Қишлоқ хўжалигида паррандачилик етакчи тармоқлардан бири саналади. Парранда гўшти пархезбоплиги ва тезпишарлиги билан ажралиб туради.
Паррандалар нафақат гўшти, тухуми балки пати учун ҳам боқилади. Энг муҳим ва эътиборли томони шундаки, паррандаларни сақлаш учун иншоотларни тайёрлаш оддий ва камчиқимдир.
Паррандалар қўлбола катакларда ёки ерда боқилади. Улар асосан қуруқ аралаш емлар билан озиқлантирилади. Ўзбекистон шароитида 1 товуқ боқиш учун 1 йилда ўртача 50 кг аралаш ем керак бўлади.
Таҳлилчиларнинг фикрича, бугунги кунда жаҳоннинг етакчи давлатларида паррандачиликка катта эътибор қаратилмоқда. Чунки айнан паррандачилик аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланишида асосий аҳамият касб этиб, қишлоқларда одамларнинг иш билан банд бўлишига ҳисса қўшмоқда.
Хўш, мамлакатимизда аҳолини арзон ва сифатли паррандачилик маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги қандай?
Соҳада амалга оширилаётган ишлар хусусида “Паррандасаноат” уюшмаси раиси ўринбосари Баҳодир Алихонов қуйидагиларни маълум қилди.
– “Паррандасаноат” уюшмаси республикада паррандачилик соҳасини ривожлантириб, аҳолининг сифатли ва арзон паррандачилик маҳсулотлари билан таъминлаш чораларини кўради. Шунингдек, паррандачилик корхоналарининг манфаатларини ҳимоя қилади.
Маълумот учун, бугунги кунда республикамизда 1 минг 300 дан ортиқ турли мулкчилик шаклидаги тухум, гўшт ва парранда наслчилиги йўналишидаги паррандачилик корхоналари мавжуд. Ушбу корхоналар томонидан жорий йилнинг 8 ойида тухум ишлаб чиқариш 5,05 миллиард донани ташкил этди.
Ҳозирги кунда республикадаги жами наслли паррандалар сони 2 миллион 133 минг бошни, шундан тухум йўналишида 241,9 минг бошни, гўшт йўналишида 1 миллион 892 минг бошни ташкил этмоқда.
2022 йил январь-август ойларида тухум йўналишидаги наслчилик хўжаликларида 29 миллион дона, гўшт йўналишидаги наслчилик хўжаликларида 182 миллион дона инкубацион тухум ишлаб чиқарилди.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, паррандачилик корхоналарига реализация қилган маҳсулотлари учун субсидиялар ажратилмоқда.
Бугунги кунга қадар жами 387 та паррандачилик корхонасига 221,1 миллиард сўм, шундан парранда гўшти етиштирувчи 230 та корхонага 67,5 минг тонна учун 165,8 миллиард сўм, 157 та тухум ишлаб чиқарувчи корхонага 1,1 миллиард дона тухум учун 55,61 миллиард сўм маблағ берилди. Импорт қилинган 1,1 миллион бош наслли жўжаларга жами 10 миллиард 899 миллион сўм субсидия маблағлари ажратилди.
Яратилган имтиёзлар натижасида 359,7 минг тонна (тирик вазнда, йиллик прогнозга нисбатан 60 фоиз) парранда гўшти ишлаб чиқаришга эришилди.
Йил якунига бориб аҳоли жон бошига тухум ишлаб чиқариш 234 донага (меъёр 208 дона) ёки 111,5 фоизга, гўшт ишлаб чиқариш 12,1 килограммга (меъёр 14,8 килограмм) ёки 81,8 фоизга етказилиши кутилмоқда.
Маълумотларга кўра, жаҳонда гўшт махсулотлари орасида етиштириш ва истеъмоли бўйича парранда гўшти иккинчи ўринда туради. Истеъмол қилинаётган гўштнинг 34 фоизи парранда гўшти ҳиссасига тўғри келади. АҚШда эса парранда гўшти истеъмоли ўтган асрнинг 70 йилларидан бошлаб биринчи ўринга чиқиб олди.
Йилдан - йилга жаҳонда парранда гўштига талаб ошмоқда. Шу сабабли ҳам парранда гўштининг хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА