English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугундан озодалик ойлиги бошланади
15:38 / 2025-10-15

Бугун, 15 октябрдан бошлаб Президент топшириғига кўра бутун республикамизда тозалик ва озодалик ойлиги бошланади.

Гап шундаки, куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган маҳалла тизимини янада такомиллаштириш ва жойларда ишларни самарали ташкил этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида ҳудудларни ободонлаштириш, маҳаллаларнинг озодалигини сақлаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилиб, бу борадаги вазифалар белгилаб берилди.  

Шу ўринда таъкидлаш керакки, кўпгина ҳудудларда чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш, ён-атрофни чиқиндихонага айлантириш, турар жойлар, ижтимоий соҳа объектлари атрофларини ўз вақтида тозаламаслик ҳамда болалар майдончаларининг қаровсиз ётган ҳолатлари тез-тез учрайди. Бунга бир томондан аҳолининг экологик маданияти етарли даражада эмаслиги сабаб бўлса, иккинчи томондан ҳудудларни тозалашга, ободонлаштиришга масъул бўлган жисмоний ва юридик шахслар ўз вазифаларини муносиб даражада бажармаётгани ҳам сабаб бўлмоқда.  

Аслида чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларида қатъий жавобгарлик кўзда тутилган. Қолаверса, бу каби ҳолатлар онлайн кузатув камералари орқали назорат қилиниши йўлга қўйилган.  

Президент раислигидаги видеоселектор йиғилишида ҳам айрим маҳаллалар, кўчалар, қурилишлар атрофи, ариқлар, хиёбонларда озодалик талабларига риоя этилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Шу муносабат билан бутун республикада тозалик ва озодалик ойлиги эълон қилиниши белгиланиб, ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимига, ободонлаштиришга масъул ҳоким ўринбосарларига ва бошқа тегишли мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

Мазкур озодалик ойлиги давомида барча маҳаллалар, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, кўчалар, аҳоли турар жойлари ҳудудларида тозалик ишлари амалга оширилади. Волонтёрлар, ёш экофаоллар иштирокида турли тозалик акциялари, плоггинглар ташкил этилади.  

Шунингдек, ойлик давомида экологик ҳуқуқбузарликларга қарши доимий рейд тадбирлари ҳам амалга оширилади. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан республиканинг барча ҳудудларига ўрнатилган онлайн кузатув камералари назорати янада кучайтирилади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг берган маълумотларига кўра, айни дамда Экология вазирлиги, Бош прокуратура, Миллий гвардия ҳамда Ички ишлар ходимларидан иборат махсус штаблар ташкил қилинмоқда. Бу штаблар томонидан ҳар бир вилоят, туман ва шаҳарларда қатъий экологик назорат ўрнатилади ҳамда жамоатчиликка кундалик маълумотлар бериб борилади.

Экология ва атроф-муҳит мусаффолигига, ўзи ва фарзандлари келажагига  беэътибор бўлмаган ҳар бир инсон мазкур тозалик ойлигида фаол иштирок этиши зарур. Дуч келган жойга чиқиндини улоқтирмасдан белгиланган жойларга ташлашга, ўзи истиқомат қилаётган ҳудуд ободлигига масъулиятли бўлишга интилиши лозим. Зеро, давлат раҳбари таъкидлаганидек, маҳалланинг озодалиги шу ерда яшаётган аҳоли, “маҳалла еттилиги” ва ҳокимнинг “юзи”дир.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА