Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугун тунда келармуш баҳор...
16:44 / 2024-02-29

Деразангдан мўралаб аста,

Гул юзингдан бўлиб шикаста,

Узун қишга силтаб қўлини,

Ҳам қалбингдан бошлаб йўлини,

Тўққиз ойки, елармиш баҳор,

Бугун тунда келармиш баҳор...

Рўйи заминга қутлуғ қадамлар ила кириб келаётган фасллар маликаси – сўлим баҳор, аслида – гўзаллик, нафосат, севги ва умидлар фасли ўлароқ қалбимиздан жой олган. Баҳор қалбларимизга, руҳиятимизга янги, тоза бир эпкин, нафас олиб киради. 

Баҳор Ўзбекистонда атоқли шоира, вафо ва садоқат тимсоли – Зулфияхоним Исроилова таваллуд топган кун тимсолида ҳам кириб келади. 

Баҳорнинг илк куни, янгиланиш арафасида туғилиш, бу тақдир инояти.

Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхоним таваллудига бу йил 109 йил тўлади. Зулфияхоним деганда кўз олдимизда турфа чечаклар билан зийнатланган гулзору  гўзал шеъриятининг муаттар бўйлари билан ороланган бир чаманзор намоён бўлади. Ва бу чаманзордан неча замонким таралаётган ифорлар шеър мухлисларини маст қилиб келади. 

Ўзбек адабиёти ХХ асрда ҳар қанча зиддиятли, машаққатли ва мураккаб йўлни босиб ўтган бўлмасин, бир қатор етук ижодкорлар етишиб чиқди. Орадан талай йиллар ўтиб бугун ўша сўз заргарлари яратган асарларнинг янгидан янги қирраларини кашф этиб бормоқдамиз. 

Миллий адабиётимиз тарихи, бугуни ва эртасида аёл қалби, унинг ички кечинмалари, шарқона одоб, миллий ўзига хосликлар –  ўзбек аёли, ўзбек онаси, ўзбек қизи образлари Зулфияхоним шеърларида жуда ёрқин тасвирланган. Зулфияхоним ижоди энг аввало соддалиги, ўйноқилиги, самимийлиги ва дилга яқинлиги билан шеър мухлислари қалбидан жой олган.

Зулфияхоним бугунги ўзбек аёллари, қизлари қалбида чин маънода етук шоира, садоқат ва вафо тимсоли бўлиб яшаб келади. У бундай мартабага ўзининг тинимсиз меҳнати, изланишлари, қолаверса, ибратли ҳаёт  йўли билан эришди, десак, муболаға бўлмас.

Зулфияхоним шеърлар ёзиш билан бирга бадиий таржима билан ҳам жиддий шуғулланган. У чет эл шоирлари ва адиблари асарларини ўз она тилига ўгириб, ўзбек ўқувчиларини ҳам бу асарлардан завқланишига имкон яратган. Хусусан, С.Пушкин, Ю.Лермонтов, Н.А.Некрасов, М.Воқиф, Л.Украинка, М.Дилбозий, С.Капутикян, Мустай Карим, Амрита Притам ва бошқаларнинг асарлари фикримизга ёрқин далилдир.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Зулфияхонимнинг шеърлари ҳам дунёнинг кўплаб тилларига таржима бўлиб, ўзбек шоирасига шон-шуҳрат келтирган. 

Зулфияхонимнинг адабиёт гулшанига қадам қўйишида ҳассос шоир Ҳамид Олимжон муҳим ўрин тутибгина қолмай, ҳаёт йўлида ҳам унга суянчиқ бўлди. У ана шу бахтли йилларида ҳар қандай истеъдод фақат меҳнат туфайли чархланишини, ҳақиқий ижодкор меҳнат интизомига риоя қилиши кераклигини англади. 

Уларнинг муҳаббати худди янги гуллаган бодом гулларидек чиройли ва хушбўй эди. Ҳамид Олимжон ўз ёрига атаб латиф шеърлар битди, Зулфия ҳам бу эътиборга жавобан ҳароратли мисралар ёзди.

