Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугунги кунда таълим тизимидаги ислоҳотлар
14:50 / 2022-02-28

Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб таълим-тарбия тизимини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, фарзандларимизнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашлари, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук инсонлар бўлиб вояга етишларини таъминлаш, уларнинг қобилият ва истеъдоди, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ёшларимиз қалбида она юртга садоқат ва фидойилик туйғуларини камол топтириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Сўнгги 5 йил ичида олий таълим тизимида ҳам кўплаб янгиликлар ва ислоҳотлар натижасида тизимда ижобий ўзгаришлар бўляпти.

Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6108-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш борасида бир қатор вазифалар белгиланган. Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади дея бежиз айтилмади. Бугун Янги Ўзбекистон ҳаётининг барча соҳалари чуқур ислоҳотлар майдонига айланган. Бу жараёнда ижтимоий соҳанинг асоси ҳисобланган таълим тизимидаги ўзгаришлар ҳақида тўлқинланиб сўзламасликнинг иложи йўқ. Мамлакатимизда сўнгги йилларда таълим тизимининг барча босқичларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш бўйича амалий ишлар ҳал қилувчи босқичга кирди. Президентимиз таъкидлаганидек: «Ҳаммамизга аёнки, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу — илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ».

Бугунги кун талаби таълим сифатини ошириш, рақамли технологиялар ва таълим платформаларини жорий этиш, ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, инновацион тузилмаларни шакллантириш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш, халқаро эътирофга эришиш ҳамда бошқа кўплаб аниқ йўналишлардан иборат. Буларнинг барчаси таълим жараёнини янги сифат босқичига кўтариш учун хизмат қилади. Ўзбекистонда таълим тизимини тубдан ўзгартириш, уни халқаро стандартларга интеграциялаш, меҳнат бозори талабига мос малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда Учинчи Ренессанс ғоясини рўёбга чиқарадиган янги авлодни вояга етказиш мақсадида катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимиз таълим тизими ривожига, айниқса, унинг дунё стандартлари даражасига чиқишига тўсиқ бўлаётган омиллар ҳам йўқ эмас. Бу кечиктириб бўлмайдиган жиддий масалалар нималардан иборат ва уларни ечиш йўллари қандай? Давлат таълим стандартларининг ЮНEСКО томонидан қабул қилинган халқаро таълим классификацияси стандартига мос келиши зарурати билан боғлиқ. Ваҳоланки, бу халқаро стандартда таълим соҳасининг барча босқичларига оид меъёрлар аслида қандай бўлиши, қай тарзда бўлса, юқори натижаларга эришиш мумкинлиги аниқ белгилаб берилган. Бизнинг таълим тизимимизда бу меъёрлар кўзда тутилмаган. Ҳолбуки, жаҳон тажрибасига кўра, миллий таълим стандартлари ўз ижтимоий, иқтисодий ва маданий хусусиятларига эга бўлган давлатлар тажрибасига эмас, балки халқаро таълим классификацияси стандартига асосланиши зарур. Шунда жаҳон стандартлари талабларига жавоб бера оладиган юқори малакали, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш имкони ошади. Дунёнинг ривожланган давлатлари қатори Ўзбекистонда ҳам йигирма йилдан ортиқ вақт мобайнида — то ўтган асрнинг охирларигача 1976 йилда ишлаб чиқилган халқаро таълим классификацияси стандартидан фойдаланиб келинди. Бироқ дунё таълим тизимига киритилган кейинги янгиликлар натижасида ушбу асосий концептуал ҳужжат икки марта янгиланди. Халқаро стандартга асосан ҳар бир таълим даражаси учун таълим дастурлари ва уларга мос равишда малака талаблари ишлаб чиқилиши таълим сифатининг ошишига асос бўлади. Таълим тизимини даражаларга ажратиш эса унинг узлуксизлиги ва кетма-кетлигини таъминлайди. Бу тушунча ва тамойиллар халқаро таълим классификациясининг асосий вазифаларидан биридир. Ўтган йилларда халқ таълими соҳасини ривожлантириш, ўқитувчи нуфузини ошириш, ўсиб келаётган авлодни интеллектуал салоҳиятли, замонавий билимларга эга қилиб тарбиялаш, билим бериш, умумтаълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга қаратилган бир қанча Президент фармонлари ва қарорлари қабул қилинди. Уларнинг барчаси босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилиб, амалий натижаларга эришилмоқда.

        Расулова Маҳбуба,
Тошкент давлат юридик университети
Хорижий тиллар кафедраси ўқитувчиси