Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг сайловолди дастурида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятдаги фаоллигини кучайтириш ҳамда бизнесга жалб этиш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Партиянинг Наманган вилояти кенгаши аёллар муаммоларини ўрганиш ва ишбилармонлигини қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан ташкил этилган “Бугуннинг тадбиркор аёли” лойиҳаси доирасида навбатдаги семинар-тренинг ҳам хотин-қизларнинг бизнес соҳасига қизиқишини ошириш ва уларни тадбиркорлик фаолиятига йўналтиришга қаратилди.

Наманган давлат педагогика институтида бўлиб ўтган семинар-тренинг аввалида халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши раиси, O’zLiDePнинг вилоятдаги ташкилоти раҳбари Солижон Мўминов иштирокчиларга тадбирдан кўзда тутилган вазифалар ҳақида батафсил тўхталди.

Тадбирда хотин-қизлар орасида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий жараёнлардаги ўрни ва нуфузини ошириш, ёш авлодни замонавий ишбилармонлик тажрибаларига йўналтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Мулоқотда хусусий тадбиркорликда ютуқларга эришган, “Шуҳрат” медали соҳибаси ҳамда “Ишбилармон аёл – 2025” танловининг ҳудудий босқичи ғолибаси Ҳакима Тошматова ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.


Қизғин мулоқот тарзида кечган учрашувда қатнашчилар ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдириб, амалий саволларига мутахассислардан жавоблар олди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.