Айни совуқ кунларда барчамиз иссиқ уйда, иссиқ хоналарда ишлаётган бир вақтда кўп квартирали уйлар ҳудудида бошқарув сервис компаниялари 24/7 иш тартибида ишламоқда.
Эрта тонгдан кўп қаватли уйлар атрофи қордан тозаланиб, аҳоли кайфиятига таъсир кўрсатувчи омилларнинг олдини олиш ҳамда улар томонидан билдирилаётган муаммоларни жойида бартараф этиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилди.
Эътиборлиси, совуқ об-ҳаво шароитида тизим фаолиятини самарали ташкил қилиш, талофатларни тезкорлик билан бартараф этиш ва турли салбий вазиятларнинг олдини олиш мақсадида барча ҳудудларда тезкор ишчи гуруҳлар шакллантирилган.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда ҳокимликлар вакилларидан иборат навбатчилик гуруҳлари ташкил этилиб, аҳоли томонидан билдирилаётган муаммолар жойида бартараф этилмоқда.
Қишнинг совуқ мавсуми айниқса, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида кузатилмоқда. Шу боис, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш, вазиятдан беталофат чиқиш ҳамда аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида ҳозиргача кўп квартирали уйларнинг 48 минг 457 та кириш йўлаклари қордан тозаланди. Шунингдек, жами 92 541 метр квадрат майдонга қум-туз аралашмаси сепилди. Кўп квартирали уйларнинг туташ ҳудудида қор ёғиши натижаси синган манзарали ва мевали дарахтларнинг 347 таси тартибга келтирилди. Ушбу ишларни амалга оширишда 3 мингга яқин ишчи ходим, 300 дан ортиқ техника жалб қилинди.
Барча бошқарув ташкилотлари ушбу синовли кунларни беталофат ўтказиш учун зарур бўлган моддий техника базасига эга. Айни вақтда Ўзбекистонда мавжуд 800 дан ортиқ бошқарув ташкилотларининг авария-диспетчерлик хизматлари кечаю кундуз фаолият юритмоқда.
Хусусан, Тошкент вилояти бўйлаб куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўришни жадаллаштириш мақсадида ҳудудларда аҳолининг мавжуд муаммоларини ўрганиш ҳамда уларни ўз вақтида бартараф этишга қаратилган махсус штаб фаолияти йўлга қўйилган.
Штаб Миллий гвардия қўмондони назорати остида фаолият кўрсатади. Унга вилоят ИИБ, ФВБ ва ижро ҳокимлигининг соҳага оид мутасадди раҳбарлари жалб этилган.
– Бугунги кунда Тошкент тумани, “Озодлик” маҳалласидаги 30 та кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатмоқдамиз, – дейди Тошкент тумани “Обод таъмир хизмат” бошқарув сервис компанияси раҳбари Нуриддин Қурбонов. – Барча БСКлар томонидан кўп қаватли уйлар кириш йўлакларига туз ва қум аралашмаси сепилиб, қордан тозаланмоқда. Мурожаатчи ярим тунда қўнғироқ қилса ҳам, тонг отишини кутмасдан, ўша заҳоти авария ҳолатини бартараф этамиз. Мақсад аҳолини рози қилиш.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Тошкент вилоятда жами 4 минг 976 та кўп квартирали уйлар мавжуд. Ушбу уйлар 162 минг 959 хонадондан иборат. Айни вақтда мазкур уйларга 90 га яқин бошқарув сервис компаниялари ҳамда 10 та мулкдорлар ширкат хизмат кўрсатмоқда.
Бир сўз билан айтганда, бугунги қаҳратон совуқда инсонларнинг оғирини енгил қилиб, 24 соат меҳнат қилаётган бошқарув сервис компаниялари ходимлари чин маънода бугунги кун қаҳрамонларидир.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА