Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугундан Тошкентда тиғиз вақт оралиғида юк машиналарининг ҳаракатланишини чеклаш бошланди
12:53 / 2024-03-01

«Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида барча йўналишлар қаторида энг муҳим масалалардан бири бўлган экология соҳасида ҳам бир қатор мақсад-вазифалар ўз ифодасини топган.

Хусусан, мамлакатимизда чанг бўронларига қарши курашиш ва уларнинг салбий оқибатларини юмшатиш доирасида 2024 йил 1 мартдан бошлаб ҳудудларда чанг бўрони содир бўлаётганда ва атмосфера ҳавосида майда дисперс заррачалари белгиланган нормадан юқори бўлгани аниқланганда аҳолини огоҳлантириш, юрак-қон томир ва нафас йўллари касалликларига чалинган ҳамда соғлиғи ҳавонинг ифлосланишига таъсирчанлиги юқори бўлган бошқа фуқароларни зарур профилактик чоралар тўғрисида доимий хабардор қилиш амалиёти йўлга қўйилиши белгиланган. 

Шунингдек, ўлчами 500 метр квадрат ва ундан ортиқ бўлган қурилиш майдонларида, унга кириб-чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этиш бўйича мажбурий талаблар жорий этилади. 

Бундан ташқари, 2024 йил 1 мартдан бошлаб Тошкент шаҳрида юк ташиш учун мўлжалланган, рухсат этилган тўла вазни 10 тоннадан юқори бўлган N2, N3, О4 тоифага кирувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракати тиғиз вақт оралиқларида тақиқланади. Бунда ушбу чекловлар махсус хизмат, шу жумладан, коммунал хўжалиги, ободонлаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг юк транспорти воситаларига тадбиқ этилмаслиги белгиланган. 

Маълумотларга кўра, ушбу вазифа доирасида пойтахтимизда бугун тиғиз вақт оралиғида (соат 07:00дан 10:00га қадар) рухсат этилган тўла вазни 10 тоннадан ортиқ бўлган юк транспорт воситаларининг ҳайдовчилари билан тушунтириш ишлари олиб борилиб, уларнинг ҳаракатини Тошкент халқа автомобили йўли орқали ташкил этиш бўйича чоралар кўрилмоқда. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА