингдан ортиқ фуқаролар иштирокида 216 маротаба ўтказилган оммавий тадбирлар давомида жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлиги тўлиқ таъминланди. Махсус отрядлар томонидан 10 маротаба шубҳали буюмлар борлиги ҳақидаги хабарлар бўйича портлаш хавфи бўлган 36 та предметлар аниқланиб, зарарсизлантирилди.
Аввалги йиллар содир этилиб, очилмасдан қолган жами 94 та (аввалги йиллардан 54 та, жорий йилдан 40 та жиноятлар) жиноятларнинг фош этилишига эришилди. Мисол учун бундан 32 йил олдин, яъни 1988 йилнинг 5 октябрь куни тахминан соат 11:30 ларда Бухоро шаҳар, Пабло Неруда кўчаси 3/3-уй 110-хонада яшаган, 1933 йилда туғилган, фуқаро Муслима Мустафоеванинг ўлдириб кетилганлиги бўйича номаълум шахсга нисбатан қўзғатилган жиноят иши ҳозирги кунга қадар фош этилмасдан қолган эди.
Олиб борилган тезкор қидирув суриштирув тадбирлар натижасида ушбу жиноятни ҳозирда Ромитан тумани, Чандир маҳалла фуқаролар йиғини, Тошмачит қишлоғида яшаб келаётган, 1962 йилда шу туманда туғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта, оилали, муқаддам 3 маротаба судланган Болтаев Маҳмуд Тўраевич содир қилганлиги аниқланиб, жиноят фош этилди.
Жорий йилда жиноятчиликка қарши курашишда асосий эътибор ички ишлар органлари ходимларининг ташаббуси билан аниқланадиган жиноятларни кўпроқ фош этишга йўналтиришга қаратилди. Ички ишлар органлари ташаббуси билан жиноятларнинг аниқланиши 35,7 фоизга яхшиланди.