English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугунги тарбиячи замон ва давр билан ҳамнафас бўлиши лозим
11:45 / 2022-09-02

Бола ўсган сайин оламни англай бошлайди, ўзича турли хатти-ҳаракатларга қўл уради. Биз катталар эса унинг қизиқувчанлигини чегаралаб, ички дунёсини ўзимизга мослашга ҳаракат қиламиз. Мутахассисларнинг фикрига кўра, боланинг ҳар қандай хархашаси унинг ривожланишидаги тўсиқларга бўлган норозилигидир.

3 ёшгача бола ўзини ота-онаси билан бутун деб ҳис қилган бўлса, кейинчалик “мен”и шаклланади. Ўзи қадам ташлаб юради, мустақил овқатланади, ҳаракатланади. Ўз билганидан қолмаётган фарзандингизнинг ҳаётида янги палла бошланади. Таҳлилларга кўра, болаларнинг келажакда қандай инсон бўлиб вояга етиши айнан шу даврга боғлиқ.

Мактабгача таълим соҳаси узлуксиз таълим тизимининг бирламчи бўғини ҳисобланиб, у ҳар томонлама соғлом ва баркамол бола шахсини тарбиялаш ва мактабга тайёрлашда ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Қашқадарё вилояти Ғузор тумани Мактабгача таълим бўлими раҳбари Шаҳло Болтаева ЎзА мухбирига соҳада амалга оширилаётган ўзгаришлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими хусусида қуйидагиларни сўзлаб берди.

– Маълумки, ўтган йиллар давомида ўтказилган таҳлиллар мактабгача таълим соҳасида олиб борилаётган ишларнинг самараси ва натижаси етарли даражада эмаслигини кўрсатган, – дейди Шаҳло Болтаева. – Мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базаси замонавий талабга жавоб бермаган. Тизимда вариатив дастурлар жорий этилмаган. Болаларни мактабга тайёрлаш бўйича муқобил, мослашувчан моделлар етарли даражада ривожланмаган. Шунингдек, тараққий этган мамлакатлар сингари ижтимоий, шахсий, ҳиссий, нутқий, математик, жисмоний ва ижодий ривожлантириш, атроф-муҳит билан танишувга йўналтирилган махсус давлат таълим дастурлари татбиқ қилинмаган.

Ўсиб келаётган ёш авлодни муайян мақсад йўлида ҳар томонлама камол топтириш, унинг онги, дунёқараши, эътиқодини ўстириш, хулқ-атворини таркиб топтириш мактабгача таълимнинг долзарб муаммоларидандир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, самарали давлат бошқаруви тизимини яратиш, мактабгача таълим муассасалари давлат ва нодавлат тармоғини кенгайтириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, мактабгача таълим муассасаларига болаларни қамраб олишни кескин ошириш, таълим-тарбия жараёнларига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш орқали болаларни ҳар томонлама интеллектуал, маънавий-эстетик, жисмоний ривожлантириш ҳамда уларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш мақсадида бир қатор қарор ва фармонлар қабул қилинди.

Ҳудудларда туман мактабгача таълим бўлимлари ташкил этилди ва барча давлат мактабгача таълим ташкилотларининг моддий-техника ҳолати қайта хатловдан ўтказилди. Янгидан бино қуриш капитал реконструкция, капитал таъмирлаш ишлари олиб бориладиган давлат мактабгача таълим муассасаларининг манзилли “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Ғузор туманида 2022 йилда жами 818 нафар педагог ходимлар тарбияланувчиларга таълим-тарбия бериб келишмоқда. Ушбу педагог ходимларнинг 424 нафари олий маълумотга эга, 394 нафари ўрта-махсус маълумотли ходимлар. Шунингдек, олий маълумотли педагог кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Қарши давлат унверситети ўртасида Педагог кадрларни иш билан таъминлаш тўғрисидаги меморандум имзоланди ва ёш педагог кадрлар иш билан таъминланди.

Туманимизда давлатимиз раҳбарининг 5 ташаббус лойиҳаси бўйича тадбирлар ташкил этилмоқда. “Ёз ўтмоқда соз” мавзуси доирасида семинар-тренинглар ташкил этилди. Йил давомида Мактабгача таълим ташкилотларида “Зумратойлар даврасида”, “Қизиқарли математика” тўгараклари ўз фаолиятини олиб бормоқда. Шу билан бирга барча ДМТТларда “Устоз ва шогирд” анъанаси бўйича ишлар яхши йўлга қўйилди.

Бизга маълумки, тарбиячи – бу нафақат касб, балки йиллар давомида ишлаб чиқилган имиж. Ҳақиқий педагог йиллар давомида ўз обрўси учун меҳнат қилади, доимо ўзгариб, такомиллашиб боради. Фарзандларимизнинг тарбиясини қайси педагогга ишониб топшириш мумкинлигини тушуниш жуда муҳим.

Аммо айрим мактабгача таълим ташкилотларида тарбиячилар орасида болага қўпол муомалада бўлиш ҳолатларини кўриш мумкин. Тарбияланувчилар дилини хира қилиш, ота-оналари билан муомала маданиятига мос бўлмаслик ҳолатлари учраб туради. Натижада боланинг “боғчага бормайман”, “боғча опам ёмон” каби хархашалари кўп учрайди.

Яхши тарбиячи ҳар бир болага нисбатан уддабурон, профессионал ва индивидуал ёндашувда сабрли, ўзгаришларга мослашиш қобилияти борлиги билан ажралиб туради. Ҳозирги мавжуд замонавий шароитлар илгаригисидан фарқланади. Таълим тизимида янги вазифалар пайдо бўляпти. Бу эса ходимдан имижини ўзгартиришни талаб этади. Бунда ходимнинг педагогик маҳорати қўл келади.

Хўш, педагогик маҳорат нима ўзи? У ҳаммада ҳам борми? Албатта, маҳоратни ҳаммада шакллантириш мумкин. Бунинг учун авваламбор сабр-бардош, қунт билан ўқиш, ўз устида ишлаш, болаларнинг руҳиятини, уларнинг ривожланиш хусусиятларини чуқур ўрганиб, таҳлил қила олиш ва энг асосийси уларга меҳр бера олиш зарур. Бу педагог-тарбиячининг ўзида мужассам бўлмоғи лозим.

Мактабгача таълим муассасалари даргоҳига бола севиниб-қувониб кириши, тарбиячини ўзининг энг яқин одами сифатида қабул қилиши учун мавжуд имкониятлардан фойдаланиш зарур. Бола онаси ёки бувиси (отаси ёки бобоси)дан эшитмаган “алла”ни, эртак, ҳикоя, топишмоқ, тез айтиш, қўшиқ ёки ашулани тарбиячидан ҳам эшитмаса ёки ўрганмаса, унда бизнинг олиб бораётган саъй-ҳаракатимиз фойдасиз. Қайта-қайта гапириш жоиз бўлсада, бугунги тарбиячи замон ва давр талаби билан ҳамнафас, ҳар бир янгиликни илғаб оладиган, иш жараёнига татбиқ эта оладиган бўлиши зарур ва шартдир.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА