Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш бўйича спорт синовларини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ҳар йили юртимиз маҳаллаларида, ўқув даргоҳларида, ташкилот ва корхоналарда “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларини тизимли тарзда ўтказиш вазифаси белгиланган.
Мазкур қарор ижросидан келиб чиқиб, жорий йилнинг 21 февраль кунидан умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида "Жисмоний тайёргарлик даражаси" спорт синовларида иштирок этишлари учун рўйхатдан ўтиш жараёнларига старт берилганди.
Спорт вазирлиги маълумотига кўра, спорт синовларида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган мактаб ўқувчилари сони 1 миллион нафардан ошди.
Рўйхатдан ўтган ўқувчилардан жорий йилнинг март ойида умумий ўрта таълим мактабларида ихтиёрий талаблар асосида спорт синовларини қабул қилишга киришилади.
Шу ўринда айтиш лозимки, ўтган йили спорт синовлари тадбирларида қатнашиб, махсус талаблар бўйича ғолиб ва совриндорликка эришган мактаб ўқувчиларининг 31 минг 789 нафари I, II ва III даражали кўкрак нишонлари ҳамда энг юқори натижа кўрсатган 5 минг 129 нафар ёш эсдалик совғалари билан тақдирланганди.
Т.Рўзиев, ЎзА