Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугунги газеталарни варақлаганда...
11:49 / 2021-12-21

Бугунги газеталарни варақлаб, мутолаа қила туриб, мамлакат бўйлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар кўламини аниқ тасаввур қилгандек бўласиз.

«Янги Ўзбекистон» газетаси куннинг муҳим масалаларини кенгроқ ёритгани билан эътиборни тортади. Давлат раҳбарининг «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ишларини кучайтириш, балиқчилик тармоғини қўллаб-қувватлашни кенгайтиришга бағишланган йиғилиш тафсилотлари билан танишасиз. Шунингдек, «Юксак масъулият ва ижро интизоми – иш самарадорлигининг муҳим омили»,«2022 йил – «Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ўзаро алмашинувлар йили», Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган «Икки эшик орасидаги салмоқли умр» саҳифалари ва бугунги кун нафаси уфуриб турган бир қанча хабар, мақолаларни ҳам мароқ билан ўқийсиз.

«Халқ сўзи«да ҳам бир қатор муҳим ва долзарб мақолалар берилган. Давлат раҳбарининг 20 декабрь куни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бу борадаги ишларнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида балиқчилик соҳасини ривожлантириш ва кооперация асосида балиқ етиштириш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказган йиғилиши тафсилотлари газетхон эътиборини тортади. Шунингдек, газета орқали Президентнинг «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан ҳам танишиш мумкин. «Халқ сўзи» саҳифаларидан ўрин олган яна бир қатор мақолалар ҳам ўқувчи эътиборидан четда қолмайди.

“Ishonch”одатдагидек – ранг-баранг материалларга бой. «Маошлар ошган, аммо товон пуличи?», «Иллатнинг илдизи қаерда?» каби мақолаларда берилган саволлар аниқ жавоб талаб қилади. «Янги йил байрамида неча кун дам оламиз?» номли кичик маълумотда эса кўпчиликни қизиқтирган саволларга жавоб бор. Газетанинг салмоқли қисмини эгаллаб турган «Янги Ўзбекистон – янги имкониятлар» саҳифасида «Менинг Президентим» ижодий ишлар танловининг ҳудудий босқичи беллашувлари ҳақида сўз юритилади. Есимхон Қаноатовнинг Қорақалпоғистондан тайёрлаган «Кўҳна қалъалар қабристонга айланмасин!» мақоласини ҳам ички бир оғриқ билан мутолаа қиласиз.

«Инсон ва қонун»нинг биринчи саҳифасидан ўрин олган «Янги йилда ҳам сиз билан биргамиз!» саҳифаси эътиборни тортади. Унда турли соҳа вакилларининг газета билан ҳамкорлиги ва бу каби ўзаро яқинлик янги йилда ҳам давом этажаги ҳақидаким, бу ўқувчини бефарқ қолдирмаслик билан бирга газета жамоасига ҳам қўшимча масъулият юклайди. «Қонунчиликда аёлларга қандай имтиёзлар бор?» саҳифаси, Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Бировга ёқадими-ёқмайдими, оммавий ахборот воситалари менга ёқади. Нимага? Улар ҳам замон билан бирга, Ўзбекистон билан бирга ўзгармоқда. 

Улар ҳам замонга муносиб бўлиб, адолат нуқтаи назаридан мақолалар чиқараяпти...» фикрлари асосида тайёрланган «Бугуннинг гапи» саҳифасини ўқувчи қизиқиб ўқийди. «Келажагимиз тақдири нима бўлади?»,«Ким ҳақ?», «Янги йил қаерда қандай кутиб олинади?» каби мақолалар ва атоқли адиб Шукур Холмирзаевнинг ярим асрлар бурун ёзган «Қорбобо келади» номли ҳикоясини ҳам мароқ билан ўқийсиз.

Бугунги газеталарни мутолаа қилинг. Унда ўтаётган кунимизнинг овозини, истиқлол ва ислоҳотлар нафасини ҳис этасиз. 

А.Нарзуллоев, ЎзА