Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугунги ҳаракат – эртанги барака
08:34 / 2022-03-16

Бухоро вилоятдаги 2 минг 932 та фермер хўжалиги тасарруфидаги жами 60 минг 600 гектар майдонда “Старшина”, “Алексеевич”, “Гром” каби сараланган навлар билан бир қаторда “Первица”, “Антонина”, “Краснодар-99”, “Аср”, “Васса” каби навлар синовдан ўтказилмоқда.

Ўтган йили бошоқли доннинг 22 минг 800 гектардан зиёди пахтадан бўшаган майдонларнинг қатор ораларига экилди. Жорий йилги мавсумда ҳам “оқ олтин” қаторлари орасида етиштирилаётган буғдой гектари анча салмоқдор. Вилоятда давлат раҳбари ташаббуси билан дон етиштиришнинг кластер усулига ўтказилгани ерга, мулкка эгалик ҳиссини, ғаллакорларнинг моддий манфаатдорлигини янада оширди. Вилоятда 12 минг гектар ерда 9 та ғаллачилик кластери ташкил этилди. Уларга 3,8 минг гектар ер тўғридан-тўғри ажратилган ва 8,1 минг гектар ғалла майдони мавжуд 508 та фермер хўжалигига бириктириб берилган.

Бухоро вилояти ҳокимининг тегишли қарори билан ҳудуд табиий иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда кузги бошоқли дон экинларини экиш ва парваришлаш бўйича зарур агротехник тадбирлар юзасидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган.

Туманлар кесимида таҳлил қилинганда, “Ғалла-2022” мавсумида Жондор туманида 6 минг 714 гектар, Қоровулбозор туманидаги “Янги ҳаёт” сув истеъмолчилари уюшмаси тасарруфидаги фермер хўжаликлари билан қўшиб ҳисоблаганда, Вобкент туманида 6 минг 210 гектар, Шофиркон туманида 6 минг 154 гектар, Ромитан туманида 5 минг 980 гектар, Қоракўл туманида 5 минг 626 гектар, Қоровулбозорда 5 минг 525 гектарда сара буғдой етиштириш, баракали хирмон бунёд этиш чоралари кўрилмоқда.

Қизғин давом эттирилаётган ғалла парваришида вилоятдаги “WBM Romitex”, “Bahor Chance textile”, “BCT Clusster”, “Oltin boshoq Buxoro”, “Agro clusster real tex Buxoro”, “Buxoro Agroсlusster”, “Parvoz xumo ravnaq trans”, “Бухоро Зарҳал текс”, “Яккатут – пахтачилик, ғаллачилик ва уруғчилик кластери” каби таъминотчи кластерлари корхоналари томонидан ялпи талаб этилган 14 минг тоннага яқин махсус тайёрланган уруғлик фермер хўжаликлари экин ерига экиб, ундирилган. Айни шу кеча-кундузда буғдой майсасининг туплаш фазасидаги ривожланиши таъминланмоқда. Худди шундай, ғаллачиликка ихтисослашган ҳар бир фермер хўжалигида тупроқ унумдорлигини ошириш мақсадида ҳар гектарига 50 килограммдан калий, 200 килограммдан фосфорли ва азотли, яна бошқа зарур минерал ўғит етказилиб, ялпи ғаллазорларнинг гектарига 4 тоннадан ошириб маҳаллий ўғит киритилиб, “шарбат”лаб суғорилмоқда.

– Шу кеча-кундузда вилоят туманларидаги 50 минг гектардан зиёд контурда ғалла майсаси туплаш – “панжалаш” фазасида парваришланмоқда, – дейди вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Самандар Эргашев. – Ўғит жамғариш ва ташишга ҳар бир туманда қирқтадан ортиқ махсус отряд ташкил қилинган. Машина-трактор парклари техника ва механизмлари сафарбар қилингани ўз самарасини бермоқда. Мақсад, ҳар гектар ҳосилдорлигини 70 центнерга етказиш, ўрим-йиғим даврида вилоят ялпи хирмонини 500 минг тоннадан оширишдир.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, пуркаш ишлари ўтказилаётганда ҳаво очиқ бўлиши керак. Ҳарорат 18-25 градус атрофида ва намлик 65 фоиздан кам бўлмаган миқдорда кўзланган натижага эришилади. Ёғингарчилик эҳтимоли бўлганда пуркаш ишларини камида 4 соат олдин якунлаш ёки ёмғир тугашини кутиб, ўсимликлар қуригандан сўнг амалга ошириш зарур.

– Шуни ҳисобга олган ҳолда фермерларнинг илиқ об-ҳаводан унумли фойдаланиб, суспензия ишларини кечиктирмай амалга ошириши назорат қилиб борилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси бошлиғи Вали Нарзиев. – Жумладан, пуркагичларнинг ишга чиқмаслик сабаби аниқланганда, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига нисбатан огоҳлантириш чоралари кўрилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги Қишлоқ хўжалиги бошқармаси мутасаддилари билан олиб борилган ўрганишларда айни кунда Пешку, Ромитан, Ғиждувон, Когон, Қоракўл туманларида ғалла парвариши қониқарли ва 95 фоиз майсалар туплаш фазасида меъёрида ривожланмоқда.

Қоровулбозор туманидан бошқа ҳудудларда экин ерлари турли даражада шўрлангани боис қиш мавсумида бу экин ерларида “шўр ювиш” тадбирларига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Бунда ғалла майдонларини маҳаллий ўғит киритиб, қишки чилла сувига қондиришнинг афзалликларини бугун ҳар бир фермер ўз фаолиятида кўрмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА