Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Бугуннинг тадбиркор аёли” ёшларга илҳом бахш этди
17:21 / 2025-09-25

Гулистон шаҳридаги Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида битирувчи қизлар учун ўтказилган “Бугуннинг тадбиркор аёли” лойиҳаси доирасидаги давра суҳбати ёшлар учун ҳақиқий руҳлантириш манбаи бўлди. Ушбу тадбир O‘zLiDeP Сирдарё вилоят ва Гулистон шаҳар Кенгашлари ташаббуси билан ташкил этилди.

Учрашувда 2023 йилда “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг ҳудудий босқичи ғолибаси, “Шуҳрат” медали соҳиби, туман Кенгаши депутати ва “Болғали қилич ака” фермер хўжалиги раҳбари Гулчеҳра Қаршибоева иштирок этди. У битирувчи қизларга ўз ҳаётий тажрибалари ва фаолият йўлидаги машаққатлар ҳақида ҳикоя қилди.

– Ҳар бир йигит-қиз меҳнатсевар ва изланувчан бўлса, ҳаётда орқада қолмайди, – деди Гулчеҳра Қаршибоева. – Менинг фаолиятим қийинчиликлар билан бошланган бўлса-да, меҳнат ва қатъият туфайли бугун 50 нафардан ортиқ иш ўрни яратганман. Ёшларда имкониятлар кўп, аммо ишончсизлик ва чўчиш орқада қолишга олиб келиши мумкин.

Қаршибоева раҳбарлигидаги хўжаликда юқори самарадорликка эришилмоқда: пахтадан гектарига 32–40 центнер, ғалладан эса 80–100 центнер ҳосил олинмоқда. 2024 йилда 36 гектардан 137 тонна пахта ва 44 гектардан 118 тоннадан ортиқ дон йиғиб олинган. Шунингдек, 1,2 тонна пилла етиштирилиб, хўжалик рентабеллиги 28 фоиздан 58 фоизга ошди.

Фермернинг меҳнати натижасида соф даромад 512 миллион сўмни ташкил этди. Даромад ҳисобига икки трактор, уч тиркама, замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари ҳамда электр автомобили сотиб олинди. Бир ишчига уй қурилди, бошқа ходимларга эса 50 миллион сўмлик ҳомийлик кўрсатилди. Маҳалладаги кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ва озиқ-овқат тарқатилди. Газ қувурини янгилаш ва тўйлар ўтказишда кўрсатилган саховатли кўмак ҳам кенг жамоатчилик эътирофига сазовор бўлди.

Хўжаликда 50 нафар доимий ишчи билан бирга мавсум давомида 60 нафаргача қўшимча ишчи жалб этилмоқда. Бу эса нафақат иш ўринлари яратиш, балки ёшлар учун намуна ва илҳом манбаи бўлишини ҳам кўрсатади.

– Рости, Гулчеҳра Қаршибоева ютуқлари ортида машақатли меҳнат ва ватанга бўлган муҳаббат ётганини англадик, – дейди техникум талабаси Шаҳноза Раҳимова. – Учрашув қизғин, савол-жавобларга бой бўлди. Биз битирувчилар катта рағбат  олдик.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири