Бугун соат 16:00 дан бошлаб метан заправкалар фаолиятига вақтинча чеклов жорий этилади
Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабар берди. Унда ёзилишича, мамлакатимиз ҳудудларига совуқ ва нам ҳаво массаларининг кириб келиши натижасида табиий газга бўлган талаб кескин ортган. Бу эса магистрал газ қувурларида босимнинг пасайишига сабаб бўлмоқда.
Мазкур вазиятда, аввало, аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш устувор вазифа ҳисобланади.
Шу муносабат билан 10 март куни соат 16:00 дан бошлаб республикадаги метан заправкалар фаолиятига вақтинча чеклов жорий этилади.
Маълум қилинишича, ушбу чора аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини барқарор газ таъминоти билан таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда. Айни пайтда ижтимоий соҳа объектларига хизмат кўрсатувчи ҳамда жамоат транспорт воситалари учун газ таъминоти чекловларсиз, барқарор тарзда давом эттирилади.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА