Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Бугунги ёш авлод кўрганларимизни тасаввур ҳам қилолмайди”
09:56 / 2023-05-09

Бу Навоий вилояти, Қизилтепа туманида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Рашида ая Ишқулованинг сўзлари. Момо ҳар дуосида Яратгандан юрт тинчлигини сўрайди.

Бир гуруҳ мутасаддилар 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Президент табриги, 18 миллион сўм пул маблағи ва эсдалик совғаларини топшириш мақсадида Рашида ая Ишқулова хонадонида бўлди. Суҳбат чоғида олис ва яқин хотиралар ёдга олинди. Эсламоқ оғир, аммо эсламаслик ундан-да оғир. Хотиралар жонланади.

Рашида Ишқулова Россия Федерацияси, Бошқирдистон АССР Стерлитамак шаҳарчасида туғилган. Унинг ёшлик йиллари иккинчи жаҳон уруши даврига тўғри келди. Москвада ҳарбий ҳамширалик курсида тайёргарликдан ўтиб, госпиталда иш бошлаган.  

– 1943 йилда мен ишлаётган госпитал дала госпиталига айлантирилиб, фронт чизиғига кўчирилди, – дея хотирлайди онахон. – Москва, Киев, Минск ва Варшава шаҳарларини душмандан озод қилишда иштирок этдим. Берлинда ғалабани кутиб олганман. Ҳар кунимизда ўлим билан дуч келардик. Душман томонидан бомбардимон қилинган, ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган жанг майдонларидан ярадор аскарларни судраб, кези келса елкалаб олиб чиқар эдик.  

Қонли кунлар хотираларини эслаш нақадар оғир. Буни онахоннинг кўзларидаги мунгдан, қалтираётган қадоқ қўллардан англаш қийин эмас. 1945 йилда онахон жонажон шаҳрига – она Ватанига қайтиб келди. Кейинчалик унинг ҳаёт йўли Ўзбекистон билан боғланди. 1946 йилда Бухорога келди ва вилоят касалхонасида ҳамшира бўлиб ишлай бошлади. 1947 йилда эса Ғиждувон туманига кўчиб келди ва шу ерда бахтини топди. Шавкат ака Ишқулов билан турмуш қуриб, 4 нафар фарзандни тарбиялаб элга қўшди. Кейинчалик Қизилтепа туман марказий шифохонасида 45 йил ишлаб пенсияга чиқди. Онахон дуо қилар экан, бугунги дориламон кунларга яна бир бор шукроналик келтирди.  

Абдували Бўриев, ЎзА