Мустақиллик – барча байрамларнинг улуғи.
Одамлар руҳиятидаги кўтаринкилик, жўшқинликни кўриб, Истиқлол аталмиш неъматни, унинг инсон ҳаётида тутадиган ўрни беқиёслигини яна бир бор дил-дилдан ҳис этасиз. Бу йўлда курашиб ўтганлар, бугун бор куч-ғайрати, билим, тажрибасини юрт равнақи йўлида сарфлаётганлар номи тилга олинади, уларга ҳурмат кўрсатилади.
Бугунги газеталарда ана шундай юксак эътироф, байрам руҳи акс этиб тургани ўқувчини хушнуд этади...
«Халқ сўзи» газетасининг варақлаб туриб, беназир шоира Ҳалима Худойбердиеванинг «Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор» деган деган армонли сатрлари яна бир бор ёдга тушади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўрт нафар ватандошимизга Ватанимиз номини жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини ошириш, турмушимиз фаровонлигини таъминлаш борасидаги катта хизматлари учун «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонини бериш тўғрисида»ги фармони билан бирга «Мамлакатимизда маданият ва санъат, адабиёт, оммавий ахборот воситалари соҳаларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган бир гуруҳ марҳум ижодкорларни мукофотлаш тўғрисида» ва «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, адабиёт, маданият, санъат соҳалари ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонлари ҳар қандай ўқувчини тўлқинлантириб юборади.
Газетадан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Халқаро кулолчилик форуми ва кулолчилик маҳсулотлари кўргазма-савдосини ўтказиш тўғрисида» ҳамда «Қўшилган қиймат солиғи маъмуриятчилигини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорлари ҳам ўрин олган.
“Hurriyat”нинг бугунги сонида яқинлашиб келаётган катта байрам руҳи сезилиб туради. Газетани варақлаб, давлатимиз раҳбари томонидан энг юксак мукофотларга сазовор бўлган ватандошларимиз номларини билиб олиш мумкин. «Ифтихор» рукнидан берилган «Ёруғ манзилларга маёқ», «Президент сайлови: ёш сайловчилар фаол» каби мақолалар ўз салмоғи ва мавзу долзарблиги билан ўқувчи эътиборини ўзига тортади. Газета Бош муҳаррири Абдурасул Жумақуловнинг таниқли шоир, «Маънавий ҳаёт» журнали Бош муҳаррири Эшқобил Шукур билан қилган «Энг катта бахтсизлик ватан туйғусидан мосуво бўлишдир» номли суҳбати Ватан ва ундан бенасиблик ҳақидаким, газетхонларни бефарқ қолдирмайди. Умид Бекмуҳаммаднинг «Мадрасалар қамоқхонага айланган замон» мақоласи қатағон қурбонларининг аччиқ қисматига бағишланади. Шоир Ўроз Ҳайдарнинг «Кўз тикаман қалбинг харитасига» туркум шеърлари самимийлиги билан ўқувчига яхши таассурот қолдиради. «Мушоҳада» рукнида берилган «Китобхонликни амалдорлар кабинетидан бошласа...» мақоласи бугун жамиятнинг муҳим муаммоларидан бири – китоб ўқиш, руҳиятни бойитиш масаласига бағишланади.
“Maърифат» газетаси мустақиллик байрамига уланиб кетадиган яна бир байрам – янги ўқув йили муносабати билан қатор қизиқарли мақолалар эълон қилган. «Яқин хориждаги ўзбекларим», «Илмий мактаблар – физика фани тараққиётининг асоси», «Янги қўлланма билан янгича очиқ дарслар», «Саодат сандиғи», «Мен сув ичган булоқ» каби мақолалар бугунги таълим ва унинг атрофидаги масалаларга бағишлангани билан эътиборни тортади...
«Ёшлар овози» – «Молодеж Узбекистана» газетаси том маънода янги авлод ёшлари ҳаёти, ютуқ ва муаммоларига бағишланганки, унда ёшларимиз билиши шарт бўлган зарур манба, тавсиялар етарли...
Хуллас, жамиятдаги асл ҳолат газеталаримизда ўз аксини топиб бормоқда. Кунлик матбуотни кузатиб борсангиз, бунга ўзингиз ҳам иқрор бўласиз...
А.Нарзуллоев, ЎзА