Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоро амирлигида 78 кун ҳукмронлик қилган амирни биласизми?
08:06 / 2020-10-09

Ватанимиз тарихидаги 9 октябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.


Кун тарихи

Ватанимиз тарихидаги 9 октябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

892 йил (бундан 1128 йил олдин) – ҳадис илмининг сарвари Абу Муҳаммад ат-Термизий ўз она юрти, Шеробод шаҳридан олти километр узоқликда жойлашган Буғ қишлоғида вафот этди ва шу ерга дафн этилди. Алломанинг вафотидан сўнг қабри устига муҳташам мақбара қурдирилган. Бу алломага халқ ва давлат ҳукмдорлари ҳам катта ҳурмат билан қараганлигидан далолат беради.

Имом ат-Термизий умрининг аксариятини Имом ал-Бухорийга шогирдлиқда ўтказган ҳадис толибларидан биридир. Ҳатто баъзи муҳаддислар у кишини “Имом ал-Бухорийнинг ўринбосари (вориси)” деб ҳам аташган. Баъзи тарихчиларнинг қайд этишларича, Ат-Термизий Аллоҳдан ғоятда тақво қилгани боисидан серйиғи бўлган ва айнан шунинг учун ҳам кўзлари ожиз бўлиб қолган. Аммо айрим тарихчилар буни инкор қилиб: “У киши туғма ожиз бўлганлар”, – дейишади.

1404 йил (бундан 616 йил олдин) – Соҳибқирон саройига ташриф буюрган испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг қайд этишича, Амир Темурнинг катта ўғли Мироншоҳнинг хотини Хонзода Бегим катта базм уюштирди ва унга элчиларни ҳам таклиф этди. Клавихонинг ёзишича, Хонзода Бегим кўринишидан қирқ ёшлар чамасидаги тўладан келган, оқ юзли аёл эди. Базмда кўпгина мулозимлар ва подшоҳнинг қариндошлари ҳам иштирок этганлар.

1826 йил (бундан 194 йил олдин) – Амир Ҳайдар вафот этгандан сўнг Бухоро амирлиги тахтига тўнғич фарзанд ва валиаҳд сифатида васиятга биноан Ҳусайн Тўра ўтирди. У Амир Ҳусайн номи билан бор-йўғи 78 кун амирлик қилди. Тарихчи олим Қаҳрамон Ражабовнинг қайд этишича, Унинг амирлик даври 1826 йил 9 октябрдан ўша йилнинг 22 декабригача давом этган. Амир Ҳусайн Бухоро тахтига ўтирган бешинчи манғит амири ҳисобланади.

Мулла Олим Махдум Ҳожи ўзининг “Тарихи Туркистон” асарида Амир Ҳусайн шахсиятини кейинчалик қуйидагича баҳолаган эди: “Амир Ҳусайн шужоъ ва соҳибҳиммат, ғоят сахий ва закий аттабъ, фозил ва оқил фаҳим ва сиёҳдўст, мусофирнавоз ва раъиятпарвар ва жаммасъул кутуб эди”.

Саройдаги айрим нуфузли амалдорларга Амир Ҳусайнинг бундай фазилатлари ёқмаган ва уни тахтдан четлаштиришга интилишган. Бухоро ҳукмдори Амир Ҳусайн 1826 йил 22 декабрда Бухоро шаҳрида заҳарланиш оқибатида вафот этган.

1916 йил (бундан 104 йил олдин) – Қўқон шаҳрида таниқли жадид Обиджон Маҳмудов хонадонида “Ғайрат” жамияти нашри афкорини ташкил этиш, хусусий босмахона масалаларини ҳал қилиш учун навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди. Нашр учун Қўқоннинг маҳаллий бойлари маблағ ажратишларини билдирдилар. Обиджон Маҳмудов бу борада фаоллардан ҳисобланган.

1937 йил (бундан 83 йил олдин) – Тошкентда маърифатпарвар ва жамоат арбоби Саидносир Миржалилов (таваллуди 1884 йил) отиб ташланди. У – Зарифа Саидносированинг отаси. Германияга ўқишга юборилган талабаларни нафақа билан таъминлаган ва уларга моддий ёрдам кўрсатган.

2002 йил (бундан 18 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Атоқли ўзбек шоири академик Ғафур Ғулом таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2017 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “ Навоий вилоятининг Нурота туманидаги “Чашма” тарихий-меъморий мажмуасини комплекс реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади