Бухорода 18 та йирик лойиҳа амалга оширилиши кутилмоқда
Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган навбатдаги анъанавий “Инвесторлар куни” тадбирида таъкидланди.
Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган навбатдаги анъанавий “Инвесторлар куни” тадбирида таъкидланди.
Туркиянинг “BGS KIMYA SANAYI DIS TICARET LIMITED SERKATI” компанияси сармоядорлари билан ҳамкорликда ташкил этилган Когон шаҳридаги масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон – Туркия “Кончи” қўшма корхонаси фаолиятини кенгайтиради.
Бу ерда ишлаб чиқарилаётган гипс тоши цемент ишлаб чиқариш заводларига шартнома асосида етказиб берилаётган эди. Хом ашёни сотгандан кўра, уни чуқур қайта ишлаш корхонага катта манфаат келтиради. Шунинг учун ҳам келгуси йилда ана шу мақсадга қаратилган умумий қиймати 9 миллион долларга тенг иккита лойиҳани амалга оширишга киришилади. Пировард натижада, бу ерда йилига 120 минг тонна қуруқ қурилиш аралашмаси яъни сувоқ хом ашёси ва 12 миллион квадрат метр гипсокартон ишлаб чиқарилади.
Ҳозирда корхонада эллик киши меҳнат қилмоқда. Янги лойиҳалар амалга ошгач, яна 100 та янги иш ўрни яратилади. Агар маҳсулотнинг камида 25 фоизини экспортга чиқариш назарда тутилаётгани ҳисобга олинса, корхонанинг айланма маблағини кўпайтириш манбаси кенгаяди.
Лойиҳани амалга ошириш зарур бўлган маблағнинг 30 фоизи икки мамлакат таъсисчилари улушига тўғри келса, қолган қисми, яъни 7 миллион доллар “Ўзсаноатқурилишбанк” вилоят филиали томонидан ажратилади. Вилоят ҳокими Ў.Барноев лойиҳа тақдимотида қатнашар экан, банк раҳбариятига лойиҳани чуқур ўрганган ҳолда, молиялаштириш масаласини тезроқ ҳал этишни топширди.
Бухоро тумани “Сўфикоргар” МФЙда пахта ва ғаллачилик соҳаларида яхши натижаларга эришиб келаётган “Шуҳрат” фермер хўжалиги даромади ошиб бораётир. Эътиборли томони қишлоқ тадбиркори яна бир фаолиятни йўлга қўйган. У мамлакатнинг турли вилоятларида етиштирилаётган наъматак мевасини харид қилиб, уни Россия Федерациясига экспорт ҳам қилаётир. Ғолиб Раҳматов шифобахш мевани Бухорода етиштирмоқчи. Қишлоқ тадбиркори мазкур лойиҳани тадбирда тақдимот қилиш асносида, унга 40 гектар ер ажратиш таклифи билан чиқди.
– Мутахассислар фикрига кўра, наъматак анча ҳосилдор. Ҳар гектардан ўртача 10 тонна мева олиш мумкин, – дейди фермер Ғолиб Раҳматов. – Тадбирда мутасаддиларга экин майдони масаласини кўриб чиқиш топширилди. Агар майдон ажратилса, биз наъматак кўчатларини ўтқазишни бошлаб юборамиз. Келгуси йилда ҳосилни экспорт қилсак, кейинчалик унинг асосий қисмини ўзимизда қайта ишламоқчимиз.
Умуман, “Инвесторлар куни”да 206 миллиард 109 миллион сўмлик ўн саккизта лойиҳанинг тақдимоти ўтказилди. Бизнес-режалар амалга оширилиши самарасида 650 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.
Истиқболли лойиҳалар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган вилоят ҳокими жойларда халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, асаларичилик, паррандачилик, балиқчилик соҳаларини ривожлантириш, импорт ўрнини босувчи харидорбоп товарлар ишлаб чиқариш масалаларига тўхталди. Бунда туман ва шаҳар ҳокимликлари тадбиркор-сармоядорлар ташаббусларини қўллаб-қувватлашга шахсан масъулдирлар.