Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2022-2023 ўқув йили учун 1-синфга қабул жараёнлари давом этмоқда.
Янги ўқув йилида республика умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синфига 700 мингдан ортиқ болаларни қабул қилиш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар 530 минг нафардан ортиқ ўқувчи 1-синфга қабул қилинди.
Ота-оналарга қулайлик яратиш ва қабул жараёнларини тартибли ташкил этиш мақсадида 1-синфга қабул 2 босқичда, яъни 31 июлга қадар маҳаллий ҳокимлик қарорлари билан бириктирилган микроҳудуд доирасида, 1 августдан сўнг эса микроҳудуддан ташқари ҳудудлар бўйича амалга оширилиши белгиланган.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳридаги жами 25 та шаҳар ва туманлардаги 816 та умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул жараёнлари электрон шаклда (my.maktab.uz) қолган ҳудудларда эса белгиланган тартибда анъанавий шаклда яъни бевосита мактабда амалга оширилмоқда.
1-синфга қабул жараёни билан боғлиқ ота-оналарнинг мурожаатларини кўриб чиқиш учун Халқ таълими вазирлигида Call-марказ ташкил этилган ва унга шу кунга қадар 7 мингга яқин мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатлар мутахассислар томонидан ўрганилиб, қисқа муддатларда ҳал этилмоқда.
Ота-оналарга "Таълим тўғрисида"ги қонун талабига мувофиқ, 1-синфга улар 7 ёшга тўладиган йилда қабул қилиниши ҳамда электрон қабул жараёнлари юзасидан саволлари билан Вазирликнинг Сall-маркази 71-203-07-04 га қўнғироқ қилиб, мурожаат этишлари мумкин.
ЎзА