French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугунги Англия таълим тизими қандай кўринишда?
12:54 / 2023-12-12

Маълумки, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги қатор умумтаълим мактаблари директорлари Буюк Британия таълим тизими ва мактаб директорлари иш фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида мазкур давлатда сафарда бўлди.

Ўқитувчилар Англия мактаблари фаолияти, ўқувчилари ҳаётига оид сафар таассуротлари билан ўртоқлашди.  

Тошкент шаҳар Юнусобод туман 5-сонли умумтаълим мактаби директори Наргиза Хидоятова:    

— Буюк Британия таълим тизими узоқ йиллар давомида такомиллаштирилиб, бугунги кунда энг юқори сифатли стандартларга жавоб берадиган дунёнинг энг яхши тизими ҳисобланади. Англия таълим тизими Миллий таълим дастурига асосланган бўлиб, у икки қисмдан иборат: мажбурий ва ихтиёрий танланган фанлардир. Эътиборли жиҳати, юқори синф ўқувчилари дарсларда компьютер технологияларидан мукаммал даражада фойдаланиб, барча вазифа-тақдимотларни технологиялардан фойдаланган ҳолда бажаришади. Дарслик адабиётлар ҳам электрон кўринишда. Табиий фанлар амалиёт билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, ҳар бир мактаб ҳудудида кичик иссиқхоналар мавжуд ва у ерда ўқувчи ёшлар ўзлари етиштираётган ўсимлик дунёсини ўрганади.  

Мактабларда драма ва профессионал спорт клублари ҳам бор. Улар ўқувчиларда бирдамлик ва соғлом рақобат ҳиссини янада ривожлантиради. Айниқса,  ўқитувчи ва ўқувчиларнинг бир-бирларига ўзаро юксак ҳурмат ва ишончда бўлиши эътиборимни тортди. Бунинг асосий сабаби дарсдан ташқари вақтларда ўқитувчи ва ўқувчиларнинг норасмий мулоқотда бўлиши, биргаликда кўп вақт ўтказишларида экан.

Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани 52-сонли умумтаълим мактаби директори Калжан Айимбетова:  

— Англия мактаблари мени ҳар жиҳатдан ҳайратлантирди. Айниқса, ўқувчиларга академик билим беришдан ташқари, уларнинг ижодкорлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилар экан. Масалан, биз борган мактабда алоҳида театр саҳнаси ташкил этилган бўлиб, у ерда ўқувчилар турли саҳна кўринишлари яратишади ва бу орқали санъатга иштиёқи бўлган болаларнинг истеъдоди мактаб давриданоқ шакллантирилиб борилади. Юқори синф ўқувчиларининг биздаги танлов фанларига ўхшаб бирон аниқ йўналишни танлашларида маҳаллий бизнес талабларига қаттиқ эътибор берилади. Мактабларда инклюзив таълим учун алоҳида шароитлар яратилган.  

Фарғона шаҳридаги 2-айрим фанлар чуқур ўрганиладиган умумтаълим мактаби директори Нигора Аҳмедова:  

— Англия мактабларида болалар сони оз бўлиб, фақат бир сменада таълим олиб борилади. Шу билан бирга  болалар хавфсизлигига катта эътибор қаратилади. Бундан ташқари, синф раҳбарлари учун кўплаб психологик курслар ташкил этилиб, мунтазам равишда тренинглар ўтказилар экан. Мактабларда  турли миллатларнинг урф-одатини ҳурмат қилиш ўргатилади Болалар ҳар хил миллат вакиллари бўлгани учун бир-бирининг урф-одатларини ўрганишга катта эътибор қаратилади. Шу боисдан ҳам миллий анъаналарни ўрганишади ва ҳурмат қилишади.  

Асосий эътибор ўқувчиларнинг мустақил фикрлашига қаратилади  

Энг қизиқ томони, дарсда ўқитувчи асосан топшириқ беради, ўқувчи гапиради. Янги мавзу ҳақида ҳам ўқувчилар фикри тингланади. Ўқувчилар ўзлари тайёрлаб келган лойиҳаларни намойиш қилиб, лойиҳавий ишлайди. Хатолар бўлса, ўқитувчи тўғрилайди. Асосий эътибор, болаларнинг мустақил фикрига қаратилади. 

Жиззах вилояти Зомин туманидаги 60-умумтаълим мактаби директори Равшан Бойиров:  

— Англия мактабларида ота-оналар учун алоҳида дарс ўтилади. Дарс жараёнида ота-оналарни ўқитишга алоҳида ўқитувчилар жалб этилади. Дарслар ўқувчилар томонидан эркин тарзда  танланади. Шунингдек, мактабда ўқувчини суратга олиш мумкин эмас!  

 

Муҳайё Тошқораева ёзиб олди,  

ЎзА