Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугунги кунда 120 минг талабага турар жой етишмайди
16:21 / 2022-09-09

Бугунги кунда олий таълими муассасалари сони 2016 йилдаги 77 тадан 177 тага етган. Талабалар контингенти эса 200 мингдан 1 млн.га етиб, 5 бараварга ошган. Ҳозирда 113 та давлат олийгоҳининг биргина кундузги таълим шаклида илгариги 80-100 минг талаба ўрнига 500 мингдан ортиқ талаба ўқияпти.

Ушбу рақамлар Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг «Талабаларни турар жой билан таъминлаш, ижара ва тўлов-контракт масалалари юзасидан олиб борилаётган ишлар таҳлилига бағишланган матбуот анжуманида келтириб ўтилди.

– Айтиш жоизки, айнан шундай катта ўзгаришлар натижасида халқимизнинг хоҳиш-иродасига мувофиқ, ёшларимизнинг олий таълим олиш билан боғлиқ эҳтиёжи ижобий ҳал этилди, – деди вазир Абдуқодир Тошқулов. – Бундай ўсиш кўрсаткичлари талабаларнинг ётоқхонага бўлган эҳтиёжини ҳам бир неча баробарга ошириб юборди. Айни пайтда олий ўқув юртларининг 92 тасида ётоқхона қуввати 91 451 ўринни ташкил этади.

Янги ўқув йилида 211,1 минг талаба турар жойга эҳтиёжи борлигини маълум қилди. Бугунги кунда 120 минг талабага турар жой етишмайди. Лекин барча, ҳатто ижарада туришга имкони бор талабалар ҳам нисбатан арзон ва қулай бўлган ётоқхоналарга жойлашишни истайди.

Вазир айни дамда вазирлик ҳамда ҳар бир олий ўқув юртида талабаларни ётоқхоналар ва ижара уйларига жойлаштиришга кўмаклашувчи махсус штаблар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, кунлик жараён назорат қилиб борилаётганини таъкидлади.

Талабалар ётоқхонаси асосан кимларга берилади?

Матбуот анжуманида ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган масалага ҳам тўхталиб ўтилди. Олий таълим муассасаларида, жумладан, Ўзбекистон Миллий университетида 1943 та, Тошкент давлат техника университетида 672 та бўш ўрин мавжуд бўлиб, комиссиялар томонидан аризаларни қабул қилиш белгиланган мезонлар асосида кўриб чиқилаётгани айтилди.

– Бунда энг аввало, чин етим, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, «Темир дафтари»га киритилган, биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногиронлари, сурункали касаллик билан даволанадиган, хориждан келиб ўқиётган, оиласида 2 ёки ундан ортиқ фарзанди контрактда ўқиётган ҳамда 1-курс талабаларига устуворлик бериш тартибига қатъий риоя қилинади, – деди А.Тошқулов.

Давлат раҳбарининг алоҳида қарорига кўра, 2022-2025 йиллар давомида қўшимча 100 минг ўринли ётоқхона қурилиши белгиланди ва бунинг учун қарийб 5 трлн. маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Сўнги 5 йилда ётоқ ўринлари сони қарийб икки бараварга ошди, талабалар турар жойлари қуввати 91,4 минг ўринга ва ётоқхоналар сони 257 тага етказилди.

Талабалар контингентининг кескин ўсиб бориши шароитида янги ётоқхоналарнинг қурилиши ва ишга туширилиши ҳам муаммони тўлиқ ҳал этмайди. Масъуллар томонидан давлат раҳбари қарори билан ижара уйларида яшашига тўғри келадиган талабаларга ижара тўловининг 50 фоизини тўлаб бериш тартиби жорий этилгани ҳақида маълумот берилди.

Вазирлик томонидан электрон платформа яратилиб, унга ҳар бир ҳудуд бўйича ижара уйларининг маълумотлар базаси шакллантирилганлиги, ижара уйларининг манзили, нархи, уй эгасининг телефон рақами кабилар жойлаштирилгани, тюторлар зиммасига талаба учун ижара уйи топиш мажбурияти юклангани ҳам уларни ўйлаб қилинган чоралардир.

Фуқароларнинг уй-жойларини талабаларга ижарага беришдан олинган даромадларига солиқ солинмайди

Ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ўзига, шу жумладан, ота-онасига тегишли бўлмаган уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг 60 фоизига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланган. Шу мақсадда давлат олий таълим муассасалари талабаларига ижара тўловлари учун 2022 йилда 120,4 млрд. сўм маблағ ажратилган ҳамда ушбу ажратилган маблағлар ҳисобидан жорий йилнинг январь-июль ойларида 23 585 нафар талабага 15,6 млрд. сўм маблағ тўлаб берилган.

Муаммоларни ечиш учун Солиқ кодексига тегишли ўзгартириш киритилиб, 2022 йил 1 январдан фуқароларнинг уй-жойларини талабаларга ижарага беришдан олинган даромадларига солиқ солинмаслиги белгилаб қўйилди.

Матбуот анжуманида журналист ва блогерларнинг саволларига батафсил жавоблар берилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА