French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугунги газеталарни мутолаа қилинг...
11:56 / 2021-09-21

Кундалик газеталарни кузата туриб дунё, мамлакат ва минтақада рўй бераётган турфа янгиликларнинг гувоҳи бўламиз.

Бугунги кун ўзгариш, воқеа-ҳодисалари таҳлилига бағишланган мақолаларни ўқиш жараёнида биз ҳам ушбу жараёнларнинг жонли бир иштирокчиси, аъзоси эканлигимизни ҳис этиб борамиз...

«Янги Ўзбекистон» газетаси бугунги сонида мамлакатимиз ва минтақа сиёсий жараёнларига алоҳида эътибор қаратган. Газетадан давлат раҳбарининг «Ислом тараққиёт банки ва опек халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида «Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ўрин олган. Ўзбекистон – Россия муносабатларига оид таҳлилий  мақола, Экология партиясидан Президентликка номзод Нарзулло Обломуродовнинг  сайлов олди дастури ва унга овоз беришнинг етти сабаби, Қулман Очилнинг "Президент сайлови – келажакка комил ишонч билан” мақоласи ҳам бугунги куннинг муҳим тадбири бўлмиш сайловлар ҳақида... Ўроз Ҳайдарнинг «Қуёш фарзанди», Абдулҳай Собировнинг «Тилимиз нуфузи ва мавқеини мустаҳкамлаш йўлида» мақолалари ижтимоий ҳаёт ва тилимиз билан боғлиқ масалалар хусусидалиги билан газетхон эътиборида бўлади.

"Халқ сўзи"даги ҳар бир мақола, хабар, муносабат замирида бугунги кун  руҳи сезилиб туради. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қозоғистоннинг биринчи Президенти билан телефон орқали мулоқоти, Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ бош ассамблеясининг 76-сессияси ишида иштирок этиши, давлат раҳбарининг таълим, маданият ва тиббиёт соҳаларидаги бунёдкорлик лойиҳалари тақдимоти билан танишуви ҳақидаги хабар, маълумотлар кун янгиликларидандир. Бундан ташқари, «Ўзбекистон – Россия муносабатларининг ривожланиш истиқболлари» мақоласи икки дўст давлатнинг кўп томонлама муносабатларининг янги босқичи ҳақидаким, эътиборни тортади. Айниқса, Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод Нарзулло Обломуродовнинг «Биз келажак учун жавобгармиз!» Экология –  нафақат бугунги ҳаётимиз, балки эртанги кунимиз, фарзандларимиз келажагига дахлдор масала» мақоласи сайловчиларни Президентликка номзоднинг мақсад – ниятлари билан яқиндан таништиришга хизмат қилади.

 «Ишонч» газетаси одатдагидек, ранг-баранг ва мазмундор. Газетадан ўрин олган «Ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш йўлидан» номли мақоласида Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси делегациясининг Тошкент шаҳрига ташрифи, Қозоғистон ва Ўзбекистон касаба уюшма марказлари ўртасидаги манфаатли ҳамкорлик ҳақида сўз юритилади.  Сиёсатшунос, «Дўстлик» ордени соҳибаси Ҳадича Атамованинг «Бу кунлар шукуҳи» мақоласи бугунги «Ишонч»нинг юзи бўлибди, дейиш мумкин. Унда бир ватандошимизнинг бугунги кунлардаги ўзгаришларга холисона нуқтаи назари ўз ифодасини топганки, самимий ва очиқлиги билан ҳар қандай кишини ўзига жалб қилади. Газетадан ўрин олган «Ечимини кутаётган муаммолар», «Асоссиз қарздорлик... Унга ким барҳам беради?», «Ажнабий атамалардан қачон қутуламиз?» каби мақолалар бугун ён-атрофимизда юз бераётган камчилик, масъулиятсизлик ҳақидаким, ўқувчини бефарқ қолдирмай, мушоҳада юритишга чорлайди.

«Инсон ва қонун»нинг бу галги сонида ўқувчилар эътиборини тортадиган мақолалар анчагина. Газетанинг биринчи саҳифасидан ўрин олган «Электр энергиясида муаммо борми?» мақоласида кўпчиликни қизиқтирадиган саволларга жавоб бор. Табиийки, яна эски касаллик – ҳаво совиши билан электр тармоқлари панд бера бошламасмикан, деган ҳадик газетхонларни ушбу мақола билан яхшилаб танишиб чиқишига ундайди. «Эртанги кунимиз – сайловчилар қабул қиладиган қарорга боғлиқ» мақолада эртага сиз ва биз қабул қиладиган қарор қанчалар муҳимлиги ҳақида сўз юритилади. «Қонунга зид ҳоким қарори бекор қилинди» номли мақола ҳам газетхонни бефарқ қолдирмайди. 

Ҳокимбобонинг ҳам қарорлари бекор бўлиши мумкинмикан, деган андиша билан Сурхондарёдаги бир қизиқ воқеадан воқиф бўлишингиз мумкин. «Бедарак кетган отага суднинг сўнгги қарори ўқилди», «Товламачининг тавбаси тан олинмади», «Етим қўзи асрасанг, оғзи-бурнинг мой бўлар, етим бола асрасанг, оғзи-бурнинг қон бўлар..»ми?! каби мақолалар инсон табиатидаги салбий иллатлар ва бу иллатнинг жамиятдаги айрим кўринишлари ҳақидаким, ўқувчи албатта ибрат олгусидир. Газета саҳифаларида ҳуқуқий масалаларга оид яна бир қатор хабар, ахборот, савол-жавоблар ҳам ўрин олганки, газетхон қизиқиб ўқиб чиқади.

Бугунги газеталарни мутолаа қилинг. Унда ўтаётган кунимизнинг овозини, ислоҳотлар нафасини ҳис этасиз.  

                                                                                               А.Нарзуллоев, ЎзА