Зулфияхонимнинг Ҳамид Олимжон билан кечирган қисқа турмуши, ундан эрта айрилиши, умуман, шоиранинг ҳаёт йўли инсон қалбини жунбушга келтирмай иложи йўқ. Ўша даврда Зулфия ижоди қорли чўққиларда эндигина пайдо бўлаётган кичик жилғани эслатарди. Ҳамид Олимжондек буюк қалбдан ажралиш, айрилиқ уни мўъжаз жилғадан улкан дарёга айлантирди. У тирикликни шараф деб, ўзига шеърият аталмиш мармардан дилбарлик ва доноликнинг боқий ҳайкалини ясаб, ортидан келаётган кейинги авлодларга қолдириб кетишга улгурди. 

Зулфияхонимнинг ибратли ҳаёт йўли, жамиятимизда хотин-қизлар истиқболи йўлида кураши, ёшларга тўғри йўлни кўрсатган талабчан ва меҳрибон устоз сифатида қилган ишлари алоҳида мавзу. Шоира ўзининг бетакрор истеъдоди, Шарқ аёлининг ақл-у закоси, фазл-у камолининг ёрқин ифодаси сифатида халқимизнинг маънавиятини юксалтиришдаги фаол хизматлари учун юксак ҳурмат ва эъзозга сазовор бўлди. 1999 йилда Президентимиз фармони билан юртимизда Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилди. Назаримда, шоира Зулфияга берилган энг юксак баҳо, худди мана шу бўлса керак.

Ҳар йили ўнлаб истеъдодли, изланувчан ва ташаббускор, фаол қизлар  баҳорнинг илк кунларида ушбу юксак мукофот билан тақдирланади. Мукофот совриндорлари нафақат юртимизда, балки жаҳонда бўлиб ўтаётган олимпиада ўйинлари, илм-фан беллашувлари, санъат соҳасида ўтказиладиган турли фестиваллар, спорт мусобақалари ва танловларда иштирок этиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётгани қувонарлидир. 

Бугун юртимизда ҳусну латофати, ақлу камолоти дурдона,  ўз орзу истаклари, изланиш ва интилишлари билан элимиз учун кўп ва хўп ишларни мақсад қилиб бирлаштира олган ғайратли ва истеъдодли қизлар талайгина. 

Ҳар йили баҳорнинг илк куни, пойтахтимиздаги мунис ва меҳнаткаш, ҳаётнинг ҳар қандай сурон ва тўфонлари қаршисида ўзини йўқотмай, сабр-тоқат ва шукроналик билан яшаб ўтган ўзбек шоираси Зулфияхоним ҳайкали қад ростлаган Адиблар хиёбонида кенг жамоатчилик вакиллари, шеърият ихлосмандлари, шоиранинг оила аъзолари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, талаба-ёшлар билан биргаликда Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида тадбир ташкил этилади. 

Тадбирда шоиранинг жўшқин ижодий фаолияти, турли синовларни юксак инсоний фазилатлар билан мардона енгиб ўтган умр йўли, шоирадан қолган ёрқин хотиралар ёдга олинади. 

Халқ меҳри, эл ардоғида бўлиш ҳар қандай ижодкор учун энг катта бахт, энг юксак мукофотдир. Уларни ҳар эслаганимизда юрагимиз тубидаги энг ширин хотиралар қайта жонланади. Зулфияхоним ҳам одамлар қалбига ўз сиймосини, рамзий маънодаги ҳайкалини ўрнатиб кетган улуғ шоира, маърифатпарвар, вафо бобида беназир ўзбек аёли эди. 

Шоира ўз шеърида шундай ёзган эди.

Эъзозлар, ардоқлар учун ташаккур,

Асли Сиз – офтобим, мен зиёсиман.

Тонгларингиз кулсин дориломон, ҳур,

Бахтим шул – Ўзбекнинг Зулфиясиман! 

Зулфия – чин ўзбек қизи, Ўзбекнинг Зулфияси бўлиб қалбларимизда мангу яшайди, муҳаббат ва садоқат куйчиси бўлиб, ишқ торларини чертиб, кўнгиллар тўридан жой эгаллайверади.

 

Мадина Зуфарова, 

“RENAISSANCE” университети талабаси, 

ЎзА