Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугун республикамиздаги 6 та туман ташкил этилган кун
18:29 / 2024-02-09

Ватанимиз тарихидаги 9 февраль санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни. 

1441 йил шу кунда улуғ шоир ва олим, буюк мутафаккир ва давлат арбоби, халқимиз маънавияти такомилининг турли босқичларида унинг равнақига улкан ҳисса қўшган сиймо Алишер Навоий таваллуд топди. Замонасида кечган деярли барча сиёсий, ижтимоий, маърифий, маданий жараёнларнинг бевосита иштирокчиси бўлган Алишер Навоийдан улкан адабий, илмий ва маърифий мерос қолди. 

Алишер Навоий ғояларини ҳаёти ва ижодига изчил татбиқ этди, асарларини эски ўзбек, яъни туркий тилда яратиш асносида уни ривожлантиришга улкан ҳисса қўшди, бадиий ижодиётда туркий тилнинг имкониятлари худди форс тилиники сингари битмас-туганмас эканини амалда исботлади. 

1908 йил – Ўрта ва Шарқий Осиёни ўрганиш қўмитаси йиғилишида Самарқанддаги Улуғбек расадхонаси жойлашган ерда қазишмалар олиб бориш ҳақида қарор қабул қилинди. Мазкур қазишма ишларини амалга ошириш Улуғбек расадхонасининг жойини аниқлашдек мураккаб масалани ҳал қилган таниқли археолог Василий Вяткинга топширилди. Археологик қазишмаларни амалга ошириш учун унга 800 рубль маблағ ажратилди. 

Самарқанддаги XV аср меъморчилигининг нодир намуналаридан бири, қўхна астрономик кузатув муассасаси ҳисобланган Улуғбек расадхонаси темурийзода Мирзо Улуғбек фармойиши билан бунёд этилган. Расадхона ўрта асрларда асбоб-ускунаси жиҳатдан ҳам беқиёс бўлган. Мирзо Улуғбекнинг энг йирик астрономик асари “Зижи Кўрагоний” ушбу расадхонада яратилган. 

1935 йил – Жиззах вилоятидаги Фориш, Навоий вилоятидаги Қизилтепа, Самарқанд вилоятидаги Жомбой ва Пахтачи, Сурхондарё вилоятидаги Шўрчи, Тошкент вилоятидаги Чиноз туманлари ташкил этилди. 

1949 йил – Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси, Хоразм достончилик мактабининг йирик вакили Норбек Бахши (асл исм-шарифи Абдулла Қурбонназаров) таваллуд топди. У Озарбайжон бахшилар уюшмаси аъзоси (1989). Норбек Бахши Бола Бахшининг ўғли ва шогирди бўлиб, санъаткорлик сирларини яна Комилжон Отаниёзовдан ўрганган. 

1978 йил – Тошкент Давлат консерваторияси қошидаги ўрта махсус мусиқа мактаби Мухтор Ашрафий номли Тошкент Давлат консерваторияси қошидаги Республика ўрта-махсус мусиқа мактаб-интернатига айлантирилди. Бу мактаб-интернат истеъдодли болалар учун мўлжалланган профессионал ўқув муассасаси бўлиб, ўқувчиларни олий мусиқа ўқув муассасаларига тайёрлади. 

1995 йил  – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Миср Араб Республикаси, Покистон Ислом Республикаси ва Эрон Ислом Республикасида Ўзбекистон Республикаси элчихонасини очиш тўғрисида қарорлари қабул қилинди. 

1996 йил – Фарғонада буюк шоир Алишер Навоий таваллудининг 555 йиллиги муносабати билан унинг ҳайкали очилди. 

Шуҳрат Нематов тайёрлади