Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода 312 мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди
13:47 / 2020-02-01

Қоракўл туманида яшовчи Р.Эргашева Бухоро вилояти адлия бошқармасига ариза билан мурожаат қилади.


Қоракўл туманида яшовчи Р.Эргашева Бухоро вилояти адлия бошқармасига ариза билан мурожаат қилади. У ҳудуддаги ўзи ишлаётган педагогика ва спорт коллежи директорининг хатти-ҳаракатларидан шикоят қилиб, адолатни тиклашни сўрайди.

Аризани ўрганиш жараёнида унда келтирилганидек, коллеж мансабдор шахслари томонидан барча ходимлардан ноқонуний йиғим ундирилаётганлиги ва Р.Эргашевага меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асосида тўлов тўланмаганлиги исботини топди. Кўрилган чоралар натижасида масала ечим топди. Р.Эргашевага меҳнатга лаёқатсизлик даври учун тўлов ундириб берилди. Коллеж мансабдор шахслари маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу адлия бошқармасининг жойларда қонунийлик масаласига алоҳида эътибор қаратилаётган фаолиятидаги кўп сонли мисоллардан бири.

Ҳар бир мурожаат ортида инсонни қийнаётган муаммолар ва унинг адолатли ечимига бўлган ишончу умиди ётибди. Гоҳида шундай бўладики, у ёки бу фуқаро тегишли идорага муайян масала юзасидан юзланганда, ёхуд ариза йўллаганда тўлақонли жавоб ололмайди. Шунда у такрор ва такрор турли юқори ташкилотларга мурожаат қилишга мажбур бўлади.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида адлия бошқармаси тегишли соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда кўтарилган масалаларни муаммо ҳудудида ўрганмоқда. Ўтган йили 626 та мурожаат шу йўсинда кўриб чиқилган. 1796 та ҳолатда эса ариза уни ёзган фуқаро иштирокида жойига чиқиб ўрганилди ва кўплаб масалалар ҳал қилинди.

Мурожаатлар таҳлили айрим иш берувчилар меҳнат қонунчилиги қоидаларига ҳамиша ҳам амал қилмасликларини кўрсатмоқда. Бухоро шаҳрида яшовчи, вилоят болалар кўптармоқли тиббиёт маркази ходими А.Ходжиев шундай муаммога дуч келди. У ўз мурожаатида ишдан асоссиз бўшатилганини билдиради. Масала ўрганилганда, фуқаро ҳақ бўлиб чиқди. Тиббиёт маркази раҳбарининг А.Ходжиев билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруғи асоссиз, деб топилди.

Вилоят адлия бошқармаси 2019 йилда юридик шахслар ва фуқароларнинг бузилган қонуний ҳуқуқ ва путур етган манфаатларини ҳимоя қилиш, етказилган моддий ва маънавий зарарларини ундириш тўғрисида судларга жами, салкам 8 миллиард 152,2 миллион сўмлик 1 434 та даъво аризалари киритди. Уларнинг 1387 таси қаноатлантирилди. Мурожаат қилганлар фойдасига 6 миллиард 307,2 миллион сўмдан зиёд маблағ ундириб берилди.

Шу ўринда бир мисол. “Азия Транс Бухара” МЧЖ ўтган йили ўзаро шартномага асосан Ромитан туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига транспорт хизмати кўрсатган. Аммо буюртмачи ташкилот хизмати ёқди-ю, тўлови чақди, қабилида иш тутади. Ноябрь ойига қадар муаммо ҳал бўлмагач, МЧЖ раҳбарияти вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилади. Бошқарма ўз навбатида иш юзасидан Ромитан туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритади. Суднинг ҳал қилув қарорига асосан, ариза қаноатлантирилди. Қарздор Ромитан туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасидан “Азия Транс Бухара” МЧЖ фойдасига 178 миллион 454,3 минг сўм ундирилиши белгиланди.

Ўтган йили вилоят адлия органларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиёти, нотариат ва адвокатура фаолияти ҳамда бошқа масалаларга оид 6624 та мурожаат қилинган. Бу 2018 йилдагига нисбатан икки баравардан ҳам кўп. Ушбу мурожаатларнинг 1810 таси адлия бошқармаси, 4814 таси туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан кўриб чиқилди.

–Бошқармамиз ўтказилган ўрганишлар ва мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари доирасида қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан жами 1692 та тақдимнома, маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича 333 та таклиф ва 5 219 та огоҳнома киритган, – дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Анвар Рўзиев. – Тақдимномаларга асосан, 477 шахс интизомий жавобгарликка тортилди, жумладан, 28 нафари вазифасидан озод қилинди. 312 мансабдор шахсга нисбатан эса маъмурий жавобгарлик чораси кўрилди. Даъво аризаларига кўра, жисмоний ва юридик шахсларга 14 миллиард 435,6 миллион сўмдан зиёд пул маблағлари тўлаб берилиши таъминланди. Умуман, 6624 та мурожаатнинг 5971 таси ҳал этилди. Улардан 76 фоизи қаноатлантирилди. Бундан ташқари, 1416 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилган, 314 таси эса ваколат доирасида кўриб чиқиш учун бошқа идора ва ташкилотларга юборилди.

Таъкидлаш керак, вилоят адлия органларига мурожаатларнинг катта қисмини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалалар ташкил қилади. Улар қонунийлик асосида ҳал қилинаётир. Лекин ўрганишлар шуни кўрсатяптики, инсон ҳақ-ҳуқуқларига оид муаммолар айрим фуқароларда ҳуқуқий билимнинг етишмаслиги оқибатида юзага келган. Шунинг учун вилоят адлия идоралари айни пайтда маҳаллалар ва таълим муассасаларида олиб бораётган тарғибот лойиҳаларида ана шу масалага алоҳида эътибор қаратмоқда.