Ватанимиз ўтмишидан ўрин олган 14 апрель билан боғлиқ айрим воқеалар…
Мазкур санада Амир Темур Шимолий Кавказдаги Терек дарёси соҳилига 250 минг қўшинни саф торттириб, тунда қандай қилиб Тўхтамишнинг бир гуруҳ лашкарини жангсиз енганини, Туркистонда суд тизими билан боғлиқ қандай муҳим ўзгариш содир бўлганини, Навоий, Замахшарий билан боғлиқ воқеа-ҳодисалар ва бошқалар баён қилинади.
1144 йил (бундан 880 йил олдин) – тилшунос, адиб, тафсир ва ҳадис олими Замахшарий Хоразмда 69 ёшида вафот этди. Шундан деярли икки юз йил кейин, яъни 1333 йили Хоразмни зиёрат қилган машҳур араб сайёҳи Ибн Баттута ўзининг «Ар-Риҳла» (Саёҳатнома) номли асарида Хоразм (Кўҳна Урганч)нинг ташқарисида Замахшарийнинг устида қуббаси бўлган мақбарасини кўрганлиги ҳақида ёзади.

Замахшарий ҳақида Ибн ал-Қифтий қуйидагича ёзган: “Замахшарий илм ул-адаб, грамматика ва луғат бобида ўзгаларга мисол бўладиган аллома эди. У ўз ҳаёти давомида кўплаб буюк олимлар ва фозиллар билан учрашган бўлиб, тафсир, ҳадис, грамматика ва бошқа соҳалар бўйича бир қанча асарлари бордир. У ўз асрида араб тилида ижод қилган ажамлар (ғайри араблар) орасида энг буюгидир”. Бундан ташқари араб нақлларидан бирида шундай дейилади: “Агар Замахшарий бўлмаганида араблар ўз тилларини билмас эдилар”.
1395 йил (бундан 629 йил олдин) – Амир Темур ўзининг 250 минг атрофидаги қўшинини Шимолий Кавказдаги Терек дарёсининг чап соҳилига ўтказиб, саф торттирди. 15 апрелга ўтар кечаси Тўхтамишнинг бир гуруҳ лашкари тунда ҳамла қилмоқчи бўлди. Лекин чиғатойлар Соҳибқироннинг «Кеча бўлғонда ҳеч киши ўз еридин тебранмагай ва ундашмасунлар ва шабихун [яъни кечаси тўсатдан ҳужум]дан воқиф бўлсунлар, ўт ёқмасунлар!» – деган фармонига амал қилиб, шайланиб ноғора ва карнайларни чалиб турган эдилар, душман яқинлашолмай, қайтиб кетди.
1469 йил (бундан 555 йил олдин) – Алишер Навоий рамазон ҳайити куни ҳукмдор Султон Ҳусайн Бойқаронинг тахтга чиқиши муносабати билан ўтказилган таҳният (шоҳни муборакбод этиш) маросимида илк бор ўзининг машҳур «Ҳилолия» қасидасини тантана иштирокчиларига тақдим этди. Мазкур қасида шоирнинг ниҳоятда теран бадиий тафаккури ва тахайюлининг маҳсули ҳисобланади. Қасида 91 байтдан таркиб топган бўлиб, унинг матлаʼ ва мақтасида янги ой – ҳилолга ишора қилинади.

«Ҳилолия» қасидаси мазмун-моҳияти ва бадииятининг мукаммаллашувини унинг воқеий асар эканлиги ҳам таъмин этган. Қасидадаги воқеалар тўрт асосий образ атрофида айланади: шоир, Аторуд (Меркурий сайёраси, мифологияга кўра, айни юлдуз шоир ва ёзувчилар ҳомийси саналади), улуғ шоирнинг севгилиси ва шаҳаншоҳ Ҳусайн Бойқаролар шулар жумласидандир. «Ҳилолия»нинг етакчи қаҳрамони улуғ шоирнинг ўзидир.
1916 йил (бундан 108 йил олдин) – композитор, Ўзбекистон халқ артисти Сулаймон Юдаков таваллуд топди (вафоти 1990 йил). Унинг асарлари ўзбек ва тожик халқ куйлари ҳамда замонавий оҳанг ва усуллар уйғунлиги, жанр жиҳатидан хилма-хиллиги, ёрқин ва ҳаётбахш куйлари билан ажралиб туради.
1917 йил (бундан 104 йил олдин) – Бухоро амири Саййид Олимхоннинг ислоҳотлар тўғрисидаги фармони бекор қилинди. Ёш бухороликлар амирликда таъқиб остига олинди. Бухоро амири 7 апрелда Бухорода турли ислоҳотлар ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Бироқ, фармонни қувватлаш мақсадида Ёш бухороликлар томонидан пойтахт Бухоро шаҳрида 8 апрелда бўлган намойиш амир томонидан бостирилди.
1923 йил (бундан 101 йил олдин) – Туркистон Олий инқилобий трибунали тугатилиб, унинг ўрнига Олий суднинг Туркистон бўлими ташкил топди. Олий суднинг Туркистон бўлими раиси этиб А.Шарафуддинов сайланди. У бунга қадар Туркистон Олий инқилобий трибунали раиси лавозимида ишлаган эди. Олий суднинг Туркистон бўлими таркиби Президиум, жиноий судлов ва жиноий кассация ҳайъатларидан иборат эди.
1999 йил (бундан 25 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг «Лизинг тўғрисида», «Хотин-қизларга қўшимча имтиёзлар тўғрисида», «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида» Қонунлари қабул қилинди.
2017 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Хоразм Маъмун академиясининг фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
2018 йил (бундан 6 йил олдин) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинади. Фармон билан «республика – вилоят – туман (шаҳар)» уч поғонали принципи бўйича вертикал бошқарувни жорий этган ҳолда туманлар (шаҳарлар)да адлия бўлимлари ташкил этилди.
ЎзА