Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугунги тракторларни бошқариш махсус малака талаб қилади
15:11 / 2022-02-23

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Қашқадарё вилояти бошқармаси ҳамда Қашқадарё вилояти касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида пресс-тур ташкил этилди.

Унда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Қарши туманидаги 2-сонли касб-ҳунар мактабида тракторчи-машинист касби бўйича мутахассислар тайёрлаш курслари ва яратилган шароитлар ҳақида маълумот берилди.

Айни пайтда мазкур ўқув масканида тракторчи-машинист касби бўйича 27 нафар тингловчи сабоқ олмоқда.

Шунингдек, иштирокчилар “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармасининг техник ҳолати ва агротехник тадбирларни назорат қилиш бўлими инспекторларига ўқувчилар томонидан назарий ва амалий имтиҳонлар топшириши, имтиҳон натижаларига кўра, тракторчи-машинист гувоҳномаси берилиши билан ҳам яқиндан танишди.

Вилоятда тракторчи-механизатор мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашган 16 та касб-ҳунар мактаби ва 1 та нодавлат ўқув маскани фаолият юритмоқда. Айни пайтда мактабларда 560 тингловчи соҳани чуқур ўрганмоқда.

[gallery-5867]

– Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокама этилиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган вазифалар белгилангач, “Ўзагроинспекция”нинг Қашқадарё вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан назорат тадбирлари ўтказилди, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг Қашқадарё вилоят бошқармаси техника ҳолати ва агротехник тадбирларни назорат қилиш бўлими бошлиғи Алишер Ачилов. 

– Айтиш керакки, бугунги тракторлар аввалгидек бир ҳафта юрса, икки ҳафта таъмирланмайди, аксарияти замонавий. Механизатор бошқаришига қулай, фермер учун харажати кам. Бундай тракторлар техникани тушунадиган, уни бошқаришни биладиган ва бунинг учун ҳуқуқи бор кишига берилмоқда. Хусусан, ўтган йил давомида вилоят бўйича жами 11 минг 46 та техникага техник паспорт, 18 минг 57 та техник гувоҳнома, механизаторларга 5 минг 627 та тракторчи-машинист гувоҳномаси янги ID карта шаклида берилди.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА