Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугун жаҳон ҳамжамияти қочқинлар кунини нишонламоқда
19:49 / 2023-06-20

БМТ Бош Ассамблеясининг 2000 йил 4 декабрдаги резолюцияси билан таъсис этилган Қочқинлар куни илк бор 2001 йил ўтказилган.

2001 йил 1951 йилда қабул қилинган Қочқинлар мақоми тўғрисидаги конвенцияга 50 йил тўлди. Мазкур ҳужжатда "қочқин" тушунчасига  аниқлик киритилган, қочоқларнинг ҳуқуқи ва эркинлиги, уларга нисбатан давлатнинг мажбурияти кўрсатилган.

Ҳозир 146 давлат аъзо бўлган ушбу конвенцияда қочқин ирқи, дини, миллати, сиёсий қараши ёки муайян ижтимоий гуруҳга мансублиги сабабли таъқиб қилинишдан асосли қўрқув туфайли мамлакатини тарк этган, қайтишга қодир ёки буни хоҳламайдиган шахс, дейилган. Кўпчилик табиий ёки техноген офат туфайли ҳам қочқинга айланиши мумкин.

Ҳужжатнинг асосий жиҳати қочқинни чиқариб юбориш ёки уни мажбуран қайтаришни тақиқлашдир. Қайд этилишича, “Давлат қочқинни ирқи, дини, миллати, муайян ижтимоий гуруҳга мансублиги ёки сиёсий қараши туфайли ҳаёти ёки эркинлиги таҳдид остида бўлган мамлакат ҳудудига ҳеч қандай ҳолатда чиқариб юбормайди ёки қайтармайди”. Бу ҳукм ўзи жойлашган давлат хавфсизлигига таҳдид солувчи қочқинга ёки ўта оғир жиноят учун судланган шахсга нисбатан қўлланиши мумкин эмас.

20 июня - Всемирный день беженцев - День в истории

Конвенцияга биноан, қочқин чиқариб юборишдан, аҳдлашувчи давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтганлик учун жазодан ҳимояланиши керак. Шунингдек, ёлланиб ишлаши, бошпана билан таъминланиши, таълим олиши, давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватланиши лозим. Қочқиннинг диний эътиқоди, даъво қилиши, эркин ҳаракатланиши, шахсий гувоҳнома олиши бўйича ҳам ҳуқуқи таъминланиши шарт.

XX аср ўрталарида дунё бўйлаб 1,25 миллионга яқин қочқин халқаро ёрдамга муҳтож эди. 1950 йиллар охирига келиб, қочқинлар муаммосининг ўзаги Европадан бошқа қитъаларга, кўпроқ Африкага кўчди. Кейинги ўн йилликларда бу ҳодисанинг географияси сезиларли даражада кенгайиб, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Болқонни қамраб олди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар иши бўйича масъулиятини тан олган ҳолда, Бош Ассамблея 1950 йил БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармасини ташкил этди. Фаолиятини 1951 йил 1 январдан бошлаган мазкур тузилманинг икки асосий вазифаси бўлиб, қочқинларни халқаро ҳимоя билан таъминлаш ва қочқинлар муаммосига барқарор ечимлар излашдан иборат. Умуман, Олий комиссарлик дунёдаги қочқинларни ҳимоя қилиш ваколатига эга ягона халқаро ташкилот ҳисобланади.

Сегодня отмечается Всемирный день беженцев / Новости / Деятельность /  Уполномоченный по правам человека в Липецкой области

Сўнгги ўн йилликда ер юзи бўйлаб халқаро чегаралар орқали аҳоли кўчиши энг юқори даражасига чиқди.

Маълумотга кўра, 2022 йил охирига келиб, уруш, таъқиб, зўравонлик, инсон ҳуқуқи бузилиши ёки табиий офат туфайли жами 108,4 миллион киши уйини тарк этган. Бу аввалги йил кўрсаткичидан 19,1 миллион кишига кўп. Дастлабки ҳисоб-китобга кўра, 2023 йил май ойига келиб, қочқинлар ва ички кўчирилганлар сони, аллақачон, 110 миллион кишини ташкил қилган. Ички миқёсда кўчганларнинг 35,3 миллион нафари хавфсизлик излаб халқаро чегарани кесиб ўтган. 62,5 миллион ёки 58 фоиз киши ўз мамлакатининг бошқа ҳудудига ўтган.

Яна бир факт: кўчганларни паст ва ўрта даромадли мамлакатлар (76 фоиз) бой давлатларга қараганда кўп қабул қилган. Шу билан бирга, барча қочқинларнинг 20 фоизидан ортиғи дунёнинг энг кам ривожланган 46 давлатида яшамоқда.

20 июня - Всемирный день беженцев - День в истории

2015 йилдан кейин Европага келаётган муҳожирлар сони доимий равишда камая бошлаган эди. Масалан, 2021-2022 йиллари Европада ушбу кўрсаткич пандемия сабабли 2020 йилга нисбатан паст даражани намоён қилди. Кейинги йилларда эса чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ҳолати бўйича “ўсиш” кузатилмоқда.

Европа Иттифоқининг “Frontex” чегара агентлиги маълумотига кўра, 2022 йил 330 мингга яқин шундай ҳаракат қайд этилган. Бу 2021 йилга нисбатан 64 фоиз кўп.

Бу борада энг гавжум чизиқ – Ғарбий Болқон йўналиши бўйлаб ЕИ мамлакатларига борган қочоқлар умумий рақамнинг 45 фоиз (145,6 минг)ини ташкил этди. Демак, ўтган йил ноқонуний муҳожирлик миқдори 136 фоиз ошган. Иккинчи йирик йўналиш – Марказий Ўрта ер денгизи орқали ЕИ ҳудудига 102 529 марта ноқонуний ўтиш кузатилган.

Турция сделала бизнес на мигрантах, и это нашествие ей выгодно» - МК

Ноқонуний муҳожирларнинг асосий қисми сурияликлар, афғонлар ва тунисликлардир.

Россия 2022 йил 24 февраль куни Украинада махсус ҳарбий амалиёт бошлади. Натижада жанговар ҳаракат давом этаётган ҳудудлардан одамлар кўчиши кескин ортди.

БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси хабар беришича, 2023 йил 6 июнь ҳолатига кўра, дунёдаги украиналик қочқинлар сони 6,28 миллион кишини ташкил этган, улардан 5,9 миллиони Европа мамлакатларидан бошпана топган.

Афсуски, инсоният иқлим ўзгариши, табиий офат, уруш, очарчилик, зўравонлик, элатлар ўртасидаги келишмовчилик билан боғлиқ  муаммоларни узил-кесил баратараф қила олмаяпти. Қочқин кўпайиши сабаби қидирилганда айнан шу муаммолар кўз ўнгимизда намоён бўлади. Қочқин бир минтақадан иккинчисига ўтаётганда жонини хатарга қўяди, ҳаёти қил устида эканини билади. Афсуски, болалар ва аёллар ушбу “миссия”нинг энг ожиз қурбонларига айланиши эҳтимоли юқори.

Хуллас қочқинлар масаласи инсониятнинг энг оғриқли нуқтасига айланиб, глобал миқёсда,  халқаро ҳамжамият ҳамкорлигида ҳал қилиниши лозим бўлган кескин муаммолигича қолмоқда.

Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА шарҳловчиси