Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БУГУННИНГ ҲАҚИҚАТИ: Руҳ мустақил бўлсин!
15:48 / 2022-10-28

Филология фанлари номзоди Султомурод Олимнинг тил масаласида танқидий таҳлили

Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганига 33 йил бўлди. 33 йилдирки, тилнинг софлиги учун зиёлилар курашиб келади, лекин ҳамон Ўзбекистонда тил масаласи муаммолигича қолмоқда, айримлар мулоқотларда, муносабатларда сўзларнинг ўзбекча муқобилини тополмайди ёки осонроқ йўлдан бориб, хориж сўзларини ўйламай ишлатаверади. Бундай ҳолатларга зиёлиларнинг ўз мулоҳазалари бор...

АНТИҚА КЎЗОЙНАК

“Хўп”, десангиз, ижтимоий тармоқларга умуман кирманг. “Йўқ, ўрганиб қолганман, хумор қиляпти”, демоқчи бўлсангиз, аввал, ўзингиз учун бир кўзойнак ясатиб олинг, у айрим“хушхабар”ларни “нохушхабарлар”, деб ўқисин! Шунда тинч бўласиз. Менга ўхшаб, асабийлашиб, кечалари ухлолмай чиқмайсиз.

Яқинда Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғи эндиликда “Ғафур Ғулом номидаги Dream Park”деб аталиши ҳақидаги маълумотни “Хушхабар” рукни билан эълон қилишибди.

Бу хуш хабарми ёки нохуш хабарми?

БИЗДА ИСТИРОҲАТ БОҒИ БЎЛМАГАНМИ?

Ўзи шўро давридаги “парк” сўзидан базўр қутулаётган эдик. Нима, бизда истироҳат боғи бўлмаганми? Унда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”да Хуросон (ҳозирги Афғонистон)да арғувонзор боғлар барпо этганини қандай  тушунайлик? Ахир, арғувон мевали дарахт эмас-ку!

Тилшуносликда ҳаётда мутлақо бўлмаган нарса кириб келса, ўз номи билан юритилиши қонунияти бор. Лекин бизда маданият ва истироҳат боғларига ўхшаш боғлар аввалги замонларда ҳам бўлган.

“САДКАБУЗ” – НИМА?

Узоқ йиллар пойтахтнинг Сергели ҳудудида кўпқаватли уйлардан иборат мавзесида яшаганман. Каллайи саҳарлаб атроф қишлоқлардан аёллар сут олиб келади. Лекин фақат: 

Молоко! Молоко! – деб бақиради. Маҳаллада ўзбекчани тушунмайдиганлар сони 10 фойизга ҳам бормайди ўзи. Ўшаларга ҳам икки-уч  марта: “Сут! Сут!” – деб бақирсангиз, бу “молоко” эканини тушуниб қолади-ку. 

Чошгоҳроққа бориб, кўчада бир эшак арава пайдо бўлади. Унинг ҳайдовчиси:

– Садкабуз! Садкабуз!, – деб бақиради. Бу қайси тилда, нима маънога эга – унинг ўзидан бошқа ҳеч ким тушунмайди. Тушиб, ўзидан сўрадим. 

“Ширин тарвуз”, – демоқчиман”, – деди. Демак, у ўзича:“Сладкий арбуз!” – деб бақирган. Лекин, назаримда, умрида бирор марта бу икки сўзнинг русчада қандай ёзилишини кўзлари билан кўрмаган-ов.

ЎЗБЕКЧА ГАПИРИБ БЎЛМАЙДИМИ?

Буларга ҳам базўр чидайсан. Бир туппа-тузук ўзбек зиёлисининг ҳовлисига меҳмонга бордик. Бир чеккада бойланган ити бизни кўриб, вовуллади. Соҳиби хонадон унга: 

– Тихо! Свои люди-же! – деди русчалаб.

– Бу итингизни қачондан бери боқасиз? – деб сўрадим журналистик қизиқувчанлигим тутиб.

– Икки ҳафталигида олиб келганман, – деди.

– Ие, унда нимага унга русча гапирасиз? – дедим яна.

– Ахир, рус овчаркаси-ку бу! – деса бўладими?! Нима, рус овчаркаси ҳам русча тушунадими? Унга ўзбекча гапириб бўлмайдими?

“ПОЛЬНЫЙ БАК”ДЕБ, ЎЗБЕКЧАЛАБ АЙТМАЙСИЗМИ, ДОДА?!”

Фуқароларимиз онг-тафаккурини рус тилининг қаттиқ босими тарк этганича йўқ. Пойтахт кўчаларида соф ўзбекча гапирсангиз, Худо ҳақи, сизни ҳеч ким тушунмайдиган даражага бориб қолинган. Энг ёмони, буни унча сезмай ҳам боряпмиз. Таксига ўтириб: “Қардошлик қабристонидан чапга буриламиз”, десам, ҳайдовчи менга: “Дода, ўзбекчалаб тушунтиринг, қаердан бурилишим керак?” деб сўрайди. “Братская могиладан”, десам: “Шундоқ демайсизми?”  дейди. “Ҳўв анави белгидан қайрилиб оламиз”, десам, яна бақраяди. Кейин унга: “Ҳа, айтганча, разворот қиламиз”, дейман “ўзбекчалаб”. Ёқилғи қуйиш шохобчасида зинҳор-базинҳор: “Тўлдириб қуйинг”, деманг. Худо ҳаққи, тушунишмайди. “Ўзбекчаси”га: “Польный бак”, денг, ишингиз осонгина битади-қўяди. Шунақа ва яна шунақа.

МИНГАН МАШИНАНГИЗНИНГ НОМИ НИМА МАЪНОНИ АНГЛАТАДИ?

Адашмасам, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ ёзувчиси Саид Аҳмад: “Хўрозқанд хорижники деса, ётиб олиб, ялайди одамларимиз”, дегандай бир гап ёзган эди. Лекин бу импорт товарларга қизиқишнинг зўрлиги ҳақидагина айтилган эди. 

Бугун хорижга ихлоснинг тармоқлари жуда кенгайиб кетди. 

1996 йилдан буён ўзимизда автомобиль ишлаб чиқарилади. “Тико”, “Матиз”, “Спарк”, “Дамас”, “Нексия”, “Ласетти”, “Каптива”, “Малибу” ва бошқалар. “Спарк”нинг “Чақмоқ”, “Нексия”нинг  “Қалдирғоч”эканини ундан-бундан эшитган жойим бор. 

Лекин шундай  бепарво халқмизки, миниб юрган машинамизнинг номи қандай маъно англатиши билан ҳеч ҳам қизиқмаймиз.

ИНДАМАСАНГ, БОШИНГГА ЧИҚИБ ОЛИШАДИ!

“Индамасанг, бошингга чиқиб олишади”, деган иборамиз бор. Тилга бепарволигимиз ҳаддан ошгандан-ошиб бораётир. Индамаганимиз учун бошимизга чиқиб олишяпти.

Мана, Тошкентимизнинг кўчаларида юрсангиз, Европага бориб қолгандай бўласиз. Ҳамма ёқда русча, инглизча яна алламбалоча номлар. Кеча бир оғайнимизнинг уйига бориш учун “Смайл” магазинидан бурилдик. Нима бу? “Исмоил”ми? 

“Корзинка” магазинлар тизимига ўрганиб ҳам қолдик. Шуни “Сават” деса, асакаси кетармиди? Мана, бир доно киши янги очилган магазинлар тизимига ўзбекча “Ҳавас” деб ном қўйди? Қандай яхши! Қандай чиройли! Номининг ўзи кишига қандайдир эзгу қувват тарқатиб тургандек. Осмон келиб ерга қапишмабди-ку! Бинойидек савдоси юришяпти шуларнинг ҳам. Қандини уришсин!

Бир неча йил олдин Мирзо Улуғбек номидаги маданият ва истироҳат боғига “Central Park” номи берилди (бу “Марказий боғ” дегани), индамадик, Миллий боғнинг бир қисмида ташкил этилган истироҳат масканига эса “Magic City” деган ном қўйилди, индамадик. Демак, айб ўзимизда.

“Ғафур Ғулом номидаги Dream Park”бирикмасидаги охирги икки инглизча сўз “Орзулар боғи”маъносини англатар экан. 

Келинг, сиёсатни қўя турайлик-да, масалага амалий жиҳатдан ёндашайлик. Хўш, бу боққа кўпроқ ўзбеклар кирадими ёки инглизларми? Қай бири муҳимроқ? Оқилона йўл тутиб, инглизча аралаштирмасак, бўлмайдими?

Бу – биринчидан. 

Иккинчидан, бу боққа Ғафур Ғулом номи берилган, унинг кираверишига академик шоирнинг ҳайкали ҳам ўрнатилган. Шундай экан, иккинчи номга нима ҳожат бор? 

Тўғри, Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғи 2019 йили  “BMP Smart Decision Private Limited” эгаси ўзбекистонлик бўлган хориж компаниясига 49 йилга ижарага берилган. Компания боғни тўлиқ қайта таъмирлади (реконструкция қилди). Шу йилнинг 24 октябрь куни Чилонзор тумани ҳокимлиги таъмирлаш ва қайта жиҳозлаш ишлари якунланганини маълум қилди. Бу ҳам яхши.

Лекин...

ШАРТНОМА ШАРТ ТАЛАБ ҚИЛАДИ

 

1998 йили Германияга журналистик сафарга борганман. Бир корхона сотилса, 5 йилгача ўша эски ишлаб чиқаришини давом эттириш шарт қилиб қўйилар экан. Чунки таппа-тайёр маҳсулот чиқариб турган корхона бирдан бошқа соҳага ихтисослашса, бозорда мувозанат бузилади-да.

Шунинг учун олди-сотди шартномаси тузилаётганда бу қатъий шарт сифатида  ёзилади. Шу шартга кўнгангина корхонани сотиб олади ва бу шартга қатъий амал қилади. Акс ҳолда, жазоланади.

ҚАТЪИЙ ХУЛОСА

Ўзбекистонда ўзбек тили – давлат тили. Бу Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг 4-моддасида қатъий қилиб белгиланган. Шу асосда қонун ҳам қабул қилинган.

Демак, шундай тартиб ўрнатайликки, мамлакатимиз ҳудудидаги корхона, ташкилот, маданият ва истироҳат боғи ва бошқаларни сотиб олган, ижарага олган хорижлик юридик ёхуд жисмоний шахс уларни ўзбекча номлашни қонунан бўйнига олсин.

Давлатимиз мустақил бўлган. Лекин энди руҳимизни мустақил қилишимиз керак!

Султонмурод ОЛИМ,

филология фанлари номзоди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими